Таҳорат: Ғуслга оид масала ва эслатмалар

0

Ғуслга оид масала ва эслатмалар

  1. Аёл киши жанобат ёки ҳайздан ғусл қилиши учун турмакланган сочини ёйиши шарт эмас. Балки сув бош терисига етадиган даражада бошидан сув қуйиши етарлидир. Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, мен сочимни ўриб оламан. Жанобатдан ғусл қилишим учун турмакларимни ечишим шартми?» деб сўрадим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, бошингга уч ҳовуч сув қуйишинг, сўнг қолган жойларингга сув оқизишинг етарли, шу билан пок бўласан»[1], деб жавоб бердилар. Бошқа бир ривоятда Умму Салама: «Ҳайз ва жанобат(дан ғусл қилишим) учун турмакларимни ечишим керакми?»[2] деб сўрайди. Маълум бўладики, аёл киши хоҳ жанобатдан, хоҳ ҳайздан ғусл қилсин, турмакларини ёйиши вожиб эмас экан. Мазкур фикр бу борада уламолар билдирган энг тўғрироқ фикрдир, иншааллоҳ.

  2. Аёл киши ҳайз ёки нифосдан ғусл қилмоқчи бўлса, бир парча пахта ёки шунга ўхшаш мато олиб, уни мушк ёки бирон хушбўйликка белаб, қон келадиган жойини артиши мустаҳаб бўлади. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Асмо бинти Язид Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан ғусл қилиш ҳақида сўради. У зот айтдилар: «Сизлардан бирингиз сувини ва сидрини (совун ўрнида ишлатиладиган дарахт япроғи) ҳозирлайди. (Намозга таҳорат олгандек) таҳорат олади, таҳоратини мукаммал қилади. Сўнг бошига (сув) қуяди ва сув бош терисига етиб боргунга қадар бошини яхшилаб ишқалайди. Сўнг бутун танаси устидан сув қуяди. Сўнг мушкка беланган бир парча мато (пахта ёки жун) олиб шу билан покланади». Асмо деди: «У билан қандай покланади?». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Субҳоналлоҳ! Шу билан поклан». Ойша фақат Асмо эшитадиган қилиб деди: «Қон изи (яъни жинсий аъзонг)га суртасан»[3].

  3. Эр-хотин биргаликда битта идишдан сув олиб ювиниши жоиздир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «фарақ» (сиғими 16 ритл, тахминан 8,25 литр) деб номланадиган битта идишдан ғусл қилар эдик»[4].

Демак, эр-хотин бир бирларининг авратига қараши жоиздир.

  1. Эр-хотиндан ҳар бири бошқаси ғусл қилган идишда қолган сув билан ғусл қилиши жоиздир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларидан бири (Маймуна) бир тоғора(га қўлини ботириб ундаги сув) билан ғусл қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб ўша тоғорада қолган сув билан таҳорат ёки ғусл қилмоқчи бўлдилар. Шунда (Маймуна): «Ё Расулуллоҳ, мен жунуб эдим», деди. У зот айтдилар: «Сув жунуб бўлмайди (яъни у билан жунуб инсон ғусл қилиши натижасида таҳорат ёки ғусл учун яроқсиз бўлиб қолмайди)»[5].

  2. Ғусл қилиши вожиб бўлган киши денгиз, дарё, кўл каби сув ҳавзаларига шўнғир экан ғуслни ният қилса, қилган ғусли дуруст бўлади. Чунки ғуслдан мақсад бутун танага сув тегишидир.

  3. Жунуб кишининг танасидан оқиб тушган сув поклигини йўқотмайди. Бундай сувни ғусл қилиш учун ишлатиш жоиз. Дарҳақиқат, мазкур масалани ибодат учун ишлатилган сувнинг ҳукмини баён қилганимизда айтиб ўтган эдик.

Агар жанобатдан ғусл қилса, ғусл асносида хоҳ таҳоратни ният қилсин, хоҳ қилмасин, қилган ғусли билан намоз ўқиши дуруст бўлаверади. Негаки, Аллоҳ таоло намоз ўқимоқчи бўлган инсонга, агар таҳоратсиз бўлса таҳорат олишни, жунуб бўлса ғусл қилишни вожиб қилган, холос. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, агар (таҳоратсиз ҳолингизда) намоз ўқишни истасангиз, юзларингизни ювингиз, қўлларингизни ҳам тирсаклари билан қўшиб ювингиз, бошингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан қўшиб ювингиз. Агар жунуб бўлсангиз покланингиз (яъни ғусл қилингиз)» (Моида, 6).

  1. Абу Бакр Ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ғусл таҳоратнинг ўрнини босишида, жанобатдан покланиш нияти таҳоратсизликни йўқотиб юборишида ихтилоф қилишмаган».

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам шуни кўрсатади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл қилар, сўнг (бомдоддан олдинги) икки ракаат (суннат)ни ва бомдод намозини ўқир эдилар. Ғуслдан кейин (қайтадан) таҳорат олардилар деб ўйламайман»[6].

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ғуслдан кейин қайтадан таҳорат олмаслик жанобат сабабли қилинган ғуслга хосдир. Ундан бошқа мустаҳаб ёки вожиб ғуслларда таҳоратсизликни кетказиш учун алоҳида таҳорат олиш лозим бўлиб, ғусл қилиш унинг ўрнини босмайди, валлоҳу аълам.

  1. Агар ҳайз билан жанобат учун ёки жума билан жанобат учун ёки шунга ўхшаш иккита ғусл жамланиб қолса, бу борадаги тўғрироқ фикрга кўра, улардан ҳар бири учун алоҳида ғусл қилиш лозим бўлади, валлоҳу аълам. Баъзи уламоларнинг фикрича, бир ғусл билан ҳар иккисини ният қилиш ҳам жоиздир.

  2. Жунуб киши ёки ҳайз кўрган аёл бошқалар билан бирга ўтириши, суҳбатлашиши ва бирон юмуш билан кўчага чиқиши, шунингдек, танадаги тукларини қириши, тирноқларини олиши ҳам жоиз. Зеро, бу ишларни ман қиладиган далил келмаган[7].

  3. Ғуслдан кейин танани сочиқ билан қуритиш ҳам, қуритмаслик ҳам жоиз. Чунки танани сочиқ билан қуритмаслик хусусида бирон саҳиҳ далил келмаган. Асл қоидага кўра, ҳар икки иш ихтиёрийдир.

Маймуна разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда баданни сочиқ билан қуритмасликка бирон далил йўқ[8]. Ҳадисда Маймуна Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғусл қилганларини айтар экан: «Сўнг (артинишлари учун) сочиқ олиб келдим. У зот бўлса қўллари билан сувни силкита бошладилар»[9], дейди. Кўриб турганингиздек, ушбу ҳадис баданни сочиқ билан қуритиш жоиз эмаслигини ифода этмайди.

  1. Жунуб киши еб-ичмоқчи ёки ухламоқчи бўлса таҳорат олиши мустаҳабдир. Шунингдек, у таҳоратсиз ухлаши ҳам жоиз. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолларида сувга қўл тегизмасдан (яъни таҳорат олмасдан) ухлар эдилар»[10].

  2. Ғуслда баданни ишқалаш шарт эмас. Зеро, ғуслнинг моҳияти бадан устидан сув оқизишдан иборат[11].

  3. Ғусл қилиш борасидаги катта хатолардан бири баъзи аёллар жунуб бўлсалар соч турмаклари бузилмаслиги учун бошларини ювмай қўя қоладилар. Албатта, улар бу ишлари билан гуноҳкор бўладилар ва қилган ғусллари дуруст бўлмайди.

[1] Муслим (330), Абу Довуд (251), Термизий (105), Насоий (1/131), Ибн Можа (603) ривояти.
[2] Муслим ривояти, 330.
[3] Бухорий (314), Муслим (332), Абу Довуд (316), Насоий (1/135), Ибн Можа (642) ривояти.
[4] Бухорий (250), Муслим (319), Термизий (1755) ривояти.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (68), Термизий (65), Насоий (1/173), Ибн Можа (370) ривояти.
[6] Абу Довуд (250), Термизий (107), Ибн Можа (579, «Жанобат сабабли ғусл қилгандан кейин (қайтадан) таҳорат олмас эдилар» деган қўшимча билан) ривояти. Албоний саҳиҳ деган.
[7] Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, мўмин киши нажосат бўлмайди», деганлар.
[8] Бухорий (276), Муслим (317), Абу Довуд (245) ривояти.
[9] Ибн Усаймин. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 1/181. Қаранг: Ибн Қаййим. «Зод ал-маод», 1/197.
[10] Саҳиҳ. Абу Довуд (228), Термизий (118), Аҳмад (6/146) ривояти.
[11] Қаранг: Ибн Ҳажар. «Фатҳ ал-Борий», 1/359.

Изоҳ қолдиринг