Бемор дўстимга мактуб (1)

0

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Муқаддима

 

Аллоҳ таолога кўпдан-кўп, покиза ва муборак ҳамду санолар бўлсин. Мен Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига, Унинг ёлғиз ва шериксиз эканига, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли оилаларига, саҳобаларига ва қиёмат кунига қадар у зотга эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд…

Бемор дўстим, хаста биродарим… Аллоҳ сизга комил шифо ато этсин, сабр ва ажр берсин, қазои-қадарга рози бўлиб яшашни насиб этсин. Бу рисолани ўзингиз учун бир эслатма, панд-насиҳат ўрнида қабул қилгайсиз. Асло тушкунликка тушманг. Иншооллоҳ, тузалиб кетасиз ва чеккан дардингиз гуноҳлардан покланишингизга сабаб бўлиб қолади.

Баъзан баданга, баъзан мол-дунёга, баъзан аҳли-оила ва фарзанди аржумандларга зарар етиши Аллоҳ таолонинг яралмишлар устидаги суннати экан. У бандаларини шундай имтиҳонлар билан синаб турар экан. Сизга ҳам синов келган экан, сабр қилинг, чекаётган дардингизга Аллоҳдан ажр умид қилинг, Аллоҳ сизга яхши мукофотлар берсин.

Ушбу эслатма ва панду насиҳатни Аллоҳ таоло барчамизга фойдали қилсин. Уни сизга аввало энг яхши Китобдан – Аллоҳнинг китобидан тақдим этаман. Раббингиз Аллоҳ азза ва жалланинг сўзларини келтираман. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ва ваъдасига вафодорроқ ким бор?!

Кейин сиз яхши кўрган ва қиёматда бирга бўлишни орзу қилган зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан келтираман. У зот ҳавои нафсдан сўзламайдилар. Сиз бу сўзларни қабул қилинг, уларга шак-шубҳасиз ишонинг. Тушкунликка тушманг, маҳзун бўлманг. Аллоҳ юборган синовларга сабр қилинг. Бесабрлик қилиб, ножўя сўзларни айтиб қўйманг. Аллоҳ бало-мусибатларни одамлар ўртасида айлантириб туради. Аллоҳ хоҳласа сизга ҳам шифо беради. Қанча касаллар соғайиб кетган ва қанча соғ-саломат кишилар кутилмаганда касал бўлиб қолган. Қазои қадарга рози бўлиб, ажр умидида сабр қилаётганлар ҳам оз эмас, алҳамдулиллаҳ.

Аллоҳ таоло барчамизни бало-қазолардан асрасин, чин тавба қилиб, Ўзига қайтишни насиб этсин.

Пайғамбаримизга, аҳли байтлари ва асҳоби киромларига Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин.

Биродарингиз Абу Абдуллоҳ Мустафо ибн Адавий

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг