Бемор дўстимга мактуб (3)

0

Ҳар доим яхшиликни ўйла, некбин бўл, Аллоҳга ишон. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳечқиси йўқ, иншооллоҳ, яхши бўлиб кетасиз”, деб айтганларида, “Унақага ўхшамайди, яхши бўлмасам керак. Ёндираётган бу иситма мен қарияни олиб бориб гўрга тиқса керак”, деган аъробий каби умидсизликка тушма. Мудом Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўл, қазои қадарига рози бўлиб ҳаёт кечир.

Мусулмон киши касал бўлса, иншооллоҳ, битмас-туганмас ажр-савобларга эга бўлади. Шунинг учун соғлик чоғингда қилиб юрган солиҳ амалларингни касаллигинг сабабли қила олмаётганингга асло маҳзун бўлма. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ҳамда Аллоҳнинг фарзларини адо этган зотлар учун охиратда битмас-туганмас ажру мукофотлар бор” (Иншиқоқ, 25).

Мўминлар гарчи дунёда касаллик сабаб солиҳ амаллар қилишдан ожиз қолган бўлсалар-да, битмас-туганмас ва узлуксиз неъматлар ичида бўладилар. Имом Бухорий ўз саҳиҳида келтирган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга касал бўлишидан ёки сафарга чиқишидан олдин қилиб юрган амалларининг ажр-савобича ажр ёзилади” (Бухорий (2996) ривояти).

Ўтган гуноҳларингга чин тавба қилиб Аллоҳга қайтсанг ва сенга етган дардга сабр қилсанг, Аллоҳ таоло сени яхши кўради. Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган: “Аллоҳ сабр қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон, 146).

Бунга қўшимча, У сенга хушхабар ҳам берган, сен уни рад қилиб қўймагин: “Синов-имтиҳонларга сабр қилувчи кишиларга хушхабар беринг” (Бақара, 155).

Аллоҳ сен билан бирга эканини ҳам асло унутма: “Албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара, 153).

Сенга гўзал мукофотлар – жаннатдаги олий мақомлар хозирлаб қўйилган: “Раҳмон таолонинг суюкли бандалари сабр қилганлари боис жаннатдаги энг олий даражалар билан мукофотланадилар. Улар жаннатда фаришталар томонидан салом ва олқишлар билан қарши олинадилар” (Фурқон, 75).

Сабр қилганинг боис малоикалар ҳузурингга кириб, сенга салом йўллашади: “Малоикалар уларни жаннатга кирганлари билан қутлаб, барча эшиклардан уларнинг олдига кирадилар: “Сабр қилганингиз сабабли сизларга салом бўлсин, сизлар учун охиратдаги гўзал оқибат бўлмиш жаннат нақадар яхши!”, деб айтадилар (Раъд, 24).

Шундай экан, сабр қил. Сабр қилишда Аллоҳдан мадад сўраб дуога қўл кўтар, ялиниб-ёлвор. Зеро, Аллоҳ сабр бермаса ҳаргиз сабр қила олмайсан. Аллоҳ таоло элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтади: “Эй Пайғамбар, сабр қилинг. Сабр қилишингиз фақат Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлади” (Наҳл, 127).

Ўтмишдаги солиҳ кишилар ҳаётига назар сол. Уларга ҳам бало ва мусибатлар, камбағаллик ва касалликлар етган. Қолаверса, касаллик билан синалаётган ёлғиз сенмассан, ахир. Бу Аллоҳ таолонинг илгариги халқларда ҳам юргизган суннати, қонуниятидир. Синов-имтиҳонлар, баданга етадиган касаллик ва балолар ҳар хил бўлади. Улар сабабли кимнингдир мартабаси юқори қилинса, кимнингдир гуноҳига каффорат бўлади ва яна кимларни Аллоҳ ҳидоятлашни истаган бўлса, касаллик сабабли ҳидоятга эришадилар.

Дардман дўстим, илгари ўтган солиҳ кишиларга етган мусибатларини эсга ол. Аллоҳнинг пайғамбари Айюб алайҳиссалом қандай оғир касалликка дучор бўлдилар: Аллоҳ таоло деди: “Эсланг, Биз бандамиз Айюбни баданида оғир касаллик ва зиён-заҳмат билан имтиҳон қилдик. У аҳли оиласини, мол-мулкини, бола-чақасини йўқотди. Шунда ҳам савоб умидида сабр қилди. У Рабби азза ва жаллага нидо қилиб: “Эй Раббим, менга зиён-заҳмат етди, Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғисан, Ўзинг бу зиён-заҳматни мендан аритгин”, деб дуо қилди” (Анбиё, 83).

Касаллик Айюб пайғамбарда ўн саккиз йил давом этди. Хотини ва амакисининг икки ўғлидан бошқа барча яқинлари юз ўгириб, ташлаб кетди.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Касаллик Айюб алайҳиссаломда ўн саккиз йил давом этди. Бу орада узоқ-яқин қариндошлари ундан воз кечиб, ташлаб кетдилар. Фақатгина биродарларидан икки киши қолди. Улар унинг ҳузурига эрталаб келиб, кечқурун кетар эди. Уларнинг бири иккинчисига: “Биласанми, қасамки, Айюб одамзотдан ҳеч ким қилмаган гуноҳни қилган бўлса керак”, деб қолди. Шериги: “Нега ундай деяпсан?” деб сўраган эди: “Мана, ўн саккиз йилдирки Аллоҳ унга раҳм қилмай, касалига шифо бермаяпти”, деди. Шериги бу гапга чидаёлмай Айюб пайғамбар олдига келганида унга айтиб берди. Айюб алайҳиссалом деди: “Нима деётганингни билмаяпман, лекин Аллоҳ таоло Ўзи билади, мен жанжаллашаётганида Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб қасам ичаётган икки киши олдидан ўтиб қолсам, уйимга қайтгач, ноҳақ ўринда Аллоҳнинг номи зикр қилинган бўлишидан қўрқиб, уларнинг номидан каффорат тўлаб қўяр эдим”.  Набий алайҳиссалом айтдилар: “Айюб алайҳиссалом ҳожатга чиққанида ҳожатдан фориғ бўлгач хотини қўлидан ушлаб етаклаб келарди. Бир куни ҳожатдан қайтиши кечикиб кетди. Сабаби Аллоҳ таоло Айюбга: “Оёғинг билан ерни теп. Муздек сув отилиб чиқади. Ундан ич ва ювин. Сендан барча зиён-заҳматлар кетгай” (Сод, 42), деб ваҳий қилган эди. Хотини сабрсизлик билан кутиб турарди ва ниҳоят у келди. Аллоҳ таоло ундаги барча касалликларни кетказган, аввалги ҳолидан ҳам гўзаллашган эди. Уни кўрган хотини (танимай): “Ҳой барака топгур, ҳалиги дардман пайғамбарни кўрмадингми? Ё тавба, сен унинг касал бўлмасдан олдинги ҳолатига қуйиб қўйгандек ўхшар экансан” деган эди, Айюб пайғамбар: “Ҳа ўша пайғамбар менман”, деди. Айюбнинг бирига буғдой, яна бирига арпа экилган икки экинзори бор эди. Аллоҳ таоло уларга икки булутни юборди. Биринчи булут буғдойзори устидан тошиб кетгунча олтин ёғдирди. Иккинчи булут арпазори устидан тошиб кетгунча кумуш ёғдирди” (Ибн Ҳиббон “Маворид аз-замъон”да (2091) келтирган, саҳиҳ ҳадис).

Айюб алайҳиссалом берилган синов-имтиҳонларга сабр қилиб, ажр умид қилгани учун Аллоҳ таоло ҳузурида шараф, ҳурмат ва эътиборга эга бўлди: “Дарҳақиқат Биз Айюбни балога сабрли эканини кўрдик. У нақадар яхши бандадир. У Аллоҳнинг тоатига кўп қайтувчи, тавба-инобат қилувчидир” (Сод, 44).

Бу мақтов нақадар гўзал ва нақадар яхши! Мақтов бўлганда ҳам кимнинг мақтови? Одамларнинг эмас, оламлар Парвардигориниг мақтови! Шу каби биргина мақтовга сазовор бўлиш биз учун бор-будимиздан, ҳатто жонимиздан ҳам яхшидир.

Дардга сабрсиз бўлма. Атрофдаги бошқа касалларга боқ, эътибор бер. Айримларга етган бало сенинг мусибатингдан минг чандон кўп, уларнинг дарди олдида сенинг дардинг енгил, даволанишинг осон. Шундай экан, нолима, балки Аллоҳга ҳамд айт, саломатлик ва офият сўра.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг