Дард ва даво (60): Гуноҳнинг касофати (20) Гуноҳлар бандани шайтони ва шаҳватига қул қилади

0

Бўлим

36. Гуноҳлар бандани шайтони ва шаҳватига қул қилади

Осий банда доимо шайтонининг асирлигида, шаҳватининг зиндонида, ҳавойи нафсининг кишанида бўлади. Демак, у асир, зиндонбанд, кишанланган ҳолда яшайди. Энг катта душманининг қўлига асир тушган кишидан ҳам ёмонроқ ҳолатдаги асир, ҳавойи нафс зиндонидан ҳам торроқ зиндон, шаҳват кишанларидан ҳам оғирроқ кишан бўлмаса керак.

Кишанланган, асир ва зиндонбанд бўлган қалб Аллоҳ ва охират диёри томон юриши, ҳатто бир қадам ташлаши мумкинми?!

Қалб кишанлангудек бўлса, ҳар тарафдан турли офатлар кела бошлайди. Қанчалик мустаҳкам кишанланганига қараб, шунча қаттиқ офатлар келади. Қалб худди қушга ўхшайди. Қанчалар баланд учса, офатлардан шунчалик йироқ бўлади. Қанчалик пастласа, шунчалик офатлар қуршовида қолади.

Ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Шайтон инсон бўрисидир[1].

Бўрилар қуршовида қолган, қўриқчиси йўқ қўй ҳалокат ёқасида тургани қанчалар аниқ бўлса, банданинг ҳам Аллоҳ томонидан ҳимоячиси бўлмаса, бўриси уни ғажиб ташлаши муқаррар. Бандага Аллоҳнинг ҳимояси тақво билан ҳосил бўлади. Тақво банда учун дунё ва охират уқубатларидан тўсиқ бўлгани каби, уни бўрисидан ҳимоя этувчи мустаҳкам қалқон ҳамдир. Маълумки, қўй қўриқчисига (чўпонга) қанчалик яқин юрса, шунчалик бўридан омонда бўлади. Қўриқчидан қанчалик узоқлашса, шунчалик ҳалокатга яқин бўлади. Қўйнинг энг ҳимояланган ҳолати чўпонга энг яқин бўлган пайтидир. Бўри тўдадан ажралган, чўпондан энг узоқда бўлган қўйни овлайди.

Хулоса қилиб айтганда, қалб Аллоҳ таолодан қанчалик узоқ бўлса, қалбга офатлар шунчалик тез етади, Аллоҳга қанчалик яқин бўлса, бало ва офатлар ундан шунчалик йироқлашади.

Аллоҳ таолодан узоқлашишнинг бир неча мартабалари, даражалари бор.  Баъзи даражалар бошқасидан ёмонроқ бўлади. Масалан, ғафлат бандани Аллоҳдан узоқлаштиради. Гуноҳлар ғафлатга қараганда бандани Аллоҳдан кўпроқ узоқлаштиради. Бидъатлар эса гуноҳлардан ҳам кўпроқ узоқлаштиради.  Нифоқ ва ширк бўлса, буларнинг барчасидан кўра кўпроқ узоқлаштиради.

Бўлим

37. Гуноҳлар бандани обрўсизланиради

Гуноҳ ва маъсиятлар оқибатида инсоннинг обрў-эътибори, мартабаси,  ҳурмати Аллоҳ таолонинг наздида ҳам, бандаларнинг наздида ҳам тушиб кетади.  Зеро, Аллоҳ таолонинг наздида энг қадри баланд инсон энг тақволироғи, Аллоҳ таоло ҳузурида мартабаси энг олий инсон Унга энг итоаткоридир. Банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабаси Унга қилган итоатига қараб бўлади. Агар Аллоҳга осий бўлса, буйруқларига хилоф иш тутса Аллоҳнинг назаридан қолади ва Аллоҳ таоло бандаларининг қалбида ҳам уни қадрсиз қилиб қўяди. Одамлар орасида қадр-қиммати тушганидан кейин уни менсимай қўйишади ва шунга яраша муомала қила бошлашади. Бундай инсон одамлар орасида энг ёмон ҳаёт кечиради, обрўсиз, қадрсиз, бахт нима, хурсандчилик нима билмай яшайди. Чунки обрўсизлик ва қадр-қимматсизлик сабабли қувонч ва бахт-саодат кетади, унинг ўрнига ғам-андуҳ, қайғу-аламлар келади. Маъсиятдан олган лаззати қаерда-ю, унинг оқибатида чеккан алам изтироби қаёқда?! Агар шаҳват мастлиги бўлмаганида эди, инсон албатта бунга рози бўлмас эди.

Аллоҳ таолонинг бандага берган энг буюк неъматларидан бири оламлар орасида унинг номини улуғ, қадрини баланд қилиб қўйишидир. Шу сабабли Аллоҳ таоло пайғамбарларини ва набийларини бу неъмат билан хослади ва уларга бошқа ҳеч кимга берилмаган обрў ва азизлик берди.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг! Дарҳақиқат, Биз уларни холис бир хислат-ла ажратдик” (Сод, 45-46). Яъни, уларга ҳеч кимга берилмаган бир хислат бердик. У – дунёда уларни яхши ном билан эслаш хислатидир. Иброҳим алайҳиссалом Раббидан сўраган “лисону сидқ” (чинакам мақтовлар) мана шу хислат эди. Иброҳим алайҳиссалом дуо қилиб айтади: “Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин. Яна мен учун кейин келувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин” (Шуаро, 83-84).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Иброҳим ва унинг фарзандлари ҳақида бундай дейди: “Шунингдек, уларга Ўз фазл-марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак – мақтовларни (барқарор) қилдик” (Марям, 50).

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида бундай дейди: “Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни номингизни) баланд қилиб қўйдик” (Шарҳ, 4).

Пайғамбарларга эргашган инсонлар ҳам уларга қанчалик итоат қилганлари ва эргашганларига қараб ушбу хислатдан насибадор бўлишади. Уларга хилоф қилганлар эса қанчалик осий бўлганлари ва хилоф қилганларига қараб бу хислатдан мосуво бўлишади.

[1] Аҳмад (5\233 (22029), Табароний (20\164-165, 344, 345), Шоший (“Муснад”, 1387), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 2\247) ва бошқалар ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг