Қиёматнинг катта аломатлари: Уч марта ер ютиши

0

Саккизинчи фасл

УЧ МАРТА ЕР ЮТИШИ

Охирзамонда содир бўлишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган катта аломатлардан яна бири уч марта ер ютишидир. Юқорида зикр этилган Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳунинг ҳадиси шунга далолат қилади. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат қойим бўлмайди», дедилар ва жумладан учта ер ютишни: машриқ, мағриб ва Араб Яриморолидаги ер ютишни зикр қилдилар[1].

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Мендан кейин машриқда бир ер ютиш, мағрибда бир ер ютиш, Араб Яриморолида бир ер ютиш содир бўлади». Умму Салама: «Эй Расулуллоҳ, солиҳ кишилар бўлатуриб ҳам ер ютиб кетадими?» деб сўради. «(Ҳа,) қачонки унинг аҳли нопокликни кўпайтириб юборса», дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам[2].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бунгача ҳам талай ер ютишлар содир бўлган. Эҳтимол, мазкур уч бор ер ютиши аввалгилардан кўра кенгроқ кўламда, яъни макон ёки ўлчам жиҳатидан олдингилардан каттароқ ҳажмда бўлиши мумкин»[3].

[1] Муслим (2901), Термизий (2183), Абу Довуд (4311) ва бошқалар ривояти.

[2] Табароний «Ал-авсат»да (4/74) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (8/11) бундай деган: «Табароний «Ал-авсат»да ривоят қилди. Санадида Ҳаким ибн Нофеъ бор. Уни Ибн Маин ишончли деб билган, қолганлар эса заиф санаган. Ҳадис санадидаги бошқа ровийлар ишончлидир».

[3] «Фатҳ ал-Борий», 13/84.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг