Таҳорат: Таяммум (2)

0

Бешинчидан: таяммумнинг жоиз бўлиш шартлари

Қуйидаги шартлар асосида таяммум қилиш жоиз бўлади:

а) Сувни ишлатишдан тўсувчи сабаб

Дарҳақиқат, сувни ишлатишдан тўсувчи сабаблар ва уларнинг далиллари ўтган мавзуларда айтиб ўтилди.

Масала: таяммум қилиш учун намоз вақти кирган бўлиши шартми?

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен учун ер юзи намозгоҳ ва покловчи қилинди. Қаерда намоз вақти кирса (ва сув топилмаса тупроқ билан) таяммум қилиб намоз ўқийвераман»[1].

Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Ер юзининг барчаси мен ва умматим учун намозгоҳ ва покловчи қилинди. Умматимдан қай бири намоз вақтига тўғри келиб қолса, албатта унинг ҳузурида намозгоҳи ва покловчиси муҳайёдир»[2]. Аҳмад ривояти. Ҳар икки ҳадиснинг санади «ҳасан саҳиҳ»дир.

Имом Молик, Шофеий ва Аҳмадлар таяммум қилиш жоиз бўлиши учун намоз вақти кирган бўлишини шарт қилишган. Имом Абу Ҳанифа эса, вақт киришини шарт қилмаган ва шу фикрни Шавконий «Найл ал-автор»да тўғрироқ деган. Юқоридаги ҳадисдаги «Умматимдан қай бири намоз вақтига тўғри келиб қолса, албатта унинг ҳузурида намозгоҳи ва покловчиси муҳайёдир» деган сўздан намоз вақти кирганда таҳоратсиз бўлган, яъни таяммуми бўлмаган кишилар назарда тутилган. Шунга кўра, намоз вақти кирганда кишининг таҳорати бўлса, яъни олдин қилган таяммуми ҳануз бузилмаган бўлса, ўша таяммуми билан намоз ўқийвериши жоиздир. Шу фикр рожиҳ – тўғрироқ фикрдир.

б) Покиза тупроқ

Аллоҳ таоло айтади: «Покиза тупроқ билан таяммум қилингиз» (Моида, 6). Уламолар покиза тупроқдан нима назарда тутилгани борасида ихтилоф қилишган. Имом Шофеий ва Имом Аҳмаднинг фикрича, ундан фақат тупроқ назарда тутилган. Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Ато, Авзоий, Саврийларнинг фикрича, оятда тупроқ ва бошқа ер жинси назарда тутилган.

Мазкур иккинчи фикр тўғрироқ фикрдир. «Ал-қомус» ва ундан бошқа луғат китобларида келишича, оятда зикр қилинган (ва ўзбекчага тупроқ деб таржима қилинган) «соъид» сўзи «тупроқ ёки ер юзи» маъносини англатади. Шунинг учун Ибн Қаййим «Зод ал-маод»да бундай дейди: «Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тупроқли, шўрхок ёки қумли ер бўлишидан қатъи назар, қаерда намоз ўқиган бўлсалар, ўша ерга қўлларини уриб таяммум қилар эдилар. У зот саҳиҳ ҳадисда: «Умматимдан бири қаерда бўлмасин, намоз вақти кирса, албатта унинг ҳузурида намозгоҳи ва покловчиси муҳайёдир», деганлар. Ушбу ҳадис очиқча далолат қиладики, кимдир қумли жойда бўлганида намоз вақти кирса, демак, қум унинг учун покловчи бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари Табук ғазотида у жойга бориш учун қумли саҳрони босиб ўтганлар. Ўша пайтда одамлар ўзлари билан жуда кам сув кўтариб олганлар. У зот таяммум қилиш учун тупроқ кўтариб олганлари ёки бошқаларни шунга буюрганлари нақл қилинмаган. Шунингдек, саҳобаларидан биронтаси ҳам бундай қилишмаган. Ҳолбуки, дашт-биёбонларда ҳамда Ҳижоз ва унга яқин бошқа ўлкаларда тупроқдан кўра қум кўпроқ бўлган. Бу ҳақда мулоҳаза юритган киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қум билан таяммум қилганлар, деб қатъий айта олади. Қолаверса, бу фикр жумҳур – кўпчилик уламоларнинг фикридир»[3].

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, кул, цемент, гипс ва оҳак каби олов таъсирида бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтган моддалар билан таяммум қилинмайди[4].

Олтинчидан: таяммум қилиш тартиби

Таяммум қилиш учун аввало ният қилиниб, бисмиллоҳ айтилади. Сўнг икки қўлни покиза тупроққа уриб, қўллар пуфланади. Сўнг қўллар билан юз ва икки кафт, яъни қўлнинг билаккача бўлган қисми силанади.

Таяммум қилиш тартиби таҳоратсизлик ёки жанобатдан таяммум қилишга қараб ўзгармайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам юқорида кўрсатилган тартибда таяммум қилинади. Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Жунуб бўлиб қолдим ва (ғусл қилиш учун) сув топмадим. Ерга ағанаб тупроққа беландим ва намоз ўқидим. Бу ишимни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган эдим: «Мана бундай қилишинг кифоя эди», дедилар ва икки қўлларини ерга уриб, сўнг уларни пуфладилар. Сўнг қўллари билан юзлари ва икки кафтларини силадилар»[5].

Еттинчидан: таяммумни бузувчи амаллар

Таҳоратни бузган барча нарса таяммумни ҳам бузади. Бундан ташқари сув тополмаган кишининг сув топиши ёки бирон сабабга кўра сувни ишлатишдан ожиз кишининг сувни ишлатишга қодир бўлиши ҳам таяммумни бузади.

Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Покиза тупроқ мусулмон кишининг покловчисидир. Гарчи ўн йил сув тополмаса ҳам. Агар сув топса, Аллоҳдан қўрқсин, сув билан таҳорат олсин!»[6]

[1] Аҳмад (2/222), Байҳақий (1/222) ривояти. Ибн Касир «Тафсир»да бундай дейди: «Ҳадис санади «жаййид ва қавий»дир. Бироқ уни «сунан» соҳиблари ривоят қилишмаган». Қаранг: Албоний. «Ал-ирво», 1/317.
[2] Аҳмад (5/248, 256), Байҳақий (1/212, 222) ривояти. Қаранг: Албоний. «Ал-ирво», 1/180, 316.
[3] «Зод ал-маод», 1/200. Қаранг: «Мажмуъ ал-фатово», 21/348, 364.
[4] Қаранг: Муҳаммад Иброҳим Шақра. «Иршод ас-сорий ила ибодат ал-Борий», 39-бет.
[5] Бухорий (338), Муслим (368), Абу Довуд (326), Насоий (1/170), Ибн Можа (569) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (333), Термизий (124), Насоий (1/171), Аҳмад (5/155) ривояти.

Изоҳ қолдиринг