Дард ва даво (59): Гуноҳнинг касофати (19) Гуноҳлар қалб кўзини кўр қилади

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар қалб кўзини кўр қилади, нурини ўчиради, илм ва ҳидоят йўлларидан тўсади

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Шофеий раҳимаҳуллоҳни учратганда у кишидаги хосиятларни кўриб бундай деган экан: “Аллоҳ сенинг қалбингга бир нур жо қилганини кўряпман. Уни маъсият зулмати билан ўчириб қўйма”.

Гуноҳ-маъсиятлар сабабли бу нур борган сари заифлашиб, йўқолиб кетаверади, маъсиятлар зулмати эса кучайиб келаверади, охири қалб зимистон тун сингари қоп-қорнғу зулматда қолиб кетади. (Йўлда эса) қанчадан қанча таҳликали чуқурлар бор, қалб энди уларни кўролмайди. Бамисоли кечаси хавф-хатарга, чуқурларга тўла йўлга чиққан кўр инсон. Бу ҳолатда саломат қолиш қанчалар қийин, ҳалок бўлиш эса қанчалар осон!

Сўнгра бу гуноҳ-маъсият зулмати кучайгандан кучайиб, қалбдан танадаги бошқа аъзоларга ҳам ўта бошлайди. Натижада ушбу зулмат кучи ва кўплигига қараб юз шу даражада қораяди. Ўлимдан сўнг бу зулмат гуноҳкор банданинг қабрини қоплайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бу қабрлар у ерда ётганлар учун қоп-қоронғудир. Аллоҳ таоло менинг улар учун айтган истиғфорим сабабли қабрларини мунаввар қилади”.

Қайта тирилиш, маҳшарга тўпланиш кунида эса бу зулмат (гуноҳкор бандаларнинг) юзларида ҳар бир киши кўрадиган даражада намоён бўлади. Юзлари кўмирдек қорайиб кетади. Қандай ҳам ёмон уқубат! Дунё яратилганидан то хароб бўлгунига қадар ундаги барча лаззатлар жамланган тақдирда ҳам бу уқубат олдида арзимас бўлиб қолади. Айтингчи, банда тушдек ўтиб кетадиган қисқа ҳаёт мобайнида чарчаб, толиб қанча лаззатга эришиши мумкин?! Шундай экан, унинг бу ўткинчи лаззатини охиратдаги мазкур уқубат билан таққослаш мумкинми?! Аллоҳ таоло бундай кўйга тушишдан Ўзи асрасин!

Бўлим

  1. Гуноҳлар инсонни қадрсизлантиради

Гуноҳлар инсон жонининг қадрини тушуради, уни хор ва оёқости қилади. Оқибатда у энг арзимас ва энг ҳақир нарсага айланиб қолади. Тоат-ибодатлар эса жоннинг қадрини кўтаради, уни поклайди ва олий мартабаларга юксалтиради.

Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат уни (яъни ўз жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса хор бўлди” (Шамс, 9-10). Оятнинг маъноси шуки, ким Аллоҳнинг тоат-ибодати ила ўз жонини юксалтирган, олий ва устун қилган бўлса, аниқ нажот топибди. Ким гуноҳ-маъсиятлар ила ўз жонини (яъни жонининг асл қадрини) яширган, уни таҳқирлаган ва хорлаган бўлса, аниқ хор бўлибди.

(Ўзбекчага “… кўмиб хорлаган” деб таржима қилинган) оятдаги “тадсия” cўзининг асл маъноси бир нарсани яширишдир. Қуйидаги оятда ҳам шу маънода қўлланилган “У (қиз)ни хорлик-ла олиб қолсаммикин ёки тупроққа кўмсаммикин…” (Наҳл, 59), яъни устидан тупроқ тортиб яширсанмикин.

(Оятда нима учун “… ўз жонини кўмиб хорлаган кимса хор бўлди” дейилганига келсак,) чунки осий банда ўз жонини маъсият ичига кўмади, унинг асл мартабасини яширади ва ўзи ҳам қилган ёмонлиги касофатидан одамлардан яшириниб юради. Шу тариқа ўзининг наздида ҳам, Аллоҳ наздида ҳам, одамлар олдида ҳам хор бўлади.

Тоат-ибодат ва яхши амаллар инсон жонининг мартабасини юксалтиради, уни азиз ва олий қилади. Оқибатда, у энг шарафли, энг катта, энг пок, энг олий нарсага айланади. Шу билан бир қаторда бу жон (эгаси учун) Аллоҳ таоло йўлида энг арзимас, энг ҳақир, энг кичик нарса деб саналади. Мана шундай камтарлик сабабли бундай жон азизлик, шараф ва юксак мақомга эришди. (Шуни билингки,) инсон жонини гуноҳчалик ҳеч нарса хор, тоат-ибодатчалик ҳеч нарса улуғ, шарафли ва юксак мартабали қилмаган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг