Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (14)

0

Иккинчи бўлим

Илм ва унинг устивор йўналишлари

Илм пайғамбарлар ва уларнинг меросхўрлари бўлмиш уламолар улашадиган садақадир. Асарда келишича, инсон бирон яхши сўзни эшитиб, сўнг уни биродарига етказиши энг яхши тортиқ ва энг яхши ҳадядир[1].

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У зот бундай деди: “Фиқҳ-илм мажлисида бир бор ўтириш олтмиш йиллик ибодатдан афзалдир”.

Суфён Саврий ва Шофеий раҳимаҳумаллоҳ айтадилар: “Фарз ибодатлардан кейин илм ўрганишдан кўра афзалроқ амал йўқ!”[2]

Аллоҳ йўлида илм ўрганиш нафл намоз ва рўзадан, тасбеҳ ва таҳлил каби ибодатлардан афзалдир. Чунки илм толибга ҳам, бошқаларга ҳам фойда келтиради. Бадан риёзати ила қилинган нафл ибодатларнинг фойдаси эса фақат ўша амалларни қилгувчига чекланади. Илм бошқа ибодатларнинг дуруст бўлишига олиб боради. Зеро, ибодатлар илмга муҳтож ва уларнинг дурустлиги илмга боғлиқ. Илм эса ибодатларга боғлиқ эмас. Чунки уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Бундай фазилат обидлар учун айтилмаган. Олимнинг илми сабабли одамлар унга итоат этиши вожиб бўлади. Илмнинг асари илм соҳиби вафот топгандан кейин ҳам қолади. Нафл ибодатлар эса обид вафот топганидан сўнг узилади. Илм ила Ислом шариати ва исломий анъаналар сақланиб қолади.

Қадимда бирон илмли киши ўзидан кўра илмлироқ кишига йўлиқиб қолса, бу ғанимат кун бўлди, дер, илмда ўзига тенг кишига йўлиқса, у билан илмий баҳс-мунозара қилар, ундан илм олар эди. Борди-ю, ўзидан илми пастроқ кишига йўлиқса, хокисорлик ила унга таълим берар эди.

Исломда мактаб-мадрасалар таълим олиш учун ягона восита эмас. Яъни мадрасада таҳсил олмаган киши илмдан мосуво бўлди, дегани эмас. Мўминларнинг оналари бўлмиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари, Ислом умматининг салафи солиҳалари на мадраса, на олийгоҳ кўрган эдилар. Лекин бу уларни илм ва маърифат булоқларидан қониб ичишларига тўсқинлик қилмади.

Аммо ҳозирги аҳволимизга назар ташлайдиган бўлсак, минг афсуслар бўлсинки, кўпдан-кўп ислом диёрларида жаҳолат илдиз отиб, дунёвий билимлар у ёқда турсин, диний билимлар ҳам ночор аҳволда бўлиб қолган.

Аёл кишини қай турдаги билимларни таҳсил олишга тарғиб этиш керак?

Шаръий билим олиб, фақат шунга чекланишгами ёки шаҳодат ва турли илмий даражаларда акс этган замонавий билимларни ўрганишгами?

Тўғрироғи, қайси илм аёл кишини замонанинг турли қийинчиликлари қаршисида бардошли қилади? Уни мусулмонларнинг ғам-ташвишларига аҳамиятли қилади, аёл зотига тегишли билим-маърифатлар билан қуроллантиради, фарзанд тарбиясига доир тарбиявий билимларга эга қилади? Агар у доктор ёки ўқитувчи бўлса, ўзининг соҳасига оид зарур илмлардан хабардор бўлишидан ташқари, мусулмон ўлароқ яқин дугоналарига руҳий озуқа беришдек вазифани ҳам адо этмоғи лозим бўлади. Уларга таъсир  ўтказиши учун унда руҳий ва фикрий бўшлиқни тўлдира оладиган ва уларни қийнаган саволларига жавоб бериб, дунё ва охират ишларида уларга кўмак бўла оладиган малака бўлиши лозим.

Агар биз ёвуз кучларнинг бу динга ва дин аҳлига қарши олиб бораётган курашларини тушуниб етсак эди, уларнинг ёш авлодни дин тушунчасидан узоқлатиш ва уларга динни хунук кўрсатиш йўлида қўллаётган турли-туман кураш услубларини кузатсак эди, душманларнинг бизга қарши курашдаги ҳаракатлари бизни лоқайд бўлиб, қўл қовуштириб ўтиришимизга асло йўл қўймас эди. Аёвсиз курашни қўл қовуштириб ўтириш билан енгиб бўлмайди.

Имом Аҳмаддан Аллоҳ рози бўлсин, у зот айтади: “Одамларнинг илмга бўлган эҳтиёжлари таом ва ичимликка бўлган эҳтиёжларидан кучлироқдир. Сабаби, одам емак-ичмакка кунига бир-икки марта эҳтиёжи тушади, аммо илмга бўлган эҳтиёжи нафасларининг соничадир”.

Имом Шофий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Илм ўқиш нафл намозидан афзалдир”.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам мана шу фикрда бўлган.

Ибн Ваҳб айтади: “Имом Молик ҳузурида эдим. Дафтар-қаламларимни йиғиштириб, намоз ўқиш учун ўрнимдан турган эдим, у: «Қилмоқчи бўлаётган амалинг ташлаб туриб кетган амалингдан афзал эмас», деди”[3].

Булар буюк имомларимизнинг фикрлари эди. Шундай экан, биз нима учун лоқайдлик қиламиз, таълим-тарбия соҳасига бепарво қараймиз?! Масъулиятимизни ҳис этишимиз лозим. Душманларимиз доимо пистирмада, биз эса бирламчи ишларимизни ҳам ташлаб қўйганмиз.

Америка CNN ахборот телеканали асосчиси Тед Тёрнер Мавританиядаги талаба қизлар таълимини молиялаштириш лойиҳасига 5100000 (беш миллион бир юз минг) доллар маблағ сарфлашга қарор қилди. Бу лойиҳа қизларнинг ўқишдан узилиб қолишлари олдини олишни ва ўрта мактабларга тўсиқсиз кириб ўқишларига йўл очиб беришни мақсад қилган[4].

Нима учун биз уларга бизнинг қосирлигимиздан фойдаланиб, ўз кўзлаган мақсадларига етишлари учун майдонни бўшатиб қўйишимиз керак? Улар кўпдан бери бизга ичкаридан зарба бериш учун фурсатни ғанимат билмоқдалар. Илм-маърифат ниқоби остида маккор режаларини амалга ошириб келмоқдалар. Ўз тушунчаларидаги илм-маърифат номи ила ҳар ерда мусулмон аёлларни очилишга ва масъулиятсизликка чақирмоқдалар.

[1]  Ибн Таймия. «Ал-мажмуъ ал-фатово», 14/212.

[2]  Ибн Жамоа Киноний. «Ат-тазкира ас-сомеъ вал-мутакаллим фи адабил-олим вал-мутаъаллим», 36-37-бетлар.

[3] Ибн Қаййим, “Таҳзиб мадориж ас-соликийн”, 485-бет, Абдулмунъим Солиҳ таҳзиби

[4] “Иттиҳод” газетаси, 29.03.1422 ҳижрий йил сони

Изоҳ қолдиринг