Дард ва даво (56): Гуноҳнинг касофати (16) Гуноҳлар Аллоҳ ва охират сари юриб бораётган қалб ҳаракатини сусайтиради

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар Аллоҳ ва охират сари юриб бораётган қалб ҳаракатини сусайтиради

 Гуноҳлар Аллоҳ ва охират сари юриб бораётган қалб ҳаракатини сусайтиради, ё йўлига тўғоноқ бўлади, ё бутунлай уни ҳаракатдан тўхтатиб қўяди, унинг Аллоҳ ва охират томон бир қадам ҳам ташлашига йўл бермайди. Бундан ҳам ёмони уни кетаётган йўлидан ортига қайтариб юбориши мумкин. Чунки гуноҳ манзилга (Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига) етай деган қалбни унга киришдан тўсади, ҳали йўлда давом этаётган қалбни йўлидан тўхтатади, энди йўлга чиққан қалбни эса ортига қайтариб юборади.

Зеро, қалб ўзидаги қуввати (иймон қуввати) билан Аллоҳ томон юриб боради. Агар қалб гуноҳлар билан касалланса, уни Аллоҳ томон ундаётган қуввати заифлашади. Борди-ю, ушбу қувват бутунлай йўқолса, қалб Аллоҳдан бутунлай узилиб қолади. Бу ҳолатда унинг қайта тикланиши жуда қийин бўлади. Аллоҳ сақласин!

Шубҳасиз, гуноҳлар ё қалбни ўлдиради, ё уни хатарли дардга мубтало қилади, ё унинг қувватини заифлаштиради. Охир-оқибат, Пайғамбаримиз паноҳ сўраган саккизта иллатга дучор қилади. Улар ғам ва қайғу, ожизлик ва дангасалик, қўрқоқлик ва бахиллик, қарз юки (ташвиши) ва инсонлар банда устидан ҳукмрон бўлиши (зўрвонлиги)дир.

Мазкур иллатлардан ҳар бир жуфти бир-бирига болиқ икки иллатдир. Чунки қалб хуш кўрмайдиган иш келажакда содир бўладиган ишлардан бўлса, ғамни пайдо қилади, ўтиб кетган иш бўлса, қайғуни пайдо қилади. Шу жиҳатдан бу иккиси бир бирига боғлиқдир. Ожизлик ва дангасалик ҳам ўзаро шерик. Банданинг яхши ва муваффақиятли ишларда оқсаши куч-тоқати етмагани сабабли бўлса, ожизлик саналади. Борди-ю, куч-тоқати ета туриб оқсаса, дангасалик саналади.

Қўрқоқлик ва бахиллик ҳам шерикдир. Агар инсон (керакли ўринда) танаси билан ўзгаларга фойда беролмаса, қўрқоқлик бўлади. Агар (керакли ўринда) мол-давлати билан фойда бермаса, бахиллик бўлади.

Қарз юки ва инсонлар зўравонлиги ҳам шерикдир. Агар инсонлар унинг устидан ҳукмрон бўлиши ҳақ йўл ила бўлса, қарз юки бўлади. Борди-ю, ноҳақ йўл билан бўлса, зўравонлик бўлади.

Мақсадга ўтсак, гуноҳлар мазкур саккиз иллатни келтириб чиқарувчи энг кучли сабаблардан ҳисобланади. Шунингдек, гуноҳлар бало-мусибатнинг кучайишини, бахтизликнинг ёғилишини, ёмон офатлар ва душманга кулги бўлишни келтириб чиқарувчи кучли омиллардандир. Қолаверса, гуноҳлар Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг кетишига, ором-осойишталикнинг йўқолишига, кутилмаган балонинг келишига ва Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган жамики ишларга олиб борадиган кучли омиллардан ҳам ҳисобланади.

Бўлим

  1. Гуноҳлар неъматнинг кетиши ва офатнинг келишига сабаб бўлади

Гуноҳлар Аллоҳ таоло ато этган неъматларни кетказиб, Унинг жазо-уқубатларини, ғазабини олиб келади. Бандадан бирор неъмат кетса, албатта гуноҳ сабабли кетади, бошига бирор мусибат етса, албатта гуноҳ сабабли етади. Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар бир бало-мусибат бир гуноҳ сабабли тушади ва тавба билангина аритилади”.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, ўз қўлларингиз қилган нарса гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур” (Шўро, 30);

Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи эканидир” (Анфол, 53).

Мазкур оятларда Аллоҳ таоло бирор кишига инъом этган неъматларини то у ўзини ўзгартирмагунича ўзгартирмаслиги (олиб қўймаслиги) ҳақида хабар бермоқда. Масалан, банда Аллоҳнинг тоат-ибодатини гуноҳ-маъсиятларга, Унга шукр қилишни кўрнамакликка, Уни рози қиладиган амалларни ғазабини келтирадиган амалларга ўзгартирса, ана шунда қилмишига муносиб жазо тарзда унга берилган неъматлар жазо-уқубатга ўзгартирилади. Раббимиз бандаларига ҳечам зулм қилмайди. Агар банда маъсиятларни тоат-ибодатга ўзгартирса, Аллоҳ таоло ҳам жазо-уқубатни офиятга, хорлигини азизликка ўзгартиради.

Аллоҳ таоло айтади: “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир” (Раъд, 11).

Ҳадис қудсийлардан бирида айтилишича, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Иззатим ва буюклигимга қасамки, бирор бандам Мен яхши кўрадиган амал устида бўлиб, сўнг Мен ёмон кўрадиган ҳолатга ўтса, Мен ҳам уни ўзи яхши кўрадиган ҳолатидан ёмон кўрадиган ҳолатига ўтказиб қўяман. Бирор бандам Мен ёмон кўрадиган ҳолатда бўлиб, сўнг Мен яхши кўрадиган ҳолатга ўтса, Мен ҳам уни ўзи ёмон кўрадиган ҳолатдан яхши кўрадиган ҳолатига ўтказиб қўяман”.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг