Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Ямома уруши қаҳрамонлари ва шаҳидлари (3)

0

Абу Дужона Симок ибн Хараша

Абу Дужона Бадр жангида бошига танғиб олган қизил боғичи билан танилган эди. Уҳуд куни ҳам у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида матонат билан турди. У зотга жонини фидо қилишга байъат берган эди.

Ямома жангида қатнашди ва Мусайлимани қатл этишда иштирок этди, ўзи ҳам шу куни шаҳид бўлди.

Зайд ибн Аслам айтади: «Абу Дужона хасталаниб ётганида унинг зиёратига кирдилар. Унга: «Нима бўлди, юзингиз ял-ял ёняпти (юзингиздан нур ёғиляпти)?» дейишганида, у: «Аллоҳ ҳузурида умидвор бўларлик фақат икки ишим бор: бири ўзим учун кераксиз сўз сўзламадим, иккинчиси мусулмонларга нисбатан қалбим доим саломат бўлди», деди»[1].

Абу Дужона Ямома кунининг қаҳрамонларидан бирига айланди. У боғ ичига ўзини отди ва оёғи синди, шу ҳолида то шаҳид бўлгунига қадар чўлоқланиб жанг қилишда давом этди[2].

Аббод ибн Бишр

Аббод разияллоҳу анҳу фозил саҳобалардан эди, қирқ беш йил умр кўрди. У қоронғи тунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидан уйига қайтаётганида ҳассасидан нур таралиб, йўлини ёритиб келган ўша машҳур саҳобадир[3].

Аббод Мусъаб ибн Умайр қўлида Исломни қабул қилган. Каъб ибн Ашрафни қатл этишда иштирок этган[4].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Табукдаги Музайна ва Бани Сулайм садақаларини йиғишга ва қўриқлашга вакил қилганлар.

Аббод разияллоҳу анҳу Ямома куни мардларча урушди, мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатди ва шу жангда шаҳид бўлди.

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда таҳажжуд ўқидилар. Шу орада масжиддан Аббоднинг намозда қироат қилаётгани овози эшитилди. «Эй Ойша, бу Аббоднинг овозими?» деб сўрадилар. «Ҳа», дедим. У зот: «Эй Аллоҳ, Аббодни раҳматингга ол», дедилар[5].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу айтади: Бузоха жанги тугаганидан кейин Аббод менга шундай деди: «Эй Абу Саид, бугун тушимда осмон очилиб, мени ичига олганини кўрдим. Иншооллоҳ, шаҳидлик насиб этса керак». Мен унга: «Қасамки, яхши туш кўрибсан», дедим[6].

Ямома куни Аббод бир тепаликда туриб, бор овози билан: «Эй ансорлар, мен Аббод ибн Бишрман! Бу ёққа, бу ёққа! Мен томонга келинглар!» деб ҳайқира бошлади. Ҳамма «Лаббай, лаббай», деб, у томонга йиғилиб келди. Сўнг у қиличининг қинини синдириб улоқтириб юборди, ансорлар ҳам шундай қилишди. Сўнг у: «Менинг ортимдан!» деб қичқирди ва уларни эргаштириб, Бани Ҳанифани тумтарақай қилиб ташладилар. Душман боққа кириб беркинди. Мусулмонлар боққа киришга муваффақ бўлгач, Аббод қалқонини улоқтириб, қиличи билан душман устига отилди, қаттиқ жанг қилиб, шу ерда шаҳид бўлди. Ўшанда ёши кирқ бешда эди. Бутун бадани жароҳатга тўлиб кетганидан уни баданидаги бир белгисидан таниб олдилар.

Аббод ибн Бишрнинг Ямомадаги қаҳрамонлиги тилларда достон бўлди. Ҳатто Бани ҳанифаликлар ўзларидан жароҳатланган одамни кўрсалар, ҳойнаҳой, буни ҳам Аббод жароҳатлаган чиқади, деб айтиб юришди[7].

Туфайл ибн Амр ад-Давсий ал-Аздий

Туфайл ибн Амр разияллоҳу анҳу ҳам Ямома куни шаҳид этилди. Шаҳид бўлишидан олдинроқ бир туш кўрган эди. Бу туши ҳақида сўзлаб, бундай деган эди: «Тушимда ўғлим Амр билан бирга чиқиб бордим. Қарасам, сочим қириб олинибди. Оғзимдан бир қуш учиб чиқди, кейин бир хотиннинг ичига сингиб кириб кетдим. Сочим қирилишини бошим кесилишига, учиб чиққан қушни жонимга, хотинни эса кўмиладиган еримга таъбир қилдим». У Ямомада қаҳрамонларча урушиб, шаҳид бўлди[8].

Ушбу қақшатқич жангда муҳожир ва ансордан анча одам шаҳид бўлди.

Мадина бир томондан мусулмонларнинг муртадлар устидан қозонган ғалабасидан шод-хуррам бўлса, иккинчи томондан шаҳидларига мотам тутиб йиғлади. Ямома урушида ҳаммаси бўлиб бир минг икки юз мусулмон шаҳид бўлди, улар ичида кўплаб саҳоба, қирқ нафар атрофида Қуръон ҳофизи бор эди.

[1] Заҳабий, “Аҳдул-хулафоир-рошидийн” (70-бет).
[2] Ўша манба (71-бет).
[3] Бухорий, “Маноқибул-ансор” (3805).
[4] Бухорий, “Ал-мағозий” (4037).
[5] Бухорий (2655).
[6] Ибн Саъд, “Ат-табақот” (2/234).
[7] Килоий, “Ал-иктифоъ” (3/53).
[8] Заҳабий, “Аҳдул хулафоир-рошидийн” (62-63 бет).

Изоҳ қолдиринг