Қиёматнинг катта аломатлари: Одамларни тўплайдиган олов (1)

0

Тўққизинчи фасл

ОДАМЛАРНИ ТЎПЛАЙДИГАН ОЛОВ

Қиёматнинг катта аломатларининг энг охиргиси, қиёмат қойим бўлаётганини билдирадиган аломатларнинг эса биринчиси одамларни маҳшаргоҳ сари тўплайдиган оловнинг чиқишидир. Бу ҳақдаги суҳбат бир неча масалаларни ўз ичига олади:

Биринчи масала – оловнинг чиқишига далиллар

Ривоятларда келишича, мазкур олов Яманнинг Адан шаҳридаги чуқурдан чиқади. Бошқа ривоятларда эса у Ҳазрамавт денгизидан чиқиши айтилади. Бу хабарларни баён этадиган ҳадислардан баъзилари қуйидагилардир:

  1. Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилинган, қиёмат аломатлари зикр этилган ҳадис охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Аломатларнинг энг охиргиси Ямандан чиқадиган, одамларни маҳшаргоҳ сари тўплайдиган оловдир»[1]. Бошқа ривоятда эса: «Аданнинг энг чуқур жойидан чиқиб, одамларни ҳайдайдиган оловдир», деганлар[2].

  2. Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунидан аввал Ҳазрамавтдан ёки Ҳазрамавт денгизидан олов чиқиб, одамларни тўплайди»[3].

  3. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Салом мусулмон бўлганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан баъзи масалаларни, жумладан, қиёмат аломатларининг биринчиси қайси экани ҳақида сўради. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат аломатларининг биринчисига келсак, одамларни машриқдан мағрибга тўплайдиган оловдир”, деб жавоб бердилар»[4].

Иккинчи масала – олов чиқадиган жой ҳақида келган зиддиятли ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириш

Мазкур олов қиёматнинг катта аломатларининг энг охиргиси экани айтилган ҳадислар билан унинг бундай аломатларнинг биринчиси экани айтилган ҳадислар ўртасини бундай деб мувофиқлаштириш мумкин: Олов Ҳузайфанинг ҳадисида у билан бир қаторда зикр этилган бошқа аломатларга нисбатан охирги аломат бўлса, ундан сўнг дунё ишларидан ҳеч нарса қолмаслиги жиҳатидан бундай аломатларнинг биринчисидир. Зеро, ушбу аломатлар ниҳоясига етиши билан сур чалинади. Ҳузайфанинг ҳадисида айтилган бошқа аломатлар билан эса бу ҳодиса юз бермайди. Чунки мазкур ҳар бир аломатдан кейин дунё ишларидан баъзи нарсалар ҳануз давом этади[5].

Энди бу оловнинг Ямандан чиқиши айтилган ривоятлар билан одамларни машриқдан мағрибга тўплаши хабар берилган ривоятлар ўртасини мувофиқлаштириш учун қуйидагича жавоблар берилади:

  1. Мазкур ривоятлар орасини мувофиқлаштириш учун айтиш мумкинки, оловнинг Адан шаҳридаги чуқурликдан чиқиши одамларни машриқдан мағрибга тўплашига зид келмайди. Чунки унинг чиқиши Адан қаъридан бошланади, сўнг бутун ер юзи бўйлаб тарқалади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «…одамларни машриқдан мағрибга тўплайдиган…» деган сўзларидан бутун халойиқнинг умумий суратда маҳшаргоҳга йиғилиши назарда тутилган, машриқ ва мағриб томони мисол тариқасида тилга олинган.

  2. Олов тарқала бошлаган пайтда дастлаб машриқда тарқалади ва одамларни машриқ сари йиға бошлайди. Фитналар доимо машриқдан бошланиши ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди. Мағриб манзил қилиб олинишининг боиси Шом диёри машриқ аҳлига нисбатан мағриб саналади.

  3. Анас разияллоҳу анҳунинг ҳадисида зикр этилган «олов» сўзи билан бутун ер бўйлаб ёйилган, даҳшатли ёмонликлар келтириб чиқарган, худди олов каби аланга олган фитналар киноя қилинган бўлиши мумкин. Бу фитналар машриқ томонда бош кўтарган, ҳатто аксар қисмини хароб этганидан сўнг одамлар машриқ тарафдан Шом ва Миср диёрларига келиб, жамлана бошлаган. Бу иккиси ғарб тарафда дея эътиборга олинади. Бундай фитналарга мўғул-татарлар ва бошқалар замонида бир неча бор гувоҳ бўлинган. Ҳузайфа ибн Усайд ва Ибн Умар разияллоҳу анҳум ҳадисларида келган олов эса ҳақиқий оловни англатади, валлоҳу аълам[6].

[1] Муслим (2901), Термизий (2183), Абу Довуд (4311) ва бошқалар ривояти.

[2] Аввалги манба.

[3] Термизий (2217) ва Аҳмад (2/69) ривояти. Имом Аҳмад «Муснад»да (7/133, 5146-ҳадис, Аҳмад Шокир таҳқиқи) ривоят қилиб, ҳадис ҳақида: «Санади саҳиҳ», деган. Термизий: «Бу ҳасан-ғариб-саҳиҳ ҳадис», деган. Албоний ҳам ҳадисни саҳиҳ санаган. Қаранг: «Саҳиҳ ал-жомеъ», 3/203.

[4] Бухорий, 3151.

[5] Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 13/86.

[6] Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 13/86.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг