Қиёматнинг катта аломатлари: Одамларни тўплайдиган олов (2)

0

Учинчи масала – тўпланиш жойи

Бир қанча саҳиҳ ҳадисларда келганидек, охирзамонда одамлар тўпланадиган жой Шом диёридир. Қуйида шундай ҳадислардан айримларини келтирамиз:

  1. Баҳз ибн Ҳаким отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Албатта сизлар пиёда ва уловга минган ҳолингизда тўпланасизлар, анави томон юзтубан судраласизлар” деб, қўллари билан Шом тарафни кўрсатдилар»[1].

  2. Абу Зар разияллоҳу анҳунинг ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шом тўпланиладиган ва ундан қайта чиқариладиган заминдир»[2].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн Уяйна тафсирида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Ким маҳшар анави ерда, яъни Шомда эканидан шубҳаланса, «Ҳашр» сурасининг бошини ўқисин. Ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга (яъни, яҳудийларга): «Чиқинглар», дедилар. «Қаерга?» деб сўрашди. «Маҳшар ерига», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам”»[3].

Шом маҳшаргоҳ бўлишининг сабаби охирзамонда фитналар урчиган пайтда омонлик ва иймон Шомда бўлади. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомга барака тилаб: «Эй Аллоҳ, Шомимизни баракотли қилгин. Эй Аллоҳ, Яманимизни баракотли қилгин», деб дуо қилганлар[4].

Шом диёрининг фазилати айтилган, уни маскан тутишга тарғиб этилган ҳадислар кўп бўлиб, уларни бу ерда келтириш ўринли эмас[5]. Охирзамонда Исо алайҳиссалом Шомга тушиши, мусулмонлар Дажжолга қарши урушиш учун ўша ерда жамланиши, Исо алайҳиссалом уни ўша ерда Луд дарвозаси олдида ўлдириши юқорида баён қилинди. Бунга қўшимча ўлароқ Шом диёри пайғамбарлар ватани ҳамда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (кечаси Маккадан Байтул мақдисга) сайр эттирилган макон эканини айтиш мумкин.

Тўртинчи масала – тўпланиш вақти

Тўпланиш вақтига келсак, уламолар бу борада ихтилофлашган. Байҳақий ва Ғазолий[6] каби баъзи уламолар мазкур тўпланиш бу дунёда эмас, балки охиратда, қабрлардан тирилиб чиққан онда бўлади, деб айтишган[7].

Жумҳур уламолар эса мазкур тўпланиш қиёмат қойим бўлишидан илгари шу дунёда содир бўлишини, ўшанда одамлар тирик ҳолларида Шомга тўпланишини айтишган[8]. Охиратда қабрлардан чиқиб маҳшаргоҳ сари тўпланиш одамлар Шомга тўпланишидан бошқача суратда бўлади. Зеро, дунёдаги ҳашр – тўпланиш сифати қуйидаги ҳадисда баён этилган: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар уч гуруҳ бўлиб (Шомга) йиғиладилар. (Биринчи гуруҳ) уловга минган ҳолда (олдга) ошиққан ва (ортларидаги оловдан) қўрққан ҳолларида (борадилар). (Иккинчи гуруҳ) икки киши бир туяда, уч киши бир туяда, тўрт киши бир туяда, ўн киши бир туяда (келади). Қолганларни (учинчи гуруҳни) олов йиғиб келади. Олов кундузи дам олган жойларида ҳам, кечаси тунаган жойларида ҳам, тонг оттирган жойларида ҳам, кунни қорайтирган жойларида ҳам улар билан бирга бўлади”»[9]. Шу ва бошқа ҳадислар мазкур ҳашрдан мурод охирзамонда мавжуд кишиларни ернинг ҳар нуқтасидан Шом диёридаги маҳшаргоҳга тўплаш эканига далолат қилади. Шунингдек, бу ва бошқа ҳадисларда одамларнинг уловга миниши, еб-ичиши, ортда қолганларнинг оловдан ҳалок бўлиши зикр қилинди. Агар бу ишлар қайта тирилишдан сўнг бўлганида, қиёмат майдонида ўлим ҳам, миниладиган ва сотиб олинадиган улов ҳам, таому либос ҳам бўлмайди. Шунингдек, охират маҳшарида одамларнинг мўминию кофири ялангоёқ, яланғоч ва жисмоний нуқсонлардан холи бўлган ҳолатда тўпланиши ҳадисларда келгандир. Саҳиҳ ҳадисда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ваъз-насиҳат ила хитоб қилиб: “Эй одамлар! Албатта сизлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолларингда Аллоҳ ҳузурида тўпланасизлар. «У куни Биз халқларни илк дафъа яратганимиздек, (оналаридан туғилгандек) ҳолатда қайта тирилтиргаймиз. Биз (бунга ҳақиқатда) ваъда қилдик, Биз доимо Ўз ваъдамиз устидан чиқамиз» (Анбиё, 104). Одамлардан қиёмат куни энг биринчи кийим кийдириладигани Иброҳим алайҳиссаломдир…», дедилар[10]. Шундай экан, ўлимдан сўнг ялангоёқ, яланғоч ҳолида тирилган кишилар қари туялар учун боғларни қаердан олиб тўлайдилар?! Ёки маҳшаргоҳдан жаннатга ҳайдалаётган кишилар миниш учун туяларни қаердан топадилар?! Албатта бундай дейиш ҳақиқатдан йироқ фикрдир[11].

Мазкур далиллардан келиб чиқиб маълум бўладики, ўтган ҳадисларда тилга олинган «ҳашр» (тўпланиш) қиёматдан аввал шу дунёнинг ўзида содир бўлади. Охиратдаги ҳашр ҳолатини эса Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг юқорида келтирилган ҳадиси баён қилиб берди. Энди ким бунинг тескарисини эътиқод қиладиган бўлса, шубҳасиз хато қилган, ҳақдан четлашган бўлади, валлоҳу аълам.

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Охирзамонда олов чиқиб, ерда қолган энг бадбахт кимсаларни мажбуран Шомга ҳайдайди, барчалари қиёмат қойим бўлишидан илгари Шомда жам бўлишади»[12].

Мазкур олов илгари Мадинада чиққан, қиёматнинг кичик аломатларидан деб билинадиган оловдан бошқа эканининг изоҳи аввалроқ айтиб ўтилди, валлоҳу аълам.

[1] Термизий (2424) ва Аҳмад (5/3) ривояти.

[2] Ибн Можа (1407) ва Аҳмад (1/450) ривояти. Албоний саҳиҳ деган.

[3] «Фатҳ ал-Борий», 11/380. Қаранг: «Тафсир Ибн Касир», 4/330.

[4] Бухорий (990), Термизий (3953) ва Аҳмад (2/118) ривояти.

[5] Ҳофиз ар-Рабъий ўзининг «Фазоил аш-Шом» номли жуда фойдали китобида Шом диёрининг фазилати тўғрисида келган ҳадисларни йиққан. Аллома ал-Қосимий эса у китобни шарҳлаган. Китоб Шайх Албоний тахрижи ва таҳқиқи остида «Ал-мактаб ал-исломий» босмахонасида чоп этилган. Бу борада шу китобга мурожаат қилинсин.

[6] Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғазолий ат-Тувсий, файласуф ва сўфий бўлган. Фиқҳ, усул, тафсир ва бошқа илмларда талай китоблар ёзган. «Ал-мустасфо», «Ал-иқтисод фил-эътиқод» асарлари шу жумладан. 505-ҳижрий йилда вафот этган («Ал-ибар», 2/387; «Шазарот аз-заҳаб», 4/10).

[7] Қаранг: «Ал-минҳож фи шуъаб ал-иймон», 1/442; «Фатҳ ал-Борий», 11/387.

[8] Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 17/194–195; «Фатҳ ал-Борий», 11/387.

[9] Бухорий (6157), Муслим (2861) ва Насоий (2085) ривояти.

[10] Бухорий (3447) ва Муслим (2860) ривояти.

[11] Қаранг: Ибн Касир. «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/230-231; Ибн Ҳажар. «Фатҳ ал-Борий», 11/384.

[12] Ибн Ражаб. «Латоиф ал-маориф», 90-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг