Дард ва даво (58): Гуноҳнинг касофати (18) Гуноҳлар қалб саломатлиги ва софлигига путур етказади

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар қалб саломатлиги ва софлигига путур етказади

Гуноҳлар тўғри йўлдаги саломат қалбни касаллик ва адашишликка олиб боради. Қалб гуноҳлар сабабли касал бўлса, тузалиши ва яшаши учун зарур бўлган озуқалардан фойда ололмайди. Зеро, гуноҳларнинг қалбга таъсири худди касалликнинг танага таъсири кабидир. Балки гуноҳлар қалбнинг касаллиги ва дардидир. Унинг давоси фақат уларни тарк қилиш билан бўлади.

Тақво қилиб Аллоҳ томон йўлга чиққан олимлар бир овоздан айтишадики, қалблар Хожасига етишмагунича орзусига етолмайди, қалб соғлом ва тўғри бўлмагунича Хожасига етишолмайди, дардининг ўзи давосига айланмагунича соғлом ва тўғри бўлолмайди. Бу эса ҳавойи нафсга қарши чиқишлик билан амалга ошади. Чунки ҳавойи нафс қалбнинг касаллиги бўлиб, давоси эса унга хилоф иш тутишдир. Агар касаллик қалбни қамраб олса, қалбни ўлдиради ёки ўлдирай дейди.

Ҳавойи нафсини жиловлаган кишининг борар жойи охиратда жаннат бўлса, бу дунёда ҳам унинг қалби жаннатда яшайди. Ундаги лаззатга ҳеч бир лаззат тенглаша олмайди. Ушбу лаззат билан дунё лаззатлари ўртасидаги фарқ дунё ва охиратдаги лаззат ўртасидаги фарқ каби каттадир. Буни ҳар икки лаззатни тотиб кўрган инсонларгина билади.

Аллоҳ таоло айтади: “Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар!” (Инфитор, 13-14). Ушбу оят фақатгина охират неъмати (лаззати) ва оловига (азобига) чекланган деб ўйламанг. Балки ҳар учала диёрга тегишлидир. Яъни дунёда ҳам, қабрда ҳам ва охиратда ҳам яхшилар неъматда, фожирлар эса оловда бўлади.

Айтингчи, чинакам неъмат қалб неъмати, ҳақиқий азоб қалб азоби эмасми?

(Қалб учун) қўрқинч, ғам, қайғу, сиқилиш, Аллоҳ таоло ва охиратдан юз ўгириш, Аллоҳдан ўзгага боғланиб, У зотдан эса узилиб қолиш, дунё ташвишларига шўнғишдан кўра қаттиқ азоб борми?

Қалб Аллоҳдан ўзга нимага боғланса ёки нимани яхши кўрса, албатта шу нарса уни қаттиқ азобга гирифтор этади.

Аллоҳдан бошқани яхши кўрган ҳар бир инсон бу дунёда ўша яхши кўрган нарсаси сабабли уч бор азобланади: унга етишгунча бир азобланади, етишганидан сўнг уни йўқотиб қўйиш, ундан айрилиб қолиш хавфи билан, унинг ортидан келадиган роҳатсизлик ва нохушликлар билан яна бир бор азобланади, ундан айрилиб қолгудек бўлса, яна бир карра аламли азобни бошидан кечиради. Мана шу учала азоб шу дунёда тотадиган азобларидир.

Қабрда эса ортга қайтариб бўлмас фироқ алами, буюк неъмат (жаннат)га элтувчи ишлар ўрнига унга зид ишлар ила машғул бўлиб, буюк неъматни қўлдан бой берганлик алами, Аллоҳдан тўсилиб қолганлик алами, жигарни тилка пора қиладиган ҳасрат алами билан азобланади. Қурт-қумурсқалар, ҳашаротлар унинг танасини тилка пора қилса, ғам-ташвиш, ҳасрат, қайғу унинг қалбини емиради ва бу ҳолат Аллоҳ то унинг руҳини танасига қайтаргунча (яъни қиёмат кунигача) давом этади. У кунда эса янада аламлироқ, аччиқроқ азобга солинади.

Бу азоблар қаёқда-ю, Раббиси билан севинган, унга соғинч ила интилган, Унинг зикри билан қалби хотиржам бўлган, Унинг муҳаббати билан қалби ором олган ва қалби қувонч-у бахтдан ҳаприқиб турган киши ҳис этаётган неъматлар қаёқда! Ҳатто бундай инсонларнинг баъзилари жони чиқаётган вақтда севинчдан: “Бу қандай бахт!”, деб юборишади.

Баъзилари эса: “Агар жаннат аҳли шундай (яъни Аллоҳнинг зикри, муҳаббати ила қалблари қувониб) ҳаёт кечирсалар, дарҳақиқат, гўзал ҳаёт ичра эканлар”, деб айтади.

Бошқа бири айтади: “Дунё қулига айланган инсонлар қандай ҳам бечоралар. Дунёдан ҳаёт лаззатини, ундаги энг яхши нарсани татимай ўтиб кетишди-я!”.

Яна бири бундай дейди: “Агар подшоҳлар ва шаҳзодалар биз қандай неъмат ичра эканимизни билишганда эди, ушбу неъматга талашиб бизни қиличдан ўтказган бўлишарди”.

“Дунёда бир жаннат бор. Ким унга кирмаса охиратдаги жаннатга ҳам кирмайди”, дейди (Аллоҳни таниган) яна бир обид инсон.

Ўзининг энг қимматбахо улушини арзимас баҳога сотиб юборган, бу савдода қаттиқ алданган, қизиғи, алданаётганини ўзи билиб турган, эй инсон! Агар қўлингдаги маҳсулотингнинг қийматини билмасанг, биладиганлардан сўрасанг бўлмасмиди?!

Ажабланасан киши, қўлингиздаги матони (яъни жонингизни) Аллоҳ таоло Жаннатул Маъво эвазига сотиб оламан деб, савдолашишга Пайғамбарни элчи қилиб юборган ва матога эваз берилишини Пайғамбар ўз кафолатига олиб турган бўлса-ю, сиз уни энг арзимас баҳога сотиб юборсангиз.

Банданинг ўзи шунга унамаса, энди ким ҳам уни азиз қила оларди?!

Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур” (Ҳаж, 18).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг