Уйланишнинг ҳукми

0

Уйланишнинг ҳукми:

Уйланишнинг ҳукми шахс ҳолатига қараб ўзгаради. Қуйида бу борадаги ҳукмлар хулосасини келтирамиз:

  1. Агар шахс моддий имкониятга эга бўлиб, уйланишга ошиқса ва уйланмаса зинога қўл уришдан қўрқса, бундай шахснинг уйланиши вожибдир. Юқорида ўтган Ибн Масъуд ривоят қилган ҳадис ҳам шунга далолат қилиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга буюрадилар. Чунки, зинодан четланиш вожиб бўлиб, вожиб усиз амалга ошмайдиган иш ҳам вожибдир.

  2. Агар инсон моддий имкониятга эга бўлиб, уйланишга рағбати ҳам бўлса-ю, бироқ ўзини тия олса, яъни зинога қўл уриш хавфи бўлмаса, бундай киши хусусида уламолар турлича фикр билдиришган. Айримлар бундай кишига уйланиш мустаҳаб десалар, бошқалар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисига таянган ҳолда уйланиш вожиб деганлар. Негаки, ҳадисда зинога қўл уриш хавфи бор-йўқлиги ўртасини ажратмасдан моддий имкониятли киши уйланишга буюрилган. Қолаверса, жисмоний ва моддий имкониятлар бўла туриб уйланмасликда насороларга ўхшашлик бор. Маълумки, инсон ўзини насороларга ўхшатиши ҳаромдир. Устига-устак, уйланмаслик сабабли аёлнинг иффатини сақлаш, уни моддий жиҳатдан таъминлаш, умматнинг куч-қувват манбаларидан бири бўлмиш мусулмон наслни кўпайтириш сингари оила қуришдан келиб чиқадиган ўта муҳим манфаатлар рўёбга чиқмай қолади.

  3. Агар киши бой бўлса-ю, бироқ аёлларга иштиёқсиз бўлса, бундай киши уйланмоқчи бўлган аёлга буни маълум қилиши ва унинг розилиги билан уйланиши жоиздир. Чунки бундай оила қуришда ҳам аёлни моддий таъминлаш каби айрим манфаатлар мавжуд.

Агар шахс моддий жиҳатдан имкониятсиз бўлса, у ҳолда бундай киши Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек, рўза тутиши лозим. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи унга кифоя қилиши керак: “Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан,  зинокорликдан) пок тутсинлар!” [Нур: 33].

Изоҳ қолдиринг