Таҳорат: Ғусл қилиш тартиби

0

Ғусл қилиш тартиби

Ғусл қилиш деганда бутун танани сув билан ювиш назарда тутилади. Қай шаклда бўлишидан қатъи назар, ҳатто тананинг уст қисмидан олдин паст қисми ювилса ҳам, бутун тана сув билан ювилган бўлса, ғусл дуруст бўлаверади. Бироқ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам амал қилган ғусл қилиш тартибига риоя қилиш мустаҳабдир. Зеро, мазкур тартиб ғуслнинг энг мукаммал кўринишидир. Бинобарин, ғуслнинг иккита рукни бор.

Биринчиси: ният

Аллоҳ таоло айтади: «Улар фақат Аллоҳга холис тоат-ибодат қилишга буюрилган эдилар» (Баййина, 5). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур»[1].

Иккинчиси: бутун танани сув билан ювиш

Мукаммал ғусл қилиш тартиби Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда бундай таърифланади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобатдан ғусл қилсалар, аввало икки қўлларини ювар, сўнг ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, авратларини ювар, сўнг худди намозга таҳорат олгандек таҳорат олар эдилар. Сўнг қўлларига сув олиб бармоқлари билан бошларини ишқалар, сочларининг ораларига сув кириб борганига ишонч ҳосил қилгач, уч ҳовуч сув олиб бошларидан қуяр эдилар. Сўнг таналарининг қолган жойларини ювар, сўнг (охири) икки оёқларини ювардилар»[2]. «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да келган бир ривоятда бундай дейилади: «Сўнг қўлларини сочларининг орасига киргизиб ишқалар, бош терисига сув етиб борганига ишонч ҳосил қилгач, бошларидан уч бор сув қуяр эдилар»[3].

Дарҳақиқат, баъзи ривоятларда икки оёқни кечиктириб ювганлари ҳам келган.

Шунга кўра, комил ғусл қилиш тартиби қуйидагича бўлади:

  1. Ғуслни ният қилади;

  2. Қўлларини идишга ботиришдан олдин ювади. Айниқса, уйқудан уйғонган бўлса, уларни ювиш янада таъкидли бўлади;

  3. Авратидаги нажосатни ювиб кеткизади;

  4. Авратини ювгач яна қўлларини ювади;

  5. Таҳорат олади (Икки оёғини ювмай туради. Баъзи уламолар таҳорат олганда оёқларни ювишни ҳам жоиз дейишган. Бу ихтилоф ҳадисдаги ихтилофдан келиб чиққан);

  6. Бошини ювади (Аёл киши турмакланган сочларини ёйиши шарт эмас. Балки қўлига сув олиб бош терисига сув етиб борадиган даражада ҳўл бармоқларини сочининг орасига киргизиши кифоя. Сўнг бошидан сув қуяди. Сув турмакланган сочларининг ораларига кириш ёки кирмаслигининг аҳамияти йўқ);

  7. Баданининг қолган жойларига сув қуяди. Дастлаб ўнг томонини, сўнг чап томонини ювиши мустаҳабдир;

  8. Сўнг ғусл қилган жойидан четга ўтиб оёқларини ювади.

[1] Бухорий  (1) ва Муслим (1907, 155) ривояти.
[2] Бухорий (248), Муслим (316) ривояти.
[3] Бухорий (273), Муслим (316) ривояти.

Изоҳ қолдиринг