Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Холид билан Сиддиқ ўртасидаги ёзишмалар (2)

0

Абу Бакр разияллоҳу анҳу мактубни ўқигач, Холидга нисбатан кўнгли юмшади. Бир неча қурайшлик, улар ичида Абу Барза Асламий ҳам бор эди, Холиднинг узрини қабул этишни ёқлаб гапирди. Абу Барза бундай деди: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси, қўрқоқлик ва хиёнат Холидга ёт сифатлардир. У шаҳид бўлиш орзусида урушга кирди, сабру матонат билан урушиб, зафар қозонди. Қалъадагилар билан сулҳни ҳам тўғри ниятда тузди. Чунки дубулғалиларни аскарлар деб ўйлаган эди”. “Тўғри айтасан, сенинг бу сўзларинг Холиднинг мактубидаги сўзларидан кўра ҳам узрга лойиқроқ”, деди Абу Бакр.

Холиднинг Абу Бакрга ўзини оқлаб ёзган мактуби мазмунидан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

  • У зафар шодиёнаси тугал ҳосил бўлганидан ва тинчлик қарор топганидан кейингина уйланди;

  • У ўз қавмининг энг улуғ ва энг шарафли кишисига қуда (куёв) бўлди;

  • Ушбу уйланишида ортиқча такаллуф ва катта сарф-харажат бўлмади, аксинча, енгилгина бўлди;

  • Бу уйланиши на диний, на дунёвий жиҳатдан бирон маломатга лойиқ эди;

  • Мусулмон шаҳидларга қайғуриб дунёдан бутунлай кўнгил совуши тўғри эмас, қайғурган билан ўлганлар тирилиб келмайди;

  • У бирон ишни жиҳоддан устун кўрмас эди, бу уруш у учун ўта оғир кечди, ҳатто ўлишига бир баҳя қолди;

  • Мужжоа билан сулҳни ҳам фақат мусулмонларга яхшилик истаб тузди. Тўғри, Мужжоа қавми ҳақида нотўғри маълумот бериб, унинг фикрини ўзгартиришга муваффақ бўлди. Аммо бу ишда Холиднинг узри бор, у ҳам оддий бир инсон эди, ғайбни билмас эди. Нима бўлганда ҳам иш мусулмонлар фойдасига ҳал бўлди, улар Бани Ҳанифа ерларини тўла-тўкис қўлга киритдилар, қолган-қутган қавмлар урушсиз Исломга қайтди. Бинобарин, Мужжоанинг қизига уйланиши ҳеч қандай маломатга сабаб бўладиган иш бўлмади.

Аббос Маҳмуд Аққод айтгани каби, Холиднинг бу уйланишига сабаб, у Мужжоанинг ўз қавми ҳимоясига бўлган ғайратига қойил қолиб, шу туфайли у билан қариндошлик алоқаси боғлашни ва диндошлик алоқасини қудачилик алоқаси билан мустаҳкамлашни хоҳлади[1], деган гап тўғри эмас. Чунки Холид ибн Валид бошқа ҳар қандай риштани диндошлик риштасидан на муқаддам қўядиган ва на унга тенг кўрадиган одам эди.

Доктор Ҳусайн Ҳайкалнинг Холидни оқлашдаги услуби ҳам мақбул эмас, сабаби бу услуб Ислом аҳкомларига уйғун келмайди. У айтади: “Ғалаба онларида унинг пойқадамига ҳар қанча нарсани бахшида этилишга арзийдиган Холиддек музаффар саркарда учун Мужжоанинг қизи ким бўлибди?! У Ямома ерини қон билан суғориб, уни бутпарастлик кирлигидан поклаган бу ғолиб қўмондоннинг оёқлари остига ташланган оддий бир қурбондан ортиқ нарса эмас эди”[2].

Бу сўзлар Холид разияллоҳу анҳудек буюк саҳобани фақат ўз шон-шуҳратини ўйлайдиган ва ўзини бармоқлар билан ишора этиб кўрсатиладиган улуғ доҳий мақомида кўришни истайдиган ва шундан бошқа дарди ғами бўлмаган оддий бир диктаторга ёки пойида қурбонликлар бўғизланадиган араб бутларидан бир бутга ёки мисрликлар мўл-кўллик бахш этсин дея унинг бағрига гўзал қизларни отадиган Нилга ўхшатиб қўймоқда. Аллоҳ сақласин! Абу Сулаймон (Холид ибн Валид) бундай ишлардан бениҳоя пок инсон эди, у мўмин муваҳҳид зотлардан эди. У фақат Аллоҳнинг сўзини олий қилиш учунгина урушар, бу учун Аллоҳдан бошқадан на мукофот ва на мақтов кутарди.

Шунингдек, генерал Акрамнинг бу борадаги хулосалари ҳам тўғри эмас. У Холид ибн Валиднинг урушлар асносида уйланиши воқеалари ҳақида сўз юритаркан, уни гўё Дон Жуан каби тасвирлаб, ўзи дуч келган можароларга фақат унинг жисмоний қуввати ва араб нозанинлари ва хурлиқолари юрагига ўт ёққан паҳлавонларча қадди қомати сабаб бўлганини айтади[3]. Ҳолбуки, Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу бошқа ҳеч нарсани Аллоҳ йўлидаги жиҳодни севганча севмаган эди. Мазкур адибларнинг кўзқарашлари воқеликдан узоқ бўлган, улуғ саҳобаларнинг диний эътиқод ва дунёқарашларини ҳисобга олмаган, ўша давр шарт-шароитларидан келиб чиқмаган нотўғри қарашлардир[4].

[1] «Абқарияту Холид», 92-бет.
[2] “Ас-сиддиқ Абу Бакр”, 157-бет.
[3] “Сайфуллоҳ Холид ибн Валид”, 20-бет.
[4] “Ҳаракот ар-ридда”, 236-бет.

Изоҳ қолдиринг