Таҳорат: Таяммум (1)

0

Таяммум

Биринчидан: таяммум нима?

Таяммум луғатда бирор нарсани қасд қилмоқ маъносини англатади. Луғатшунос олим Азҳарий айтади: «Араблар луғатида таяммум бирон нарсани қасд қилиш маъносини англатади».

 Аллоҳ таоло айтади: «Эҳсон қилиш учун сифатсиз ва паст нарсани қасд қилмангиз. Ҳолбуки, (шундай нарса ўзингизга берилса) уни (ноилождан айбига) кўз юмибгина олурсиз! (Ўзингизга раво кўрмаган нарсани Аллоҳга раво кўрасизми?!)» (Бақара, 267). Мазкур оятдаги «таяммаму» сўзидан шу сўзнинг луғавий маъноси бўлмиш «қасд қилиш» назарда тутилган.

Шариатда таяммум сўзидан намоз ва шу каби ибодатларни адо этишга яроқли бўлиш мақсадида пок тупроқни қасд қилиб, яъни унга икки қўлни уриб, сўнг уни юз ва икки қўлга суртиш тушунилади.

Иккинчидан: таяммум қилиш жоизлиги

Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шуни билингки, таяммумнинг жоизлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан исботланган».

Аллоҳ таоло Қуръонда бундай дейди: «Сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилингиз ва ундан (яъни қўлларингизга ёпишган ғубор билан) юзларингиз ва қўлларингизни силангиз» (Моида, 6).

Таяммум жоизлигига далолат қилувчи ҳадислар кўп бўлиб, уларни шарҳ асносида келтириб ўтамиз.

Маълум сабабларга кўра таҳорат ва ғусл ўрнига таяммум қилиш жоизлигига Ислом уламолари ижмо қилишган. Мазкур сабаблар келгусида баён этилади, иншааллоҳ.

Таяммумнинг йўлга қўйилиши

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. Байдо деган жойга борганимизда (бўйнимга тақиб олган) маржоним узилиб тушди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни излаш учун тўхтадилар, у зотга қўшилиб одамлар ҳам тўхташди. Одамлар тўхтаган жойда ҳам, уларнинг ўзларида ҳам сув йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига келишиб: «Ойшанинг қилган ишига қарамайсизми?!» дейишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сонимга бошларини қўйиб ухлаб ётганларида Абу Бакр олдимга келди. Мени койиди, деганича деди. (Дашном берар экан) қўли билан биқинимга ниқтар эди. Мен бўлсам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сонимга бош қўйиб ётганлари учун жойимдан қимирлай олмас эдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлаб тонг оттирганларида сув йўқ эди. Шунда Аллоҳ таоло таяммум оятини нозил қилди. Усайд ибн Хузайр деди: «Эй Абу Бакр оиласи, бу сизларнинг биринчи баракангиз эмас!» Мен минган туяни жойидан қўзғатган эдик, маржонни унинг остидан топдик»[1].

Учинчидан: таяммум Ислом умматига хос хусусиятдир

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Менга илгари ҳеч бир пайғамбарга берилмаган бешта хусусият берилди: менга бир ойлик масофадан душман қалбига тушадиган қўрқув билан ёрдам берилди. Ер юзи мен учун намозгоҳ ва покловчи қилинди. Умматимдан ҳар қандай киши намоз (вожиб бўлган ва) вақти кирган бўлса дуч келган ерда намоз ўқийвериши жоиз қилинди. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, ҳолбуки, мендан илгари ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат берилди. Мендан олдинги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилар, мен эса бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилдим»[2].

Тўртинчидан: қачон таяммум қилиш жоиз бўлади?

Қуйидаги ҳолатларда таяммум қилиш жоиз бўлади:

  1. Сув топилмаса

Инсон шаҳрида ёки сафарда бўладими, таҳоратсиз ёки жунуб бўладими, сув топилмаса таяммум қилиши жоиздир. Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч нарса билан одамлардан (яъни бошқа умматлардан) афзал қилиндик: …бизларга ер юзи намозгоҳ ва тупроғи эса сув топилмаганда покловчи қилинди»[3].

Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. У зот одамларга намоз ўқиб бердилар.(Намоз ўқиб бўлиб) қарасалар бир киши одамларга қўшилмай бир четда турибди. Унга қараб: «Нега (одамлар билан) намоз ўқимадинг?» дедилар. «Жунуб бўлиб қолувдим, (ғусл қилиш учун) сув тополмадим», деди ҳалиги киши. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тупроқ билан таяммум қил, у сенга (сувнинг ўрнига) кифоя қилади»[4].

  1. Инсон касал ёки жароҳатли бўлса

Касал ёки баданида жароҳати бор киши таҳорат олса ёки ғусл қилса машаққат чекишидан, касали зиёда бўлишидан ёки жароҳатининг тузалиши кечикишидан қўрқса таяммум қилиши жоиздир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар касал ёки сафарда бўлсангиз ёки бирингиз ҳожатга бориб ёзилсангиз ёки аёлларга жинсий яқинлик қилсангиз-у, (таҳорат ёки ғусл қилиш учун) сув топмасангиз, у ҳолда пок тупроқ билан таяммум қилингиз» (Моида, 6).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сафарда эдик. Бизлардан бир кишининг бошига тош тегиб бошини жароҳатлади. Сўнг у эҳтилом бўлиб қолди. (Сув билан ғусл қилса жароҳатига зарар етишидан қўрқиб) ҳамроҳларидан: «Таяммум қилишимга рухсат борми, нима дейсизлар?», деб сўради. Улар: «Модомики сув бор экан таяммум қилишингга рухсат йўқ деб биламиз», дейишди. У ғусл қилди ва (жароҳати оғирлашиб) вафот этди. Бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келганимизда у зот бундан хабар топдилар. «Ўлибкетгўрлар, уни ўлдирибдилар (яъни нотўғри фатво бериб ўлимига сабаб бўлибдилар)! Билмас эканлар, сўрасалар бўлмайдими?! Зеро, билмасликнинг давоси сўрашдир. Унга таяммум қилиши етарли эди»[5].

  1. Сувни иситиш имкони бўлмаса

Агар сув жуда совуқ бўлиб, уни иситиш имкони бўлмаса, бундай сувни ишлатиш сабабли баданига зарар етишидан қўрқса, таяммум қилиш жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Имконингиз борича Аллоҳдан тақво қилингиз (яъни буюрганини қилиб, қайтарганидан тийилингиз)» (Тағобун, 16). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар сизларни бирон ишга буюрсам, уни кучингиз етгунча бажарингиз»[6].

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу «Зот ас-салосил» ғазотида юз берган бир воқеани ҳикоя қилиб бундай дейди: «Қаҳратон совуқли бир кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам ҳалок бўлишдан қўрқдим. Шунинг учун таяммум қилиб ҳамроҳларимга бомдод намозини ўқиб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қайтгач, ҳамроҳларим бўлган воқеани у зотга айтиб бердилар. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Амр, жунуб ҳолингда ҳамроҳларингга намоз ўқиб бердингми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ таолонинг «Ўзларингизни ўлдирмангиз. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» деган сўзини эсладим ва таяммум қилиб намоз ўқидим», дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар ва бирон нарса демадилар»[7].

  1. Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир кишига сув яқин бўлса-ю, лекин сафар анжомлари йўқолиши ёки ҳамроҳларидан ажралиб қолишдан қўрқса ёки золим душман, ёнғин ёки у томонга бориш машаққат туғдирадиган бирон хавф-хатар уни сувдан тўсиб қўйса, (мазкур ҳолатларнинг барчасида) унинг фарзи таяммумдир. Аллоҳ таолонинг «(таҳорат ёки ғусл қилиш учун) сув топмасангиз, у ҳолда пок тупроқ билан таяммум қилингиз» (Моида, 6) деган сўзи шунга ҳужжат бўлади. Инсон юқорида зикр қилинган ҳолатларда ишлатишга қодир бўладиган сувни топмаган ҳисобланади»[8].

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар сув фосиқлар йиғиладиган жойда бўлса, аёл киши у ерга борса фосиқлар унга тажовуз қилишидан қўрқса, бундай аёл сув топмаган ҳукмида бўлади».

Яна айтади: «Бир киши ҳаракат қилишга қодир бўлмайдиган даражада касал бўлса ва унга сув узатадиган киши топмаса, сув топмаган киши ҳукмидадир»[9].

[1] Бухорий (334), Муслим (367), Насоий (1/163) ривояти.
[2] Бухорий (335), Муслим (521), Насоий (1/209) ривояти.
[3] Муслим (522), Аҳмад (5/383), Ибн Хузайма (264) ривояти.
[4] Бухорий (344), Муслим (682) ривояти.
[5] Саҳиҳ лиғайриҳи. Абу Довуд ривояти, 336. Ҳадис санадида заифлик бор. Бироқ ушбу ҳадис мазмуни Абу Довуд (337) ва Ибн Можа (572) Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис билан қувватланади.
[6] Бухорий (7288), Муслим (1337) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Абу Довуд (334), Аҳмад (4/203) ривояти. Шунга ўхшаш ҳадисни Ибн Ҳиббон (1315) ва Абу Довуд (335) ҳам ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадис санадини «қавий» (ҳасан) деган.
[8] «Ал-муҳалло», 2/165.
[9] «Ал-муғний», 1/229.

Изоҳ қолдиринг