Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мужжоанинг ҳийласи, Холид билан Сиддиқ ўртасидаги ёзишмалар

0

Мужжоанинг ҳийласи

Мусулмонлар қўшини «ўлим боғи»да ғалаба қозонганидан сўнг Холид ибн Валид теварак-атрофдаги қалъа ва қўрғонлардан ўлжа ва асирларни йиғиб келиш топшириғи билан Ямома томонларга отлиқлар юборди[1].

Сўнг у қалъаларни эгаллашга қарор қилди. Билишича, у қалъаларда фақат ёш болалар, аёллар ва қариялар қолган эди. Бироқ Мужжоа Холидни воқеликнинг тескарисига ишонтирди. Яъни, бу қалъаларда ҳали жанг олиб боришга яроқли жуда кўп эркак бор, деди ва Холиддан улар билан фойдали шартлар асосида сулҳ тузишга ўзини вакил қилишини сўради.

Холид шу дамгача кечган қаттиқ жанглардан толиққан аскарларни яна урушга ташламаслик ва уларга бир оз дам бериш ниятида Мужжоанинг таклифига рози бўлди.

Мужжоа қалъага кириб боргач, хотинларга эркакча кийиниб, бошларига дубулға кийиб қалъа девори устида кўриниш беришга буюрди.

Холид ибн Валид қалъалар устида кўпсонли дубулғали бошларни кўриб, Мужжоанинг сўзлари ростлигига ишонди. Сўнг қалъа аҳлини Исломга қайтишга чақирди. Улар бу таклифни қабул қилишди.

Холид улардан олинган асир ва ўлжаларнинг бир қисмини қайтариб берди. Қолганини Мадинага, халифа ҳузурига юборди.

Ямомадан келган асиралардан бири ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга берилган эди. Унинг Муҳаммад ибн Ҳанафия исми билан танилган ўғли шу жориядан дунёга келган[2].

Ямома уруши ҳижрий 11-йили содир бўлди. Воқидий ва бошқалар 12-йили бўлган деб айтишган. Бундаги тўғри гап, бизнингча, у 11-йилнинг охирларида бошланиб, 12-йил бошларида тугалланган[3].

Мужжоанинг қизига уйланиши

Қалъалар аҳли билан сулҳ ишлари якунига етганидан сўнг Холид ибн Валид Мужжоадан қизини унга никоҳлаб беришини сўради.

Мужжоа унга: “Шошилма, ўзингни ҳам, мени ҳам халифанинг ғазабига дучор этиб қўйма”, деб жавоб берди.

Бироқ Холид унинг сўзига парво қилмади ва такрор қизининг қўлини сўради. Шундан сўнг Мужжоа қизини унга никоҳлаб берди.

Сиддиқ билан ёзишмалари

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Салама ибн Вақашни Холид ибн Валид ҳузурига элчи қилиб юборган, Аллоҳ зафар берса, ямомаликлардан балоғат ёшига етган ҳаммасини қиличдан ўтказишга буюрган эди. Салама етиб борганида Холид улар билан сулҳ тузиб бўлган эди.

Сиддиқ разияллоҳу анҳу Ямомадан хабар кутиб, Холиднинг элчисига кўз тикиб юрган кунлардан бирида Абу Хайсама Нажжорий унга Холиднинг мактубини келтирди. Бу пайт Сиддиқ разияллоҳу анҳу бир неча муҳожир ва ансор билан бирга Ҳаррада турган эди.

“Нима хабар келтирдинг, эй Абу Хайсама?” деб сўради Абу Бакр.

“Хушхабар, эй Расулуллоҳнинг халифаси, Аллоҳ бизга Ямомани фатҳ этди”, деди Абу Хайсама, сўнг Холиднинг мактубини узатди.

Абу Бакр Сиддиқ шукр саждаси қилди. Сўнг: “Қани, айтиб бер, нималар бўлди?” деб сўради.

Абу Хайсама Холиднинг қандай жанг услуби қўллаганини, жангчиларни қай тартибда сафларга тизганини, жанг қандай кечганини, саҳобалардан кимлар шаҳид бўлганини бирма-бир сўзлаб берди.

Сиддиқ Холиднинг уйланганини билгач, унга бундай мактуб ёзиб юборди: “Эй Умму Холиднинг ўғли (ёки эй онасининг ўғли), чодиринг ортида минг икки юз мусулмоннинг қони қуримай туриб, уйланиб, гўшангага кириш қандай кўнглингга сиғди?! Бунинг устига, Мужжоанинг ҳийласига алданиб қавми билан сулҳ тузибсан, ваҳоланки Аллоҳ уларни сенга тиз чўктириб қўйган эди”[4].

Абу Бакр Сиддиқнинг таъна-дашномга тўла бу мактубига Холид ибн Валид Абу Барза Асламий орқали жавоб мактуби йўллади. Мактубида кучли далил-ҳужжатлар билан ўзи тутган йўлини очиқлаб берди. Унда бундай сўзлар бор эди: “Аммо баъд. Қасамки, мен зафар шодиёнаси тугал ҳосил бўлганидан кейингина уйландим. Уйланганда ҳам анча-мунча хотинга эмас, Мадинадан атай совчи юборишга ҳам арзийдиган аёлга уйландим. Агар бу ишимни диний ё дунёвий бирор сабаб билан ёқтирмаган бўлсангиз, хотиржам бўлинг (маломатга лойиқ иш қилмадим). Мусулмон шаҳидларга таъзиям масаласига келсак, Аллоҳга қасамки, агар хафа бўлиш ва ғам-қайғу чекиш билан ўлганлар ҳаётга қайтса, менинг шаҳидлар учун чеккан ғам-қайғуларим уларнинг барчасини ҳаётга қайтарган бўлар эди. Уруш ўта оғир кечди, ҳатто ҳаётдан умидим узилди ва тирик қолишимга кўзим етмай қолди. Мужжоанинг ҳийласига алданиб, фикримни ўзгартирганимга келсак, мен бугун ҳам ўша фикрим тўғри эди деб биламан. Бироқ инсончилик, ғайбни билмасдим, (шу туфайли қалъадагиларни аслида ким бўлганини билмадим. Оқибати ёмон бўлмади,) Аллоҳ мусулмонларга ерни мерос қилиб берди, оқибат тақво қилувчиларникидир”[5].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 6/330.
[2] “Тартиб ва таҳзиб ал-бидоя ван-ниҳоя”, 115-бет.
[3] “Ас-сиддиқ аввалул-хулафо”, 110-бет.
[4] Шавқий Абу Халил.“Ҳуруб ар-ридда”, 97-бет.
[5] Шу асар, 98-бет.

Изоҳ қолдиринг