Дард ва даво (54): Гуноҳнинг касофати (14) Гуноҳ – Аллоҳ бандани унутишига сабаб бўлади

0

Бўлим

  1. Гуноҳ – Аллоҳ бандани унутишига сабаб бўлади

Гуноҳ ва маъсиятлар Аллоҳ таоло бандани унутишига, тарк қилишига, уни нафси ва шайтон билан бирга ташлаб қўйишига сабаб бўлади. Бу ҳолатда банда ҳалок бўлди ҳисоб, энди нажот топишини умид қилмаса ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан тақво қилинглар  ва (ҳар бир) жон эрта (қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган (яъни, У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган, натижада Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир!” (Ҳашр, 18-19).

Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятда мўмин бандаларни тақво қилишга буюрди ва тақво қилмаслик оқибатида У зотни унутган кимсаларга ўхшаб қолишдан қайтарди. Тақво қилмаган кимсага ўзини, яъни ўзининг фойдасини, охират азобидан омон қолиш йўлларини, абадий ҳаётга, ундаги комил лаззат, комил неъмат, хурсандчилик ва ноз-неъматга элтадиган сабабларни унуттириб қўйиш билан жазо бериши ҳақида хабар берди. Банда Аллоҳнинг буюклигини, Ундан қўрқиш ва буйруқларини бажариш кераклигини унутгани учун мазкур ишларнинг барчасини унга унуттириб қўйди. Сиз осий-гуноҳкор бандани ўзига фойдали нарсаларга лоқайдлигини, ўзига фойдали нарсаларни зое қилишини кўрасиз. Чунки Аллоҳ таоло унинг қалбини Ўзининг зикридан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилган барча амаллари зое бўлган. Дунё ва охиратда эришиши мумкин бўлган фойдаларни қўлдан бой берди. Абадий бахт-саодат ҳаётига беэътибор бўлди, арзимас лаззат эвазига уни алмашиб юборди. Бу арзимас лаззатлар бамисоли ёзда кўринган булут ёки кўзга кўринган саробдир.

Гуноҳга бериладиган энг оғир жазо банда ўзини унутиб қўйиши, ўз жонига лоқайд бўлиши, Аллоҳдан олиши мумкин бўлган улуши ва насибасини зое қилиши, шунингдек, ўз жонини арзимас баҳога сотиши, қадрини билмай, оёқ ости қилишидир.

Гуноҳкор банда ҳеч вақт Ундан беҳожат бўлолмайдиган, ҳеч ким Унинг ўрнини босолмайдиган Зотдан айрилган, У зотни ҳар нарса ундан беҳожат қила оладиган, ўрнини боса оладиган нарсага алмашган бўлади. Шоир айтади:

Ҳар неки йўқотма, бордир эвази,

Аллоҳни йўқотсанг, топмассан эваз!

Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар кимса ва ҳар нарсанинг ўрнини боса олади, лекин ҳеч кимса, ё ҳеч нарса Унинг ўрнини босолмайди. У ҳар нарсадан беҳожат қилади, лекин Ундан ҳеч нарса беҳожат қилолмайди. У ҳар қандай балони тўсади, лекин Унинг азобини ҳеч нарса тўсиб қололмайди. У ҳар нарсадан ҳимоя қилади, лекин Ундан ҳеч нарса ҳимоя қилолмайди.

Мана шундай сифатга эга Зотга тоат-ибодат қилишдан банда қандай қилиб ўзини беҳожат санайди?! Қандай қилиб шундай улуғ Зотни эсдан чиқаради, ўз жонини унутиб қўядиган, натижада ўз жонини қўлдан бой берадиган, унга энг катта зулм қиладиган даражага етгунча Унинг буйруқларини зое қилади? Бу ҳолатда банда Раббига зулм қилган бўлмайди, лекин ўз жонига зулм қилган бўлади. Рабби бандасига зулм қилмади, лекин банда ўзига-ўзи зулм қилди.

Бўлим

  1. Гуноҳ – бандани эҳсон доирасидан чиқаради

Гуноҳ-маъсиятлар бандани эҳсон доирасидан (яъни Аллоҳни ҳис этиб яшаш даражасидан) чиқаради ва муҳсинларга бериладиган савобдан маҳрум этади. Маълумки, эҳсон ҳисси қалбга кирса, уни гуноҳлардан тияди. Зеро, ким Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилса, албатта, Унинг зикри, муҳаббати ҳамда азобидан қўрқиш, раҳматини умид қилиш туйғуси унинг қалбини қамраб олади. Оқибатда, Уни кўриб тургандек бўлади. Бу эса уни гуноҳ ишга қўл уриш у ёқда турсин, уни хоҳлашга ҳам йўл бермайди. Агар банда (гуноҳ қилиш ила) эҳсон доирасидан чиқса, Аллоҳнинг хос дўстлари қаторида бўлишни, уларнинг фаровон ҳаёти ва битмас роҳат-фароғатларини қўлдан чиқарган бўлади.

 Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилса (яъни унга фазл-марҳамат кўрсатса), мўминлар доирасида қолдиради. Шунда ҳам у қуйидаги ҳадисда айтилган гуноҳларга ўхшаш, иймон доирасидан чиқарадиган гуноҳларга қўл уриб осийлик қилишда давом этса, иймон доирасидан ҳам чиқиб кетади, мўминлар қаторида бўлишдан, Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясидан мосуво бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло мўминларни ҳамиша ҳифзу ҳимоясида сақлаб туради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Зинокор зино қилаётган чоғида мўмин бўлмайди. (Ароқхўр) ароқ ичаётган чоғида (комил) мўмин бўлмайди. (Ўғри) ўғрилик қилаётган чоғида (комил) мўмин бўлмайди. (Қароқчи) одамларнинг кўз олдида, уларнинг кўзини бақрайтириб, мол-мулкларини тортиб олаётганда (комил) мўмин бўлмайди[1].

 (Давоми бор)

 

[1] Бухорий, 2475; Муслим, 57.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг