Таҳорат: Ғуслни вожиб қиладиган ҳолатлар (3)

0
  1. Жума куни ғусл қилиш

Уламолар жума куни ғусл қилиш ҳукми борасида икки хил фикр билдирганлар.

  • Бир гуруҳ уламолар жума куни ғусл қилишни мустаҳаб санашган. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким мукаммал тарзда таҳорат олиб жума намозига келса, (хутбага) қулоқ солса, сукут қилса, унинг учун (ўтган) жума билан (жорий) жума ўртасидаги ва (унга қўшимча яна) уч кунлик (кичик гуноҳлар) мағфират қилинади»[1], деган ҳадисларини далил қилишган.

Дарҳақиқат, мағфират таҳорат олиш билан бирга ҳадисда тилга олинган амаллар эвазига ваъда қилинди. Бироқ мазкур далилда ғусл қилиш инкор этилмаган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами» (Бухорий ва Муслим)да келган бошқа бир ривоятда «таҳорат олса» деган иборанинг ўрнига «ғусл қилса»[2] дейилган. Шунга кўра, ҳадисда жума намозига боришдан анча олдинроқ ғусл қилган ва жумага боришдан олдин қайтадан таҳорат олишга эҳтиёжи туғилганлар учун таҳорат олиш айтилган бўлиши мумкин»[3].

Шунингдек, жума куни ғусл қилиш мустаҳаб деганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким жума куни таҳорат олган бўлса, яхши қилибди. Ким ғусл қилган бўлса, албатта, ғусл (таҳоратдан) афзалдир»[4], деган ҳадисларини ҳам далил қилишган. Бироқ ушбу ҳадис, саҳиҳ деб фараз қилинса ҳам, жума куни учун ғусл қилиш вожиб эмаслигини, балки мустаҳаб эканини ифода этмайди. Ҳадисда ғусл ва таҳоратдан қай бири афзал экани маълум қилинган, холос. Табиийки, жума намози учун ғусл қилиш вожиб бўлгани учун таҳоратдан афзал, таҳорат эса, усиз намоз ўқиш дуруст бўлмайдиган энг оз миқдордаги талабдир.

2) Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, жума куни учун ғусл қилиш вожибдир. Ҳадисда ғусл қилишга буюрилгани ва ғусл қилиш вожиблиги очиқча айтилгани боис шу фикр тўғрироқдир.

Жума куни ғусл қилишга буюрилганига келсак, Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумага бормоқчи бўлсангиз ғусл қилингиз»[5], деганлар.

Жума куни ғусл қилиш вожиблиги очиқча айтилганига келсак, Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жума куни учун ғусл қилиш ҳар бир балоғатга етган киши учун вожибдир»[6], деганлар.

Шайх Албоний ва Шайх Ибн Усайминлар жума куни учун ғусл қилиш вожиб деган фикрни тўғрироқ деб билганлар[7].

Мазкур масалага оид тафсилотлар билан яқиндан танишиш учун «Саҳиҳ Бухорий» шарҳи «Фатҳ ал-Борий» китобига мурожаат қилишингиз мумкин.

[1] Муслим (857), Абу Довуд (1050), Термизий (498), Ибн Можа (1090) ривояти.
[2] Муслим ривояти, 857.
[3] «Фатҳ ал-Борий», 2/262.
[4] Абу Довуд (354), Термизий (497), Насоий (3/94) ривояти. Ҳадисда заифлик бор. Мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган бошқа бир қанча ҳадислар бор бўлиб, улар ҳам заифликдан холи эмас. Шайх Албоний мазкур ҳадислар йиғиндиси ила юқоридаги ҳадисга ҳасан деб ҳукм қилган.
[5] Бухорий (894),Муслим (844), Термизий (492) ривояти.
[6] Бухорий (879), Муслим (846), Абу Довуд (341), Насоий (3/92), Ибн Можа (1089) ривояти.
[7] Қаранг: Албоний. «Тамом ал-минна»; Ибн Усаймин. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ».

Изоҳ қолдиринг