Дард ва даво (53): Гуноҳнинг касофати (13) Гуноҳ Аллоҳни улуғлаш туйғусини заифлаштиради

0

Бўлим

  1. Гуноҳ қалбдаги Аллоҳни улуғлаш туйғусини заифлаштиради

Банда истайдими, йўқми гуноҳлар қалбдаги Аллоҳни улуғлаш туйғусини ва У зотга бўлган ҳайбатни албатта заифлаштиради. Банданинг қалбида Аллоҳга бўлган ҳурмат ва ҳайбат ўрнашганда эди, гуноҳга қўл уришга журъат қила олмас эди.

Баъзилар ўзини алдаб: “Мени гуноҳга ундаган нарса қалбимда Аллоҳга бўлган ҳайбатнинг заифлиги эмас, балки Аллоҳга бўлган яхши гумоним, Унинг афвидан умидворлигимдир”, дейди

Бу гап ўзни алдашдан бошқа нарса эмас. Чунки банданинг қалбида чиндан ҳам Аллоҳнинг буюклигини, улуғлигини ҳис қилиш, У ҳаром қилган ишлардан ҳазар қилиш туйғуси бўлганда, албатта, бу туйғу уни гуноҳдан тўсган бўларди. Демак, гуноҳларга журъат қилаётганлар Аллоҳни ҳақиқий қадрламаган бўладилар. Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига жиддий қарамаган инсонни қандай қилиб Уни ҳақиқий қадрлаган, улуғлаган, Ундан қўрққан, деб айтиш мумкин. Бу ботиллиги аниқ бўлган амри маҳол иш-ку?!

Аслини олганда, осий банда қалбидан Аллоҳни улуғлаш, буюрган ва қайтарган ишларини риоя қилиш туйғуси йўқолиб кетиши ва Унинг ҳаққига беэътибор бўлиб қолиши унга етарли катта жазо саналади. Бунинг айрим ёмон оқибатларини айтадиган бўлсак, банда Аллоҳнинг буйруқларига қанчалик жиддий қарамаган, уларни менсимаган бўлса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам худди шу тарзда одамлар қалбидан унинг ҳайбатини кетказиб қўяди, уни одамлар наздида обрўсизлантириб, ҳеч ким менсимайдиган қилиб қўяди.

Банда Аллоҳни қай даражада яхши кўришига қараб одамлар ҳам уни шу даражада яхши кўришади, Аллоҳдан қай даражада қўрқишига қараб одамлар ҳам ундан шу даражада қўрқишади, Аллоҳни ва Унинг сўзини қай даражада улуғлашига қараб одамлар ҳам унинг сўзини шу даражада улуғлашади.

Банда қандай қилиб ўзи Аллоҳнинг сўзини икки қилади-ю, одамлар унинг сўзини икки қилмасликларини ёки ўзи Аллоҳнинг ҳаққига лоқайд бўлади-ю, одамлар унинг ҳаққини поймол қилмасликларини ёки ўзи гуноҳ-маъсиятларга парво қилмайди-ю, одамлар унга бепарво бўлмасликларини умид қилади?!

Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда гуноҳлар жазоси ҳақида сўз юритган ўринларда ушбу маънога ишора қилган. Қуръонда осий бандаларни қилмишлари сабабли ҳалок қилгани, гуноҳлари сабабли қалбларини парда билан қоплаб, устидан муҳр ургани, Аллоҳни унутишгани учун У ҳам уларни унутгани (яъни марҳаматидан маҳрум қилгани, беэътибор ташлаб қўйгани), динини хорлаганлари учун ўзларини хорлаб қўйгани ҳамда буйруқларини зое қилгани учун уларнинг ўзларини ҳам зое қилгани ҳақида хабар берган.

Шу боис яратилган барча нарсалар Аллоҳга сажда қилиши ҳақида айтилган оятда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ кимни хорлаб қўйса, ҳеч ким уни азиз қилолмайди”, деб айтган. Яъни, бундай кимсалар Аллоҳга сажда қилишга беэътибор бўлиб, буйруқларини менсимай бажаришмагани сабабли уларни хорлаб (яъни обрўсиз, беэътибор инсонлар қилиб) қўйди. Энди уларни бу хорликдан ҳеч ким қутқариб, азиз қилолмайди. Зеро, Аллоҳ хор қилиб қўйганни ким ҳам азиз қила оларди ёки Аллоҳ азиз қилиб қўйганни ким ҳам хор қила оларди?!

Изоҳ қолдиринг