Эй иймон келтирганлар (7): Ислом ҳукмларини тўлиғича қабул қилиш вожиблиги ва шайтонга эргашиш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, Исломга барча ҳукмларини қабул қилган ҳолда киринглар. Шайтоннинг йўлларига эргашманглар. Шубҳасиз, у сизларга очиқ душмандир. Сизларга очиқ далил-ҳужжатлар келганидан кейин ҳақ йўлдан бурилиб кетсангиз, билингки, албатта Аллоҳ мулкида Ғолиб ва ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўядиган Ҳаким зотдир” (Бақара, 208-209).

Ислом дини мукаммал дин, унга бирон нарса қўшиш ё ундан бирон нарсани олиб ташлаш мумкин эмас. Қўшиш ё камайтириш унинг комиллигига путур етказади. Бу ҳақиқатнинг яққол мисоли шуки, уч ракатли шом намозига бир ракат ё битта сажда зиёда қилинса ёки ундан бир ракат ё битта сажда камайтирилса намоз ботил бўлади, бунга барча уламолар иттифоқ қилишган.

Шунинг учун бир одам: “Мен Ислом динини қабул қиламан, лекин Исломда ҳаром қилинган таомлар ва ичимликларни ҳаром демайман” деса, бошқаси: “Мен Исломга кираман, лекин рўза тутмайман, чунки у жисмимни заифлаштириб, қувватимни кетказиб қўяди” деса, яна бири: “Мен Исломни қабул қиламан, лекин мерос масаласида Ислом белгилаганидек аёл киши эркаклар улушининг ярмини олиш ҳукмини тан олмайман” деса, ёки: “Мен Исломни эътироф этаман, лекин ўғрининг қўли кесилишига ё турмуш кўрган зинокорнинг тошбўрон қилинишига қаршиман” деса, бундайлардан Исломга шу тариқа киришлари қабул қилинадими? Йўқ, асло қабул қилинмайди. Улар агар шу ҳолатларида ўлиб кетсалар, дўзахда абадий қоладиган кофирлар қаторида бўладилар.

Бошқа мисол: кимда-ким: “Мен Аллоҳни қўйиб, авлиёларга дуо қиладиган, ё улардан мадад сўрайдиган, ё уларга атаб қурбонлик ё назр қиладиган одамни мушрик бўлади деб айтмайман”, деса, унинг зиддига далил-ҳужжат келтирилгандан кейин ҳам шу гапида тураверса, у одам кофир бўлади. Чунки ким Аллоҳдан ўзгадан ёрдам истаса ё дуо-илтижо қилса ёки Аллоҳдан бошқага атаб қурбонлик ё назр қилса мушрик бўлади, ундан иймони ҳам, Исломи ҳам қабул қилинмайди, агарчи намоз ўқиса ҳам, рўза тутса ҳам, ҳаж, умра ва ҳатто жиҳод қилиб, риботда турса ҳам.

Бу илоҳий нидода Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар, Исломга барча ҳукмларини қабул қилган ҳолда киринглар. Шайтоннинг йўлларига эргашманглар. Шубҳасиз, у сизларга очиқ душмандир”, деб мўмин бандаларига динда бирон нарса камайтириш ёки зиёда қилиш ҳаром эканини таъкидламоқда.

Бу оят Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. У яҳудий олимларидан бўлиб, Исломга онгли равишда, унинг ҳақлигига қаноат ҳосил қилиб кирган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жаннати деб башорат берганлар. Бу олим Исломни янги қабул қилган пайтларида шанба кунини улуғлаш ва намозда Таврот оятларидан тиловат қилиш жоиз деган фикрда бўлиб, яҳудларга шанба кунини улуғлашни Аллоҳ таоло фарз қилган, Таврот ҳам Аллоҳнинг каломи деб айтар эди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганида ушбу оят нозил бўлди ва иймон келтирганлар Исломга тўлиғича киришларига амр бўлди. Бу амр бирон нарсани четда қолдирмай, барча нарсани, шу жумладан шанба кунини улуғлашни ҳам ўз ичига олди. Исломдан олдин шанба кунини улуғлаш шариат ва ибодат эди ёки туя гўшти ва сути яҳудийларга ҳаром эди. Исломни қабул қилган айрим яҳудийлар туя гўшти ва сутини ҳаром санашда давом этаётган эди. Бу ояти карима бундай қарашларнинг барини йўққа чиқарди. Ҳақиқий мўмин Исломнинг барча ҳукмларини сўзсиз қабул қилиши, Исломга тўлиғича кириши лозим, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Бунда танлаш ихтиёри йўқ. Шариат ҳукмларининг бирига рози бўлиб, бошқасини қабул қилмаслик тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларини шариат аҳкомларига тўлиғича бўйсунишга амр этгач, ортидан уларни шайтоннинг йўлларига эргашишдан қайтарди. Шайтон ўз йўлини безаб, бандаларга чиройли кўрсатиб, уларни йўлдан оздирмоқчи ва бу билан уларни Аллоҳдан узоқлаштириб, кибри ва манманлиги сабаб ўзи ҳалок бўлгани каби уларни ҳам ҳалокатга туширмоқчи бўлади. Аллоҳ таоло: “Шайтоннинг йўлларига эргашманглар”, деди, сўнг бунга сабаб ўлароқ: “Шубҳасиз, у сизларга очиқ душмандир”, деб, шайтоннинг инсонга очиқ душман эканини баён қилди. Шайтоннинг инсониятга очиқ душман экани эси-ҳуши жойида, фаҳм-фаросатли кишиларга махфий эмас. Зотан, шайтон энг жирканч ишлардан бўлган баччабозлик, зинокорлик, судхўрлик, қотиллик, ҳасад, кибр, манманлик, ота-онага оқ бўлиш, мусулмонларга озор бериш каби гуноҳи кабиралар ва фаҳш ишларни одамларга чиройли кўрсатиб, васваса қилади.

Бу нидо орқали Аллоҳ таоло бандаларга нажот йўли нима, ҳалокат йўли нима, кўрсатиб берди.

Аллоҳ буюргани каби эътиқод қилиш, У буюрганидек гапириб, буюрганидек амал қилиш, ва аксинча, У қандай эътиқод, сўз ва ишлардан қайтарган бўлса, шулардан четланиб, Аллоҳга тўлиқ таслим бўлиш нажот йўлидир.

Ёмонни яхши, яхшини ёмон санаш билан шайтоннинг йўлларига эргашиш ҳалокат йўлидир. Инсон шайтон яхши кўрган нарсаларни яхши кўрса, ёмон кўрган нарсаларни ёмон кўрса, шайтонга қул бўлиб, ўзига ҳам, аҳли оиласига ҳам зиён келтирувчи кимсалардан бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, уларга айтинг:Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳли оилаларига зиён келтирган кишилардир. Билиб қўйинглар, очиқ-ойдин зиён шудир” (Зумар, 15).

Аллоҳ таоло мазкур нидодан кейинги оятда нима деганига диққат қилинг: “Сизларга очиқ далил-ҳужжатлар келганидан кейин ҳақ йўлдан бурилиб кетсангиз, билингки, албатта Аллоҳ мулкида Ғолиб ва ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўядиган Ҳаким зотдир”.

Бу ҳақ йўлдан тойилиб, динга бирон нарса қўшган ё ундан камайтирган ё алмаштирган ҳар бир кимса учун қаттиқ таҳдиддир.

Ҳозирги кунда мусулмонларга етган хорлик ва заифликлар Аллоҳ буюрган ва зиммаларига фарз қилган амалларни ташлаб қўйганлари, Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилиб юрганлари сабабли етди. Оятдаги қаттиқ таҳдиднинг ҳақ эканига далил ўлароқ шунинг ўзи етарлидир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг