Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (9)

0

Кўп одамлар, ўша мисли кўрилмаган жамият аъзоларидан “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг барча тақозолари талаб қилинганига ва у уларга барча таъсирлари билан таъсир ўтказганига сабаб – улар бундан аввал мушрик эдилар, агар бундан бошқача ҳолатда бўлганларида эди, улардан фақатгина тасдиқ ва иқрор талаб қилинган бўлар эди, деб ўйлайди.

Бу эса, иржоъ (яъни амалсиз иймон етарлидир дейдиган оқим) фикрининг ислом умматига қилган катта жиноятидир. Бу жиноят бошқа омиллар билан қўшилиб, тадрижий равишда “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ўз ҳақиқий маъносидан узоқлаштириб келди, бора-бора уни тилда айтиб қўйиладиган оддий руҳсиз калимага айлантириб қўйди.

Бу гумон билан баҳсга киришишдан олдин “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг Мадинадаги мўминларда бўлган кўринишини бироз эслаб ўтсак.

Дастлаб айтиб ўтганимиздек, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасига бўлган даъват Мадинада тўхтаб қолгани йўқ. Чунки бу калима йўлнинг бошида бир марта айтиб қўйиладиган ва кейин бошқа мавзуга ўтиб кетиладиган бир сўз эмас. Балки у йўлнинг бошида айтилади, кейин бошқа барча мавзуларга у билан биргаликда ўтилади.

Бунга ойдинлик киритиш учун Мадинада нозил бўлган суралардан бир намуна келтирамиз. Исломий давлат қурилгандан сўнг янги жамиятдаги мўминларнинг ҳаётларини тартибга солишга тааллуқли турли мавзуларни ўз ичига олган “Бақара” сураси даставвал соғлом ақидага эга бўлиб, тўғри йўлда мустаҳкам бўлган ва фарз қилинган ибодатларни адо этган мўминларнинг сифатларини зикр этиб, бундай деди:

Алиф, лом, мим. (Ҳақ эканига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун раҳбар-йўлбошчидир. Улар сизга нозил қилинган ва сиздан илгари туширилган нарсаларга (динларга) иймон келтирадилар ва охират кунига аниқ ишонадилар. Ана ўшалар Парвардигорларидан келган ҳидоят устидадирлар ва ана ўшалар нажот топувчилардир” (Бақара, 1-5).

Ушбу иймон келтирган, тақволи бўлган ва нажот топувчи кишиларга нима деб айтилади? Улар тасдиқ ва иқрорнинг шартларини ўзларида мужассам қилибгина қолмай, бунга қўшимча, намозни адо этишар ва закот беришар эди. Чунки ўша даврда намоз билан закот ибодати фарз қилинган эди.

Уларга: “Шу қилган амалларингиз кифоя, сизлар мақсадга эришдингиз ва жаннатнинг калитини қўлга киритдингиз”, дейиладими? Ёки “Аллоҳ таоло сизларга яна буни, буни ва буни фарз қилди. Бу фарзларни бажаришда ихтиёрли эмассизлар, уларни қилишингиз шарт!” дейиладими?

Чинакам иймон тасдиқ ва иқрорнинг ўзи билангина ҳосил бўлмаслигини, балки иймон борлигини кўрсатадиган муайян амалларни бажариш зарур эканини аниқ билиб олишлари учун уларга:

Яхшилик юзларингизни машриқ ва мағриб томонга буришингиз эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискинларга, мусофирларга, сўровчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қиладиган, закотни берадиган кишилар ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилув­чилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир“, (Бақара, 177) дейиладими?

“Оли Имрон” сураси тўлалигича “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси мавзусида баҳс юритади. Сура ақидага тааллуқли қуйидаги оятлар билан бошланади:

Алиф, лом, мим. Аллоҳ ягона ҳақ илоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У тирик ва абадий турувчидир.  У сизга (эй Муҳаммад), ўзидан аввалги китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга йўллаш учун Таврот ва Инжилни туширган эди. Энди ҳақ билан ноҳақни ажратувчи (Қуръонни) нозил қилди” (Оли Имрон, 1-4).

Бу сура ақиданинг тамойиллари ҳақида батафсил сўзлайди ва қўшимчасига ақида тақозоларини ҳам баён қилади. Бу тақозолар сирасидан ўрин олган, ер юзида ҳақ қарор топиши учун жорий этилган уруш масаласига ҳам ойдинлик киритади. Сурада айнан мана шу улкан тарбиявий дарс зикр этилади:

190. Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб турувчи зот мавжуд эканига) аломатлар борлиги шубҳасиздир. 191. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил! 192. Парвардигоро, албатта Сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилурсан. Ва бундай золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир. 193. Парвардигоро, биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад алайҳиссаломнинг нидолари)ни эшитиб, иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қил, қилган ёмонликларимизни (номаи аъмолимиздан) ўчир ва бизни яхшилар билан бирга вафот эттир! 194. Парвар­дигоро, бизга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неъматларингни) ато қил ва бизни қиёмат кунида расво қилма! Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмагайсан». 195. Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб деди: «Мен сизлардан бирон амал қилувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздансиз. (Яъни эр­как аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган.) Мен ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, Менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (Менинг йўлимда) жанг қилиб, қатл этилган зотларнинг гуноҳларини ўчираман ва уларни – Аллоҳ ҳузуридан мукофот ўлароқ – тагларидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритаман. Энг гўзал савоб – мукофот Аллоҳ ҳузуридадир» (Оли Имрон, 190-195).

У зотлар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни қалблари ва аъзолари билан зикр этадиган ҳақиқий мўминлардир. Улар еру осмонларнинг яралишида фикр юритадилар. Уларнинг бекордан-бекорга эмас, балки ҳақ билан яралганини англаб етадилар. Ҳақ эса инсонларни ҳаётда қилган амалларига яраша ҳисоб-китоб қилишни тақозо этади. Албатта, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб қилиниш, мукофот ёки жазо олиш ҳақдир. Шунинг учун улар Аллоҳдан уларни дўзах оташидан асрашини ва жаннатига киритишини ёлвориб сўрайдилар, чақириқ учун дарҳол лаббай деб жавоб қиладилар. Дарҳақиқат, улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иймонга бўлган чақириқларини эшитган заҳоти у зотга иймон келтирган эдилар. Чинакам мўминларнинг аҳволлари ва сифатлари мана шудир. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилганини хабарини берди. Нима сабабдан Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилди? Тасдиқ ва иқрорлари учунми? Ёки тафаккур ва тадаббурлари учунми? Ёки тўхтовсиз зикр қилишгани учунми? Ёки дўзахдан паноҳ тилашгани ва жаннатга киритишни Аллоҳдан ёлвориб сўрашгани учунми? Ёки булардан ташқари, бу марҳаматларнинг барчасини тақозо этувчи яна бошқа нарса борми?

Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб деди: Мен сизлардан бирон амал қилувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман“.

Тарбиявий йўлланма ойдек равшан кўриниб турибди. Демак, Аллоҳ ижобат қилиши учун фикр юритиш, тадаббур қилиш ва зикр қилиш амалга айланиши керак. “Оли Имрон” сураси ер юзида ҳақ қарор топиши йўлида жиҳод олиб бориш мавзусида сўз юритгани боис юқоридаги оят гап оқимига мувофиқ келадиган амаллардан бир нечтасини кўрсатди. Жумладан, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларни, Аллоҳ йўлида ватанларидан ҳайдалганларни, Аллоҳ йўлида азият чекканларни ва Аллоҳ йўлида қатл этилганларни зикр қилди. Талаб қилинган ишлар шугина амаллар бўлгани учун эмас, балки гапнинг оқимига мувофиқ келгани учун улар зикр этилди.

Изоҳ қолдиринг