Дард ва даво (55): Гуноҳнинг касофати (15) Гуноҳ – Аллоҳ бандани унутишига сабаб бўлади (2)

0

(Давоми)

Шунингдек, осий банда Аллоҳ таоло Қуръонда иймон келтирганларга насиб этишини айтган барча яхшиликлардан қуруқ қолади. Улар юзга яқин хислат бўлиб, уларнинг ҳар бири дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқ саналади. Жумладан:

а) Аллоҳ мўминларга буюк ажр-савоб беради. Аллоҳ таоло айтади: “Яқинда Аллоҳ мўминларга улуғ ажр ато этажак!” (Нисо, 146).

б) Аллоҳ мўминларни дунё ва охират ёмонликларидан ҳимоя қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур” (Ҳаж, 38).

в) Аршни кўтариб турувчи фаришталар мўминлар ҳаққига дуо-истиғфор айтади. “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас, тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин” (Ғофир, 7).

г) Аллоҳ мўминларни дўст тутади. Аллоҳ дўст тутган кимса, асло хор бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради” (Бақара, 257).

д) Аллоҳ фаришталарни мўминларни ҳақда собитқадам қилишга буюради. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларни собитқадам қилинглар! Мен кофир бўлган кимсаларнииг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди” (Анфол, 12).

д) Мўминларга Аллоҳнинг ҳузурида олий мартабалар, мағфират ва кенг ризқ берилади. [Аллоҳ таоло айтади: “Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир”].

е) Аллоҳ мўминларга азизлик ато этади. Аллоҳ таоло айтади: Ҳолбуки, азизлик (куч-қудрат) Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир” (Мунофиқун, 8).

ё) Аллоҳ ҳамиша иймон келтирган бандалар билан бирга бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ мўминлар билан биргадир” (Анфол, 19).

ж) Аллоҳ дунё ва охиратда мўминларга юқори мартабалар беради. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур” (Мужодала, 11).

з) Аллоҳ мўминларга Ўз раҳматидан икки ҳисса ато этиб, тўғри йўлда юришлари учун ҳидоят нурини беради ва гуноҳларини мағфират қилади. [Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад алайҳиссалом)га ҳам иймон келтиринглар, (шунда) У зот сизларга Ўз раҳматидан икки ҳисса ато этур ва сизлар учун (қиёмат кунида олдиларингизда) юрадиган нур (пайдо) қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир[1]].

и) Аллоҳ таоло мўминларга муҳаббат қўяди. Яъни уларни яхши кўради ва фаришталарга, пайғамбарларга ва солиҳ бандаларга ҳам уларни севимли қилиб қўяди. [Аллоҳ таоло айтади: “Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур[2].]

й) Қўрқув қаттиқ бўладиган кунда (қиёмат кунида) мўминларни қўрқувдан омонда сақлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, кимлар иймон келтириб, (ўзларини) тузатсалар, уларга хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар” (Анъом, 48).

к) Мўминларга шундай неъматлар ато қилинганки, бизлар ҳар куни ўн етти бор Аллоҳдан уларнинг йўлига бизларни йўллашини сўрашликка буюрилганмиз.

л) Қуръон фақат мўминлар учун ҳидоят ва шифо бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: «У (яъни Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва шифодир»” (Фуссилат, 44).

Хуллас, иймон барча яхшиликни жалб қилувчи сабабдир. Дунёда ва охиратдаги барча яхшиликнинг сабаби иймондир. Дунёда ва охиратдаги барча ёмонликнинг сабаби эса иймонсизликдир. Банда қандай қилиб иймон доирасидан чиқарадиган ва уни иймондан тўсадиган ишларга бепарво бўлади?! Албатта, бу гуноҳлар уни умумий мусулмонлик доирасидан чиқармайди. Аммо уларда бардавом бўлса ва улардан тийилмаса қалби (ҳидоятни кўрмайдиган бўлиб) қопланиб қолиши хавфи туғилади. Оқибатда, бутунлай Исломдан чиқиб кетиши мумкин. Шунинг учун салаф солиҳларимиз гуноҳ ва маъсиятлардан қаттиқ қўрқишган эди. Улардан бири бундай деган экан: “Сизлар гуноҳлардан қўрқасизлар, мен эса гуноҳлар сабабидан кофир бўлиб кетишдан қўрқаман”.

[1] Ҳадид, 28.
[2] Марям, 96.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг