Таҳорат: Жунуб кишига ҳаром қилинган ишлар

0

Учинчидан: жунуб кишига ҳаром қилинган ишлар

Жунуб кишига ҳаром қилинган ишларни иккига бўлиш мумкин:

  • Жунуб кишига ҳаромлигида ихтилоф бўлмаган ишлар;

  • Жунуб кишига ҳаромлигида ихтилоф қилинган ишлар.

Қуйида мазкур икки тур ишларни, шунингдек, ихтилофли бўлган ишлардаги рожиҳ – тўғрироқ фикрни баён қиламиз.

Биринчидан: жунуб кишига ҳаромлигида ихтилоф бўлмаган ишлар

  1. Намоз

Жунуб киши то ғусл қилмагунча намоз ўқиши ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, маст ҳолингизда то нима деяётганингизни билмагунингизча намозга, шунингдек, жунуб ҳолингизда то ғусл қилмагунингизча масжидга яқинлашманг. (Жунуб ҳолингизда масжидда ўтирмасдан) юриб ўтиб кетишингиз бундан мустаснодир» (Нисо, 43).

  1. Каъбани тавоф қилиш

Жунуб киши Каъбани тавоф қилиши ҳаромдир. Бунга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси далил бўлади: «Каъбани тавоф қилиш намоз (каби)дир»[1].

Иккинчидан: жунуб кишига ҳаромлигида ихтилоф қилинган ишлар

  1. Қуръон тиловат қилиш

Баъзи уламоларнинг фикрича, жунуб киши Қуръон ўқиши ҳаромдир. Улар бунга «сунан» соҳиблари Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни далил қилганлар. Ҳадисда Али разияллоҳу анҳу бундай дейди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга кирар эдилар. Сўнг ҳожатдан чиқиб Қуръон ўқир, биз билан бирга гўшт ер эдилар. Жанобатдан бошқа нарса у зотни Қуръондан тўсмас эди»[2].

Ушбу ҳадисни баъзи уламолар заиф деган бўлса, баъзилар ҳасан деган. Ҳадисни ҳасан деб фараз қилган тақдирда ҳам, унда жунуб кишини Қуръон ўқишдан ман қиладиган далил йўқ.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисда (Қуръон ўқиш) ҳаром эканига далил мавжуд эмас. Ҳадис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолатларида Қуръон ўқимаганларини ифода этади, холос. Бундай ҳадисга таяниб макруҳ дейиш ярамайди-ю, ҳаром дейишга қаёқдан ярасин?! Дарҳақиқат, Бухорийнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан «муаллақ» тарздаги ривоятида келишича, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо жунуб кишининг Қуръон тиловат қилишини жоиз деб билган. Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ҳолатларида Аллоҳни зикр қилар эдилар»[3] деган ҳадиснинг умумий мазмуни, шунингдек, «аслида бирон далил келмагунча ҳар қандай амални қилиш жоиздир» деган қоида ҳам жунуб киши қироат қилиши жоизлигини қўллаб-қувватлайди. Ойша разияллоҳу анҳо ҳадисидан тушунилган умумни хослаш ҳамда мазкур қоидадан чиқиш учун саҳиҳ далил бўлиши лозим»[4].

Мазкур ҳукм жунуб кишига ҳам, ҳайз кўрган аёлга ҳам тегишлидир. Бироқ жунуб киши Қуръон тиловат қилмоқчи бўлса ғусл қилишга шошилиши афзал. Зеро, шундай қилса ибодати мукаммал бўлади. Қолаверса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Аллоҳни таҳоратсиз зикр қилишни хуш кўрмайман»[5], деганлар.

  1. Мусҳафни ушлаш

Жунуб кишининг мусҳафни ушлаш ҳукми унинг Қуръонни тиловат қилиш ҳукми билан баробар.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Бароати аслийя” – аслида бирон далил келмагунча ҳар қандай амални қилиш жоиздир, деган қоида мусулмон жунуб киши мусҳафни ушлаши жоиз деганлар фикрини қўллаб-қувватлайди. Жунуб киши мусҳафни ушлашини тақиқлайдиган бирон саҳиҳ далил келмаган»[6].

Жунуб киши мусҳафни ушлашини ман қилувчилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Қуръонни фақат пок киши ушлайди»[7] деган ҳадисларини далил қилишади. Ҳолбуки, ҳадисдаги «пок» сўзи муштарак – бир неча маънони ифода этувчи сўзлардан. Мўмин киши хоҳ жунуб бўлсин, хоҳ жунуб бўлмасин, покдир.

Шунингдек, ман қилувчилар «Уни фақат пок зотларгина ушлайди» (Воқеа, 79) деган оятни далил қиладилар. Бироқ уламоларнинг бу борадаги рожиҳ – тўғрироқ фикрларига кўра, оятдан мусҳаф эмас, балки Аллоҳнинг ҳузуридаги тақдири азалий ёзилган «лавҳул маҳфуз», пок зотлардан эса фаришталар назарда тутилган, валлоҳу аълам.

  1. Масжидда ўтириш

Уламолар жунуб кишининг масжидда ўтириши хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзилар унинг масжидда ўтиришини жоиз десалар, баъзилар ман қилганлар.

Жунуб кишининг мажидда қолишини ман қилганлар Аллоҳ таолонинг «Шунингдек, жунуб ҳолингизда то ғусл қилмагунингизча масжидга яқинлашманг. (Жунуб ҳолингизда масжидда ўтирмасдан) юриб ўтиб кетишингиз бундан мустаснодир» (Нисо, 43), деган сўзини ҳамда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Албатта, мен масжидни жунубга ҳам, ҳайз кўрган аёлга ҳам ҳалол қилмайман»[8], деган ҳадисларини далил қилишган. Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «Билиб қўйинг, бу масжид жунуб кишига ва ҳайз кўрган аёлга ҳалол эмас»[9] дейилган.

Мазкур масаладаги тўғрироқ фикр жунуб кишининг масжидда қолишини жоиз деган уламолар фикридир. Бунга далил аввало “Бароати аслийя” – аслида бирон далил келмагунча ҳар қандай амални қилиш жоиздир, деган қоида бўлса, иккинчидан, унинг масжидда қолишини ҳаром қиладиган яроқли далилнинг йўқлигидир. Жунуб кишининг масжидда қолишини ман қилганлар келтирган ҳадислар заиф ҳадислардир. Юқорида келтирилган биринчи ҳадис «музтариб» (заиф) ҳадисдир. Устига-устак ҳадис санадида Жасра бинти Дажожа бор. Бухорий у ҳақда: «У (ҳеч ким эшитмаган) ажиб ва ғариб ҳадисларни айтиб юради», деган. Иккинчи ҳадис эса мурсал (заиф) ҳадисдир.

Бағавий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳмад ва Музаний жунуб кишининг масжидда қолишини жоиз дейишган. Аҳмад (бу борада келган) ҳадисни заифга чиқарган. Чунки ҳадис ровийси Афлат мажҳул шахсдир[10]. Оятга келсак, «юриб ўтиб кетувчилар»дан мусофир кишилар назарда тутилган. Унга кўра, мусофир киши жунуб бўлиб қолса, таяммум қилиб намоз ўқийверади. Дарҳақиқат, бу тафсир Ибн Аббосдан ривоят қилинган»[11].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, суффа аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида масжидда тунар эдилар. Маълумки, улар катта жамоат эдилар. Албатта, улар ичида эҳтилом бўладиганлари бўлган. Шунга қарамай, масжидда тунашдан қайтарилмаганлар»[12].

Шундай бўлса-да, жунуб киши масжидда ўтирмоқчи бўлса таҳорат олиши мустаҳабдир. Ато ибн Ясор айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини кўрдим: жунуб бўлсалар намозга таҳорат олгандек таҳорат олиб масжидда ўтираверар эдилар»[13].

[1] Насоий (5/222), Аҳмад (3/414, 4/64) ривояти. Тўғрироқ фикрга кўра, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъ ал-фатово»да (26/198) ихтиёр қилганидек, мазкур сўз Ибн Аббоснинг сўзидир. Дарҳақиқат, Шайх Мустафо Адавий «Ал-жомеъ ли-аҳком ан-нисо» китобида (2/515) мазкур сўз Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг сўзи эканини атрофлича ёритган.
[2] Абу Довуд (229), Ибн Можа (594), Термизий (146), Насоий (1/144) ривояти. Ҳадисни Имом Аҳмад, замондош муҳаддислардан Шайх Албоний заиф деган. Қаранг: Албоний. «Тамом ал-минна фи тахрижи аҳодиси фиқҳ ас-сунна», 119-бет.
[3] Муслим (373), Абу Довуд (18), Термизий (3384), Ибн Можа (303) ривояти.
[4] «Найл ал-автор», 1/284.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (17), Насоий (1/37), Ибн Можа (350) ривояти.
[6] Қаранг: Албоний. «Тамом ал-минна фи тахрижи аҳодиси фиқҳ ас-сунна», 119-бет.
[7] Молик («Ал-муватто», 1/199, 469-ҳадис), Ибн Ҳиббон (6559), Дорақутний (1/122) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (122) саҳиҳ деган.
[8] Абу Довуд ривояти, 232. Ҳадис санади заифдир. Чунки ровийлар сафида Жасра бинти Дажожа бор бўлиб, у ҳақда Бухорий: «У (ҳеч ким эшитмаган) ажиб ва ғариб ҳадисларни айти
юради», деган.
[9] Ибн Можа ривояти, 645. Ҳадисни Бусирий заиф деган. Чунки санадида мажҳул ровий бор. Албоний «Заиф ал-жомеъ»да (1782) келтирган.
[10] Ҳадисни заиф қилган иллат бу эмас. Зеро, Афлат «садуқ» (ростгўй) ровий бўлиб, Имом Аҳмад у ҳақда: «Унда (ривоятини рад этишга сабаб бўладиган) бирон иллат йўқ», деган бўлса, Дорақутний: «Солиҳ ровий», деган. Юқорида айтиб ўтилгандек, ушбу ҳадисни заифга чиқарган иллат Жасра бинти Дажожадир.
[11] Бағавий. «Шарҳ ас-сунна», 2/46.
[12] «Ал-муҳалло», 2/250.
[13] Ҳасан. Саид ибн Мансур «Тафсир»да (646) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг