Таҳорат: Ғуслни вожиб қиладиган ҳолатлар (1)

0

Ғуслга оид ҳукмлар

Биринчидан: ғусл қилиш жоизлиги

Аллоҳ таоло айтади: «Агар жунуб бўлсангиз покланингиз» (Моида, 6).

Яна айтади: «Шундай экан, ҳайз пайтида аёллардан (ёхуд ҳайз қони келадиган жинсий аъзодан) четланингиз ва уларга то покланмагунларича яқинлик қилмангиз» (Бақара, 222).

Ғусл қилиш жоизлигига далолат қилувчи ҳадислар талайгина. Уларни шу бобда келтирамиз, иншааллоҳ.

Иккинчидан: ғуслни вожиб қилувчи ҳолатлар

Қуйидаги ҳолатларда ғусл қилиш вожиб бўлади:

  1. Маний чиқиши

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Сулайм деди: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, унга ғусл вожиб бўладими?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳа, агар сув кўрса». Умму Салама разияллоҳу анҳо деди: «Аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?». У зот айтдилар: «Барака топкур, (эҳтилом бўлмаса) боласи нима сабабдан унга ўхшайди?!»[1].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сув (яъни маний чиқиши) сабабли сув (яъни ғусл вожиб бўлади)[2]».

Демак, эркак ёки аёлдан уйқуда ёки уйғоқликда шаҳват ила маний чиқиши билан ғусл вожиб бўлади. Фақат уйғоқ кишидан маний чиқишида шаҳватни ҳис қилиши шарт қилинади. Бу борада эътиборга олинадиган жиҳат фақат эҳтилом бўлиш эмас, балки маний чиқишидир. Бинобарин, инсон эҳтилом бўлса-ю, маний чиқмаса, унга ғусл вожиб бўлмайди[3]. Агар маний чиққан бўлса, гарчи эҳтилом бўлганини эслай олмаса ҳам ғусл вожиб бўлади. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмни (яъни ғусл вожиб бўлишини) маний чиқишига боғлиқ қилдилар.

Уламолар ғусл вожиб бўлиши учун маний шаҳват билан чиқиши шартлигига жумладан Имом Аҳмад ҳасан санад билан Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилишган:

«Мен кўп мазий кўрадиган киши эдим. Шу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эдим, бундай дедилар: «Агар (манийни шаҳват билан) тўккан бўлсанг, жанобатдан ғусл қил. Агар (уни шаҳват билан) тўккан бўлмасанг, ғусл қилма»[4].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу тарзда (яъни отилиб) чиқиши фақат шаҳват билан бўлади»[5].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Олатида манийнинг қўзғалганини сезса-ю, бироқ маний олатидан чиқмаса, тўғрироқ фикрга кўра, ғусл вожиб бўлмайди.

  2. Агар бирон касаллик, уриш ёки шунга ўхшаш сабаблар билан олатдан шаҳватсиз маний чиқса, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, Молик, Абу Ҳанифа ва Аҳмад каби аксар уламолар наздида бу маний худди истиҳоза қони каби ғуслни вожиб қилмайди.

  3. Агар жунуб одам ғусл қилса-ю, ғуслдан кейин яна маний чиқса, қайтадан ғусл қилиш вожиб бўлмайди. Чунки бундай маний кўпинча шаҳватсиз чиқади[6].

  4. Аёл киши ғуслдан кейин ёки ғусл асносида жинсий аъзосидан эрининг манийси чиққанини сезса, қайтадан ғусл қилиши вожиб бўлмайди. Бироқ мазкур ҳолатда унга таҳорат олиш вожибми, йўқми эканида уламолар ихтилоф қилишган. Шунинг учун, мазкур ҳолатда ва собиқ масалада эҳтиёт юзасидан таҳорат олган афзалдир.

  5. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уйқудан уйғонганда (кийими ёки баданида) намлик кўрса-ю, бунинг учун бирон сабабни эслай олмаса, уч ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

Биринчиси: агар унинг маний эканини аниқ билса, эҳтилом бўлганини эслайдими, йўқми, ғусл қилиш вожиб бўлади.

Иккинчиси: унинг манийдан бошқа нарса эканига ишонч ҳосил қилса, бу ҳолатда ғусл вожиб бўлмайди, балки унинг ҳукми сийдикнинг ҳукми билан баробар бўлади.

Учинчиси: унинг манийми ёки йўқлигини аниқ билолмаса, манийлигида шубҳа қилса, қарайди: агар унинг маний эканига далолат қиладиган бирон ишни эсласа, маний деб ҳукм қилади, агар мазий эканини кўрсатадиган бирон ишни эсласа, мазий деб ҳисоблайди. Борди-ю, унисига ҳам, бунисига ҳам далолат қиладиган бирон нарсани эслай олмаса, у ҳолда баъзи олимлар эҳтиётан ғусл қилади, дейишса, баъзилар ғусл вожиб бўлмайди, дейишган»[7].

  1. Агар кийимида манийни кўрса, қачон эҳтилом бўлганини эслай олмаса, у ҳолда ғусл қилиб, охирги уйқусидан кейин ўқиган барча намозларни қайтадан ўқийди.

[1] Бухорий (130, 282), Муслим (313), Термизий (122), Насоий (1/114), Ибн Можа (600) ривояти
[2] Муслим (343), Абу Довуд (217) ривояти
[3] Агар инсон уйқудан уйғонгандан кейин маний кўрса ёки маний бироз юрганидан кейин чиқса, унга ғусл вожиб бўлади. Буни Имом Аҳмад айтган. Қаранг: «Ал-муғний», 1/202
[4] Санади ҳасан. Аҳмад ривояти, 1/107
[5] Шавконий. «Найл ал-автор», 1/275
[6] Доимий фатво қўмитасининг айни шу маънодаги фатвоси бор. Қаранг: «Доимий фатво қўмитаси фатволари», 5/324, 2550-сонли фатво
[7] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/280. Айрим ўзгартиришлар билан нақл қилинди.

Изоҳ қолдиринг