Таҳорат: Ғуслни вожиб қиладиган ҳолатлар (2)

0
  1. Икки хатна қилинадиган жойларнинг йўлиқиши

Эр аёли билан жинсий яқинлик қилса, яъни олатининг бошини аёлининг жинсий аъзосига киргизса, ҳар иккисига ғусл вожиб бўлади. Мазкур ҳолатда ғусл вожиб бўлиши учун улардан шаҳват суви чиққан бўлиши шарт эмас. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар эр аёлнинг тўрт аъзоси (икки қўли ва икки оёғи ёки икки оёғи ва икки сони) ўртасида ўтирса, сўнг уларни (ҳаракати билан) чарчатса, ғусл вожиб бўлади» (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг Муслимга оид ривоятида: «Гарчи маний тўкмаса ҳам»[1], дейилган.

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Агар эр аёлнинг тўрт аъзоси (икки қўли ва икки оёғи ёки икки оёғи ва икки сони) ўртасида ўтирса, сўнг эрнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига тегса, ғусл вожиб бўлади»[2].

Эрнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига йўлиқишидан мақсад уларнинг ўзаро қарама-қарши келишидир. Шунинг учун ҳам Термизий ривоятида: «Агар эрнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойидан ўтиб кетса…»[3], дейилган. Шунга кўра, эр олатининг хатна қилинадиган жойини аёлининг хатна қилинадиган жойига қўйса ёхуд тегизса, унинг жинсий аъзосига киргизмаса, мазкур ҳолатда уламолар ижмо-иттифоқига кўра ғусл вожиб бўлмайди[4].

Эслатма:

Эр аёлининг жинсий аъзосига олати бошининг ҳаммасини эмас, балки фақат бир қисмини киргизса ёки унинг сонлари орасига яқинлик қилса, натижада маний тўкса ва у аёлининг жинсий аъзосига кирса, бироқ аёлидан шаҳват суви чиқмаса, ҳар икки ҳолатда аёлига ғусл вожиб бўлмайди[5]. Аммо мазкур ҳолатда аёлидан ҳам шаҳват суви чиқса, унга ҳам ғусл вожиб бўлади.

  1. Ҳайз ва нифос қонининг тўхташи

Ҳайз ва нифос қони тўхташи билан аёл кишига ғусл қилиш вожиб бўлади. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Фотима бинти Ҳубайш истиҳоза қони кўрар эди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эди, у зот бундай дедилар: «У (ёрилган) бир томир(дан оққан қон)дир, ҳайз қони эмас. Агар ҳайз кўрсанг, намозни тарк қил. Агар ҳайзинг тўхтаса, ғусл қилиб, намоз ўқийвер»[6].

Нифос қони кўрган аёлларнинг ҳукми ҳайз кўрганлар бир хил. Ҳатто баъзи ҳадисларда келганидек, нифос кўрган аёлга ҳайз кўрган аёл дейилади.

  1. Ўлим

Умму Атийя Ансория разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари вафот этганда аёллар олдига кириб бундай дейдилар: «Маййитни уч марта ёки беш марта ёки лозим топсанглар ундан ҳам кўпроқ ювинглар…»[7].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳар қандай мусулмон маййитни ювиш албатта фарздир. Агар маййит ювилмасдан кўмилган бўлса, модомики ўзгармаган бўлса, албатта қабрдан чиқариб ювиш лозим. Мушриклар уни жанг майдонида қатл қилган ва жанг майдонида ўлган шаҳид бундан мустасно бўлиб, уни ювиш шарт эмас»[8].

Маййитни ювишга оид ҳукмлар жаноза бобида баён этилади, иншааллоҳ.

  1. Исломни қабул қилиш

Қайс ибн Осим разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Исломни қабул этганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни сув ва сидр[9] билан ғусл қилишга буюрганлар[10].

 Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Сумома Исломни қабул қилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни фалончи уруғнинг боғига олиб боринглар ва ғусл қилишга буюринглар»[11], деганлар.

«Усул ал-фиқҳ» илмидан маълумки, бирон ишга буюриш ўша ишнинг вожиблигини ифода этади. Исломни қабул қилган киши ғусл қилиши вожиб деган фикр Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабидир. Юқоридаги ҳадиснинг зоҳири шу фикрнинг тўғрироқ эканини қўллаб-қувватлайди.

[1] Бухорий (291), Муслим (348), Абу Довуд (216), Насоий (6/110), Ибн Можа (610) ривояти.
[2] Муслим (349), Табароний («Ал-авсат», 1/293) ривояти.
[3] Термизий (108), Аҳмад (6/135), Ибн Ҳиббон (1176) ривоят
[4] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 2/131.
[5] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 2/133.
[6] Бухорий (228), Муслим (333), Абу Довуд (282), Насоий (1/181), Ибн Можа (624) ривояти.
[7] Бухорий (1253), Муслим (939), Абу Довуд (3145), Термизий (990), Насоий (4/28) ривояти.
[8] «Ал-муҳалло», 2/32.
[9] Саҳрода ўсадиган паст бўйли дарахт. Араблар унинг япроқларини совун ўрнида ишлатишган (Тарж.).
[10] Саҳиҳ. Абу Довуд (355), Термизий (605), Насоий (1/109) ривояти.
[11] Саҳиҳ. Аҳмад (2/304), Ибн Хузайма (253), Ибн Ҳиббон (1238) ривояти. Мазкур ҳадиснинг аслини Бухорий (462) ва Муслим (1764) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг