Қиёмат аломатлари: Хотима

0

ХОТИМА

Неъмати ила амаллар ниҳоясига етадиган, чиройли хотима топадиган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Анбиёлар хотами бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг барча саҳобаларига, тобеинларга ва қиёматга қадар уларга яхшилик билан эргашган зотларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи ила ушбу рисолани ниҳоясига етказдим. Бу ишни амалга ошириш учун бор кучимни сарфладим. Ўзим учун жуда кўп фойдалар олдим, яхши натижаларга эришдим. Буларнинг бари ақида, тафсир, ҳадис, таржимаи ҳол ва яна бошқа турли-туман мавзуларда ёзилган талай китобларнинг мазкур рисолага алоқадор қисмларини ўқишим асносида ҳосил бўлди.

Шундай қилиб, эришганим энг муҳим хулоса ва фойдаларни қуйидаги нуқталарда қисқача баён этиш мумкин:

  1. Дарҳақиқат, қиёмат аломатлари мавзусида изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, ўрганиш ва ўргатиш ҳозирда катта аҳамият касб этган ишлардандир. Чунки одамлар дунёга берилиб, унинг ортидан қувишга ўтиб кетиши туфайли уларнинг кўплари охират ҳаётини, унга тайёргарлик кўриш кераклигини унутиб қўйишди. Бинобарин, қиёмат аломатлари ҳақида изланиш, ўрганиш ва кейин уни одамларга тақдим этиш қалблардаги иймонни кучайтиради, одамларни кўпроқ солиҳ амаллар қилиб қолишга, охират ҳовлисига бўладиган сафар учун тайёргарлик кўришга ундайди.

  2. Ғайб ишларига иймон келтириш жуда муҳим, унинг Исломдаги ўрни беқиёс ва у тақводор мўминлар сифатидир. Ким ўзидан келиб чиқиб ғайб ишларидан бирон нарсани билишни даъво қилса, адашади, залолатга кетади, ғайбни билиш фақат Аллоҳ таборака ва таолога хос эканини баён қилган Аллоҳнинг хабарини, Китобу суннат далилларини ёлғонга чиқарган бўлади.

  3. Ҳар бир мусулмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиши, қадамба-қадам эргашиши, у зотнинг йўлларида юриши, буйруқ ва қайтариқларига тескари иш тутмаслиги вожиб бўлади. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиш ҳар кимнинг ўз ҳавойи нафси ва ўй-фикрларига ташлаб қўйилмаган. Балки ибодат фақат Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига кўрсатган йўлга, таълимотларга эргашиш билан амалга ошади.

  4. Қиёмат аломатлари борасида ёзилган баъзи мустақил манбаларни кўздан кечириш асносида маълум бўладики, бу мавзуда мустақил китоблар яратишга анча эрта, китоблар ёзиш ҳаракати бошланган даврлардаёқ қўл урилган.

  5. Қиёматнинг кичик аломатларидан кўплари чиқиб бўлди, чиқмаганлари жуда кам қолди.

  6. Қиёмат аломатлари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадислар ва хабарларга, улар хоҳ «мутавотир», хоҳ «оҳод» бўлсин, барчасига бирдек иймон келтириш вожиб бўлади.

  7. «Қиёмат аломатлари» деганда қиёматдан аввал чиқадиган белги-аломатлар тушунилади. Бу аломатлар улардан баъзиларининг ҳаром ёки ножоиз бўлишига далолат қилмайди. Балки бирор аломатнинг содир бўлиши қиёматга оз муддат қолганига, қойим бўлиши яқинлашганига далолат қилади, холос. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилишлари қиёматнинг кичик аломатларидандир. Шу билан бирга, бу ҳодиса одамзот учун нур ва яхшилик ҳамдир.

  8. Ҳижоздан чиқиб, Бусродаги туялар бўйнини ёритган олов қиёматнинг зоҳир бўлган ва ўтиб кетган кичик аломатларидандир. Одамларни маҳшаргоҳга ҳайдайдиган, улар билан кундузи бирга ухлаб, кечаси ҳам бирга тунайдиган олов эса қиёматнинг ҳали келмаган катта аломатларидандир.

  9. Қиёматнинг чиқиб бўлган ва ўтиб кетган аломатлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай хабар берган бўлсалар, шундай содир бўлгани учун у зотнинг мўъжизаларидан саналади.

  10. Пайғамбарлик даъво қиладиган, одамлар ўртасига фитна соладиган каззоб дажжолларнинг аксари узоқ ва яқин ўтмишда чиқиб бўлди. Бу каби чиқишлар то ёлғончи Масиҳ Дажжол чиққунига қадар давом этаверади.

  11. Қиёматнинг катта аломатлари чиқадиган бўлса, худди маржон шодаси узилиб, доналари бирин-кетин тўкилиб тушгани каби, бир-бирига уланиб кетади.

  12. Ибн Сайёд масаласида айтилган икки фикрдан тўғрироғига кўра, у майда дажжоллардан бири бўлиб, охирзамонда чиқадиган катта Дажжол эмасдир.

  13. Исо ибн Марям алайҳиссалом тушганида Дажжолни қатл этади, хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари билан ҳукм юритади.

  14. Қуёшнинг кунботардан чиқиши юқори олам ҳолатининг ўзгарганини билдирувчи катта аломатларнинг биринчиси бўлиб, унинг чиқиши билан тавба эшиги қулфланади.

  15. Қиёматнинг катта аломатларининг энг сўнггиси одамларни маҳшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқиши бўлиб, ундан кейин қиёмат қойим бўлади.

Сўнгги сўз ўрнида

Ушбу рисолани ниҳоясига етказишимда, уни мана шу кўринишда тақдим этишимда менга мададкор бўлган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтаман, шукримни Ўзигагина изҳор қиламан. Умид қиламанки, уни чиройли суратда тақдим этишга, энг муҳим тарафларини етарли даражада очиб беришга муваффақ қилиндим. Инсон қилган ишида хатога йўл қўйиши табиий бўлиб, комиллик якка Аллоҳга хосдир.

Албатта, шу ўринда камчиликка йўл қўювчи, қусурли эканимни эътироф этаман. Ушбу изланишимда зикр қилганим ва ўқувчиларга тақдим этганим маълумотлар орасида ҳақ ва тўғрилари бўлса, буларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг фазлу марҳаматидандир. Аввалу охирда Ўзига ҳамду сано айтаман. Агар улар орасида хато-камчилик ўтган бўлса, бу ўзим ва шайтон сабаблидир. Бунинг учун Аллоҳдан мағфират сўрайман, Ўзига тавба қиламан.

Сўзим ниҳоясида Аллоҳ таборака ва таолодан сўз ва амалларимизда холислик насиб этишини, Ўзининг Китоби ва Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига уммат салафлари каби бидъат ва ҳавойи нафсдан пок ҳолатда эргашувчилардан қилишини, қадамларимиз ҳавойи нафс сирпанчиқларида тойилиб кетишидан бизларни сақлашини сўрайман. Аллоҳ таоло бошларимизни Ўзининг розилиги ва икки дунё саодатига эришадиган томонга бурсин, Ўзига йўлиққунимизгача ҳақ устида собит айласин. Бизни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират этсин. Албатта, У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир. Дуомиз сўнггида «барча шукр ва ҳамду санолар махлуқотларни яратган ва уларни Ўз неъматлари билан парвариш қилган Аллоҳга бўлсин» деймиз.

Д. Абдуллоҳ ибн Сулаймон ал-Ғуфайлий

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг