Таҳорат: Маҳсига масҳ тортиш (3)

0

Олтинчидан: масҳ муддатининг бошланиши ва ниҳояси

Масҳ муддатининг бошланиши хусусида уламолар икки хил фикр билдиришган.

  1. Маҳсига масҳ тортиш муддати уни кийгандан кейин илк таҳорат бузилиши билан бошланади. Бунга қадар ҳануз унга масҳ тортилмаган бўлишининг аҳамияти йўқ. Шунга кўра, инсон маҳсини кийгандан кейин таҳорати бузилса, таҳорат олиш нияти бўлмаса ҳам муддатни ҳисоблай бошлайди.

  2. Маҳсига масҳ тортиш муддати таҳорат бузилгандан кейин унга масҳ тортиш билан бошланади. Шу рожиҳ – тўғрироқ фикрдир. Жумладан, Имом Нававий ҳам шу фикрни тўғрироқ деган.

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Авзоий ва Абу Саврнинг фикрича, масҳ тортиш муддати таҳорат бузилгандан кейин маҳсига масҳ тортиш билан бошланади. Имом Аҳмад ва Довуд (Зоҳирий)дан нақл қилинган бир ривоятга кўра, уларнинг фикри ҳам шундай бўлган. Қолаверса, бу фикр далили кучли бўлган асосли фикрдир. Уни Ибн Мунзир ихтиёр қилган. Шунга ўхшаш фикр Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ҳам нақл қилинган. Мовардий ва Насоий Ҳасан Басрийдан нақл қилишича, масҳ муддати маҳсини кийгандан бошланади. Улар бунга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Мусофир уч кун масҳ тортади», деган сўзларини далил қилишган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, улар саҳиҳ ҳадислардир. Мазкур ҳадислар мусофир уч кун масҳ тортишини очиқча ифода этади. Ҳолбуки, уч кун бўлиши учун масҳ муддати масҳ тортилган вақтдан ҳисобланиши лозим»[1].

Мазкур фикрни Шайх Ибн Усаймин «Аш-шарҳ ал-мумтеъ»да рожиҳ деб билган.

Масҳ тортиш муддатининг тугашига келсак ёхуд бошқача қилиб айтганда, инсон таҳоратли бўлган ҳолида масҳ тортиш муддати тугаса, таҳорати бузиладими, йўқми?

Бу хусусда бир неча фикрлар бор. Шулар ичидаги энг тўғрироқ фикрга кўра, масҳ қилиш муддати тугаши билан таҳорат бузилмайди. Негаки, таҳорати борлиги аниқ бўлган кишининг таҳорати бузилди, дейиш учун ишончли далил бўлиши керак. Ҳолбуки, масҳ муддатининг тугаши таҳоратни бузиши тўғрисида бирон саҳиҳ далил келмаган. Балки ҳадислар масҳ тортиш муддатининг тугаши то комил таҳорат билан маҳсини қайтадан киймагунча унга масҳ тортиб бўлмаслигига далолат қилади, холос. Шу нуқтага диққат қилинг.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маҳсисининг масҳ тортиш муддати тугаган инсоннинг таҳорати бузилмайди. Бундай кимсанинг айрим аъзоларидан ёки барча аъзоларидан таҳорат кетганлигига далолат қиладиган бирон далил келмаган. Бинобарин, у таҳоратни бузадиган бирон иш қилмагунча намоз ўқийвериши жоиз. Таҳорати бузилгач эса, маҳсиси ва оёғига кийган бошқа ҳар қандай нарсани ечиб, таҳорат олади. Шундан сўнг маҳсига масҳ тортавериши, янги масҳ тортиш муддатини ҳисоблаши жоиз»[2].

Еттинчидан: масҳни ботил қиладиган ишлар:

Маҳсига тортилган масҳ жанобат туфайли ботил бўлади. Сафвон ибн Ассол разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шуни кўрсатади. Унда бундай дейилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни, агар маҳсиларимизни комил таҳорат билан кийган бўлсак, сафарда уч кун, муқимликда бир кеча-кундуз устига масҳ қилишимизга, шунингдек, уларни фақат жанобат сабабли ечишимизга буюрар эдилар»[3].

Баъзи уламолар масҳ тортиш муддатининг тугаши ёки маҳсини ечиш таҳоратни бузади, дейишган. Бироқ буни кўрсатадиган далил келмаган. Дарҳақиқат, бу ҳақда ўтган мавзуларда ҳам сўз юритган эдик[4], валлоҳу аълам.

Эслатма:

Қай бири афзал: маҳсига масҳ тортганми ёки маҳсини ечиб оёқни ювган?

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Афзаллик ҳар кимнинг оёғига қараб маълум бўлади. Маҳси кийган киши унга масҳ тортгани, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларига эргашиб маҳсисини ечмагани афзал бўлса, маҳсисиз киши оёғини ювгани, масҳ тортиш учун атайлаб оёғига маҳси киймагани афзалдир»[5].

Албатта, бу афзаллик жиҳатидан айтилган гап. Бироқ маҳсисиз киши масҳ тортиш учун атайлаб маҳси кийиб олса ва устига масҳ тортса ҳам дуруст бўлаверади[6].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Муқим ҳолатида маҳси кийиб, сўнг сафарга чиқса, мусофирга тегишли муддат давомида масҳ тортиши жоиздир.

  2. Сафарда маҳсига масҳ тортиб юриб, сўнг муқим бўлса, муқимга тегишли муддат тугагунга қадар масҳ тортади. Агар масҳни бошлаганига бир кеча-кундуздан оз вақт ўтган бўлса, муқим учун белгиланган муддат тўлгунча масҳ тортаверади. Борди-ю, масҳ тортишни бошлаганига бир кеча-кундуздан кўп вақт ўтган бўлса, у ҳолда янгидан муқим учун белгиланган муддатда – тўлиқ бир кеча-кундуз масҳ тортади[7].

  3. Маҳсига масҳ тортиш жоиз бўлиши учун совуқдан сақланиш каби уни кийишга эҳтиёж бўлиши шарт қилинмайди, балки ҳеч қандай эҳтиёжсиз кийилган маҳсига ҳам масҳ тортса бўлаверади.

  4. Ҳожат қистаб турган пайтда маҳси кийиб олса, макруҳ бўлмайди. Яъни, таҳоратли одамнинг ҳожати қистаб қолса, ҳожатга чиқса таҳорати бузилиши, натижада комил таҳорат олиб, сўнг маҳси киймагунча унга масҳ торта олмай қолишидан қўрқиб маҳси кийиб олса, мазкур ҳолда кийилган маҳсига масҳ тортиш жоиздир.

  5. Комил таҳорат олгандан кейин бир неча маҳсини ёки пайпоқни устма-уст кийиб олишнинг зарари йўқ. Бу ҳолда энг устки маҳси ёки пайпоққа масҳ тортилади.

  6. Комил таҳорат олгандан кейин маҳси кийса, сўнг таҳорати бузилишидан олдин устидан иккинчи бир маҳсини кийса, юқорида айтиб ўтилгандек, устки маҳсига масҳ тортиш жоиздир.

Бироқ биринчи маҳсини кийгандан кейин таҳорати бузилса, сўнг устидан иккинчи маҳсини кийиб олса, рожиҳ – тўғрироқ фикрга кўра иккинчисига масҳ тортиши дуруст бўлмайди. Чунки уни комил таҳорат билан киймаган, валлоҳу аълам.

  1. Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Оёққа кийиладиган, кийиш ҳалол бўлган ва тўпиқларни ёпадиган ҳар қандай нарсага масҳ тортиш суннатдир. Оёққа кийилган нарса тери ёки кигиздан тикилган маҳси бўлсин, каноп, жун ёки пахтадан тўқилган пайпоқ бўлсин, пайпоқ устига тери қопланган бўлсин ёки бўлмасин, кавуш бўлсин, устма-уст кийилган икки ёки ундан кўпроқ қават маҳси ёки пайпоқ бўлсин, шунингдек, аёллар учун юқорида саналган нарсалар ипакдан тикилган бўлсин – мазкур нарсалар модомики (комил) таҳорат билан кийилган бўлса уларнинг барига масҳ тортиш жоиздир»[8].

Доимий Фатво Қўмитасининг фатвосига кўра, оёқлар кўриниб турадиган шаффоф пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас, валлоҳу аълам[9].

[1] «Ал-мажмуъ», 1/487.
[2] Албоний. «Тамом ан-нусҳ фи аҳком ал-масҳ», 93-бет.
[3] Санади ҳасан. Термизий (96, 3535, 3546), Насоий (1/83, 84), Ибн Можа (478) ривояти.
[4] Эътибор қилинг: масҳ тортиш муддатининг тугаши келгусида маҳсига масҳ тортишни ман қилади, холос. Лекин муддат тугашидан олдин масҳ тортган бўлса, муддатнинг тугаши ундан олдин тортилган масҳга таъсир қилмайди.
[5] «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 33-бет.
[6] Қаранг: Абу Умар Дибён ибн Муҳаммад. «Аҳком ал-масҳ алал-ҳоил», 149-бет.
[7] «Ал-фатово ал-кубро», 5/303.
[8] «Ал-муҳалло», 2/110, 212-масала.
[9] «Доимий Қўмита Фатволари», 5/266, 2/55-сонли фатво. Дувайш тартиби
Дарҳақиқат, мен қўмита фатвосини илмий омонат юзасидан нақл қилдим. Аслида қўмита бундай пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмаслигини кўрсатадиган бирон қониқарли далил келтирмаган. Менинг наздимдаги тўғрироқ фикрга кўра, бундай пайпоқларга ҳам масҳ тортиш жоиздир. Чунки улар юқорида келтирилган ҳадисдаги «тасохин» маъносига киради. Шунингдек, бу фикрни Ибн Ҳазмнинг юқорида келтирилган гапидан ҳам хулоса қилиш мумкин. Нававий «Ал-мажмуъ»да бундай дейди: «Асҳобларимиз (яъни шофеий мазҳаби уламолари) Умар ва Али разияллоҳу анҳумодан нақл қилишларича, гарчи юпқа бўлса-да пайпоққа масҳ тортиш жоиздир».

Изоҳ қолдиринг