Эй иймон келтирганлар (6): Рўзанинг фарзлиги ва аҳамияти

0

Эй иймон келтирганлар, тақволи бўлишингиз учун Аллоҳ сизлардан аввал ўтган умматларга фарз қилгани каби сизларга ҳам рўза тутишни фарз қилди” (Бақара, 183).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, сиз кўркамлик, бойлик ё бошқа бирон сифатингиз билан эмас, айнан иймон сифатингиз билан ушбу илоҳий нидога мушарраф бўлиб турибсиз. Бу сиз учун шараф, шараф бўлганда ҳам нақадар олий шараф! Шундай экан, уни жон қулоғингиз билан эшитинг, бор вужудингиз билан яхши англашга ҳаракат қилинг. Улуғ зотлар карвонига қўшилишни истасангиз ўрганган илмингизга амал қилинг. Имом Молик “Муватто”да келтирган ривоятда: “Ким ўрганса, ўрганганига амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, осмонда  улуғ зотлар сафидан ўрин олади”, дейилган.

Мўминларга қаратилган бу нидода Рамазон рўзасининг фарзлиги баён этилди.Рўзада машаққат бор. Кундалик одатга айланган емоқ-ичмоқни тарк қилиш нафсга оғир келади. Шу боис Аллоҳ таоло мўмин бандаларига енгиллик бўлсин учун: “сизлардан аввал ўтган умматларга фарз қилгани каби”, деб, гўё “бу кўпга келган тўй, рўза тутиш ёлғиз сизга эмас, олдин ўтган пайғамбарлар умматига ҳам фарз қилинган”, деди.

Рўза – ният билан субҳ содиқдан то кун ботгунига қадар ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан тийилишдир. Аллоҳ таоло рўза ойини баён қилиб деди: “У кунлар Рамазон ойидирки, бу ойда Аллоҳ таоло Қуръонни нозил қилди, унда Аллоҳнинг ҳидоятига ва ҳақ билан ботил ўртасини ажратишга очиқ-равшан далиллар бор. Сизлардан қай бирингиз ушбу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин” (Бақара, 185).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, деб айтганлар (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига меҳрибонлигидан касал ва мусофир кишиларга Рамазонда рўза тутмасликка рухсат берди. Касал соғайгач, мусофир уйига қайтгач тутмаган кунларининг қазосини тутиб қўяди. Ҳайз ва нифосдаги хотинлар ҳам Рамазонда рўза тутмай, пок бўлгач тутади. Аллоҳ таоло деди: “Бемор ва мусофир кишилар (рўза тутмасликларига рухсат берилади, бироқ, кейин) ўшанча кунлар миқдорича қазосини тутиб берадилар” (Бақара, 184).

Соғайишига умид йўқ бўлган касаллар ва рўза тутишга қийналадиган кексалар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида фидя берадилар.

Рўза энг афзал, ажри кўп ибодатлардан биридир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшидир”, деганлар. Яна: “Ким Рамазон рўзасини иймон-ишонч ва Аллоҳдан савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб айтганлар.

Бунга қўшимча, Шаввол ойида олти кун, Ошуро – яъни Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи куни, Зул-ҳижжа ойининг тўққизинчи куни  , яъни Арафа куни рўза тутишга тарғиб қилганлар: “Ошуро кунининг рўзаси бир йилги гуноҳларга, Арафа кунининг рўзаси эса икки йилги – ўтган ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар. Яна ойдин кечаларнинг кундузларидаги – ҳар ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунидаги рўза ҳақида: “Бу кунларда рўза тутганлар йил мобайнида рўза тутган каби бўлур”, деганлар. Бу рўзалардан ташқари ўзлари ҳар душанба ва пайшанба куни рўза тутар эдилар, саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Ҳурматли ўқувчи,  унутманг, ким рўзадор ҳолида еб-ичса ёки жимоъ қилиб қўйса, рўзаси бузилади. Рўзадор ғийбат ё чақимчилик қилса ёки мўмин биродарини ҳақорат қилса, рўзасининг ажри кетади. Рўзани бузадиган ҳамда ажрини кетказадиган ишлардан ҳазир бўлинг!

Рўзанинг руҳий, ижтимоий ва сиҳҳий (саломатлик жиҳатидан) фойдалари бор.

Руҳга бўлган фойдаларидан: рўза сабрга одатлантиради, нафсни жиловлашни ўргатади ва тақво сифатини пайдо қилади.

Ижтимоий фойдаларидан: рўза умматни тартиб-интизомга, бирликка, адолат ва тенгликни яхши кўришга ундайди, ўзгаларга раҳ-шафқатва эзгулик қилиш малакасини шакллантиради, жамиятни ёмонлик, бузғунчиликдан ҳимоя қилади.

Сиҳат-саломатликка бўлган фойдалари кўпчиликка маълум: ичакларни тозалайди, ошқозон фаолиятини яхшилайди, жисмни ортиқча чиқит ва тузлардан тозалайди. Ортиқча вазн ва кераксиз ёғларни кетказиб, баданни енгиллатади. Заиф ривоятда келган ҳадисда: “Рўза тутинг, саломат бўласиз”, дейилган.

Сўзимизнинг охирида шуни айтамиз: энг муҳими ниятни эсдан чиқарманг. Ният рўзанинг фарзларидан, усиз. рўза дуруст бўлмайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кечасида рўзани ният қилмаган кишининг рўзаси дуруст бўлмайди”. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда эса: “Амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар кимга нимани ният қилган бўлса шу насиб бўлади”, деб айтганлар.

Рамазон ойи кириши билан ойнинг ҳаммасига бирваракай ният қилиб олиш кифоя, фақат касаллик ё сафар сабабли орада рўза тутолмай қолса, рўза тутишни қайта бошлаган кечада ниятини янгилаб қўяди.

Рўзадор унутиб еб-ичиб қўйса, каффорат вожиб бўлмайди. Аммо қасддан еб-ичса ёки жимоъ қилса, ўша куннинг қазоси ва каффорат вожиб бўлади. Каффорат икки ой пайдар-пай рўза тутиш ё олтмишта мискинни тўйдириш ёки қул озод қилишдир. Айрим уламолар каффорат фақат жимоъ қилган кишига вожиб бўлади, еб-ичиб қўйган кишига каффорат йўқ деб айтганлар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг