Таҳорат: Ғусл қилиш мустаҳаб ҳолатлар

0

Ғусл қилиш мустаҳаб ҳолатлар

  1. Маййитни ювгач ғусл қилиш

Маййитни ювган киши ғусл қилиши мустаҳабдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким маййитни ювган бўлса ғусл қилсин, ким уни кўтарган бўлса таҳорат олсин»[1].

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аслида ушбу ҳадисдаги бўйруқ зоҳири унда зикр қилинган ишларни қилиш вожиблигини ифода этади. Бироқ қуйидаги икки ҳадисга таяниб мазкур икки амални вожиб демаймиз:

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Маййитларингизни ювган киши ғусл қилиши вожиб эмас. Зеро, маййитларингиз нажосат эмас. Балки қўлларингизни ювишингиз кифоядир»[2].

  • Ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Маййитларни ювар эдик. (Маййитни ювгани учун) баъзиларимиз ғусл қилар, баъзиларимиз эса ғусл қилмас эди”[3]»[4].

  1. Ҳайит намози учун ғусл қилиш

Икки ҳайит намози учун ғусл қилиш хусусида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Балки бу ҳақда бир қанча асарлар – саҳобаларнинг сўзлари нақл қилинган. Уларни «Ҳайит намозига оид ҳукмлар»да келтирамиз, иншааллоҳ. Дарҳақиқат, уламолар мазкур асарларга таяниб, шунингдек, жума куни учун қилинадиган ғуслга қиёсан ҳайит куни ғусл қилишни мустаҳаб санаганлар.

  1. Эҳром кийишдан олдин ғусл қилиш

Жумҳур уламоларнинг фикрича, ҳаж ёки умра учун эҳром киймоқчи бўлган киши ғусл қилиши мустаҳабдир. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳром учун ечиниб ғусл қилганларини кўрган[5].

  1. Маккага кириш олдидан ғусл қилиш

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, «у қачон Маккага келса, Зу Тувада тунар, тонг отгач ғусл қилиб Маккага кундузи кириб борар, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам шундай қилганларини айтар эди»[6].

  1. Арофатда туриш учун ғусл қилиш

Имом Молик Нофеъдан ривоят қилишича, «Ибн Умар разияллоҳу анҳумо эҳромдан олдин, Маккага кириш олдидан ва кечқурун Арофатда туриш учун ғусл қилар эди»[7]. Бироқ мазкур амал Ибн Умарнинг амали, у бу амални Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бермаган[8].

  1. Истиҳоза қони кўрган аёлнинг ғусл қилиши

Истиҳоза қони кўрган аёл ҳар бир намоз учун таҳорат олиши жоиз бўлганидек, ҳар бир намоз учун ёки пешин ва аср намозлари учун бир бор, шом ва хуфтон намозлари учун бир бор ва бомдод намози учун бир бор ғусл қилиши ҳам жоиздир[9].

  1. Ҳар жинсий яқинликдан кейин ғусл қилиш

Эр-хотин ҳар жинсий яқинликдан кейин ғусл қилиши мустаҳабдир. Абу Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни барча аёллариникига кириб чиқдилар. Улардан ҳар бириникида ғусл қилдилар. Абу Рофеъ айтади: «Эй Расулуллоҳ, бир марта ғусл қилиб қўйсангиз бўлмасмиди?» дедим. «Шу (яъни ҳар жинсий яқинликдан сўнг алоҳида ғусл қилиш ботинни ёмон хислатлардан) покловчироқ, (ҳар икки томон учун) ёқимлироқ ва (бадан учун) покизароқдир», дедилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам»[10]. Инсон бир неча аёллари билан жинсий яқинлик қилгач бир бор ғусл қилиши жоиз бўлгани учун ҳар жинсий яқинликдан сўнг ғусл қилиш мустаҳаб бўлди. Чунки ҳадисда келишича, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча аёллари билан жинсий яқинлик қилгач бир бор ғусл қилганлар»[11]. Бундан маълум бўладики, ҳар жинсий яқинликдан сўнг ғусл қилиш вожиб эмас, балки мустаҳаб экан.

  1. Хушдан кетган инсон ўзига келгач ғусл қилиши

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғирлашиб қолдилар ва «Одамлар намоз ўқидиларми?» деб сўрадилар. Биз: «Улар сизни кутиб туришибди, эй Расулуллоҳ», дедик. «Мен учун тоғорага сув тўлдиринглар», дедилар. Биз шундай қилдик ва у зот ғусл қилдилар. Сўнг ўринларидан турмоқчи бўлган эдилар хушдан кетиб қолдилар. Сўнг ўзларига келиб: «Одамлар намоз ўқидиларми?» деб сўрадилар. Биз: «Йўқ, улар сизни кутиб туришибди, эй Расулуллоҳ», дедик. «Мен учун тоғорага сув тўлдиринглар», дедилар. Биз шундай қилдик ва у зот ғусл қилдилар. Сўнг ўринларидан турмоқчи бўлган эдилар яна хушдан кетиб қолдилар. Сўнг ўзларига келиб: «Одамлар намоз ўқидиларми?» деб сўрадилар. Биз: «Йўқ, улар сизни кутиб туришибди, эй Расулуллоҳ», дедик» (Сўнг Ойша разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакрга чопар юборишларини айтади)[12].

Эслатма:

Агар инсон хушдан кетган ёки ақлдан озган пайтида жинсий аъзосидан маний чиқса, уйқудаги одамга қиёсан ғусл қилиши вожиб бўлади.

[1] Санади ҳасан. Термизий (993), Ибн Можа (1463), Абу Довуд (3161) ривояти. Ҳадис матни Абу Довудга оид.
[2] Ҳасан. Ҳоким (1/386), Дорақутний (2/76), Байҳақий (3/398) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг бу фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ат-талхис»да (1/137, 138) ҳасан, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (5408) саҳиҳ деган.
[3] Дорақутний (2/72, саҳиҳ санад билан), Байҳақий (1/306) ривояти. Албоний «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна»да (121-бет) саҳиҳ деган.
[4] Албоний. «Аҳком ал-жаноиз», 53-бет.
[5] Ҳасан. Термизий (830), Ибн Хузайма (2595), Байҳақий (5/32) ривояти. Албоний «Ал-ирво»да (149) ҳасан деган.
[6] Бухорий (1573) ва Муслим (1259) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Имом Молик «Ал-муватто»да (1/322) ривот қилган.
[8] Шайхулислом Ибн Таймиянинг фикрича, Маккага кириш, Арофатда туриш, Муздалифада тунаш, Жамаротда тош отиш, видолашув тавофи учун ғусл қилиш мустаҳаб эмас. Қаранг: «Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя», 4-бет.
[9] Мазкур масалага доир тафсилотлар ва далиллар билан яқиндан танишиш учун «Истиҳоза боби»га мурожаат қилишингиз мумкин.
[10] Ҳасан. Абу Довуд (219), Ибн Можа (590), Аҳмад (6/8), Табароний («Ал-кабир», 1/326) ривояти.
[11] Бухорий (284, 5215), Муслим (309), Абу Довуд (218), Термизий (140), Насоий (1/143), Ибн Можа (588) ривояти.
[12] Бухорий (687), Муслим (418) ривояти.

Изоҳ қолдиринг