Дард ва даво (57): Гуноҳнинг касофати (17) Гуноҳ сабаб қалбга қўрқув ва ҳадик киради

0

Бўлим

  1. Гуноҳ сабаб қалбга қўрқув ва ҳадик киради

Аллоҳ таоло гуноҳкор банданинг қалбига қўрқув ва ҳадик солади. Шу сабабли уни ҳамиша қўрққан, ҳадиксираган ҳолда кўрасиз. Дарҳақиқат, тоат-ибодат Аллоҳ таолонинг мустаҳкам қўрғонидир. Ким унинг ичига кирса, дунё ва охират уқубатларидан омонда бўлади, ким ундан чиқса, ҳар томондан уни қўрқув (хавф-хатар) ўраб олади. Бинобарин, Аллоҳга тоат-ибодат қилган банданинг хавф-хатари омонликка, осий банданинг омонлиги хавф-хатарга айланади.

Осийни худди қалби қушнинг икки қаноти ўртасида турган инсондек қўрққан,  ҳадиксираган ҳолда кўрасиз. Шамол эшикни қимирлатгундек бўлса, мени излаб келишди, тамом бўлдим, деб ўйлайди. Қадам товуши эшитилгудек бўлса, қилмишимдан хабар топиб, жавобгарликка тортиш учун келишди, деб қўрқувга тушади. Ҳар бир дашномни ўзига қаратилган, ҳар бир ёмонлик уни таъқиб қилиб юргандек туюлаверади. Демак, ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ уни барча қўрқув ва ташвишдан омонда сақлайди. Ким Аллоҳдан қўрқмаса, ҳамма нарсадан қўрқадиган қилиб қўяди.

Одам зоти яратилибдики, Аллоҳ жиноят ва қўрқувни ажрамас ҳамроҳ қилиб қўйибди.

Бўлим

  1. Гуноҳлар қалбда кучли ётсираш пайдо қилади

Гуноҳкор банда ўзини ҳаммадан: Раббисидан, одамлардан, ҳатто ўз жонидан узоқлашганини, ётсираётганини ҳис этади. Гуноҳлар кўпайгани сари бу туйғу ҳам кучайиб бораверади.

Энг аччиқ ҳаёт ҳаммадан ётсирайдиган ва қўрқадиган инсоннинг ҳаётидир. Энг ширин ҳаёт қалби (Аллоҳнинг зикри ва тоат-ибодатига) улфат кишининг ҳаётидир.

Агар ақли бор инсон фикр юритиб, маъсият қилиб тотган лаззати билан маъсият ортидан қалбида пайдо бўлган қўрқув ва ётсирашни солиштириб кўрса, ўзининг ёмон ҳолатга тушганини, қаттиқ алданганини билади. Чунки у тоат-ибодат қувончини, хотиржамлигини, лаззатини маъсият ортидан келадиган ётсираш ва қўрқув эвазига сотиб юборди. Шоир қуйидаги маънода шеър битган экан: “Агар гуноҳлар сени ҳаммадан бегоналаштирган бўлса, бу туйғудан қутилмоқчи бўлсанг, гуноҳларни ташлаб, тоат-ибодатни улфат эт”.

Масаланинг сири шундаки, тоат-ибодат бандани Раббига яқинлаштиради. Банда Раббига қанча яқин бўлса, Рабби билан қалби шодланиши ҳам шунча кучли бўлади. Маъсиятлар эса бандани Раббидан узоқлаштиради. Банда Раббидан қанчалик узоқлашса, Ундан ётсираши (ёқтирмаслиги) ҳам шунча кучли бўлади. Бинобарин, банда душмани билан ёнма-ён яшаса-да, қалби ундан қанчалар узоқлигини, бегонасирашини ҳис этади. Аксинча, ёқтирган инсони қанчалар узоқда бўлмасин, қалби унга яқинлигини ва у билан шодланишини ҳис этади.

Ётсираш сабаби орадаги пардадир. Парда қалинлашган сари ётсираш ҳам кучайиб боради. Ғафлат ҳам ётсирашни пайдо қилади. Гуноҳ ва маъсият пайдо қиладиган ётсираш ғафлатникидан ёмонроқ, ундан ҳам ёмонроғи ширк ва куфр сабабли пайдо бўладиган ётсирашдир.

Мазкур ишларнинг бирига қўл урган инсон қилмишига яраша вужудини ётсираш қамраб олганини кўрасиз. Ётсираш унинг юзини, қалбини қоплаб олади. Натижада, унинг ҳаммадан ётсирашига ва ҳамма ундан ётсирашига гувоҳ бўласиз.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг