Тавҳид ақидаси: Аллоҳдан бошқага қасам ичиш

0

Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш:

Қасам – муаззам (улуғланувчи, таъзим қилинувчи) зотни хос зикр қилиш билан ҳукмни таъкидлашдир. Таъзим (улуғланиш) ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Ундан ўзга билан қасам ичиш асло жоиз эмас. Уламолар қасам фақат Аллоҳ ёки Унинг исм ва сифатлари билан бўлишига иттифоқ қилганлар, У зотдан бошқа билан қасам ичиш мумкин эмаслигига ижмоъ қилганлар.[1]

Аллоҳдан бошқага қасам ичиш ширкдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан ўзга билан қасам ичса, шубҳасиз, куфр ёки ширк келтирган бўлади».[2] Аслида, бундай қасам кичик ширк бўлади, бироқ номи билан қасам ичилаётган шахс қасам ичувчининг наздида сиғиниш даражасигача улуғланса, унда бу катта ширкка айланади.

Бугунги кунда қабрларга сиғинувчиларнинг ҳоли ҳам шунга ўхшайдики, қабрда ётган майитдан Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқадилар. Масалан, уларнинг биридан ўзи улуғлайдиган азиз-авлиё номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан қўрқади, гапи рост бўлсагина қасам ичади. Аммо Аллоҳ номи билан қасам ичиш талаб қилинса, ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймайди.

Демак, қасам ичиш – унинг номига қасам ичилаётган шахсни улуғлаш бўлиб, Алоҳдан бошқа ҳеч ким бунга муносиб эмас. Қасамнинг ҳурматини сақлаш ва кўп қасам ичмаслик лозим. Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Пайғамбар), сиз ҳар бир тубан қасамхўр… кимсага итоат этманг!» (Қалам, 10).

«Қасамларингизни асрангиз» (Моида, 89).

Яъни фақат зарурат юзасидан, ростлик ва эзгулик устида қасам ичингиз! Чунки кўп қасам ичиш ёки ёлғон қасам ичиш Аллоҳга ҳурматсизлик ва Уни улуғламаслик белгисидир. Бу эса тавҳидга путур етказади.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа одам борки, Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга аламли азоб бор» деганлар ва жумладан: «Аллоҳни ўз матосига айлантириб олган, сотишда ҳам қасам ичадиган, олишда ҳам қасам ичадиган одам», деганлар.[3] Шу қадар қаттиқ огоҳлантирганликлари  шуни кўрсатадики, кўп қасам ичиш Аллоҳнинг исми ҳурматини сақлаш мақсадида ҳаром қилинган.

Шунингдек, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло мунофиқларни, билатуриб ёлғон қасам ичишади, деб сифатлаган.

Хулоса:

  • Аллоҳдан ўзга билан – масалан, омонатга ё Каъбага ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам номларига – қасам ичиш ҳаром ва ширкдир.

  • Аллоҳ номига қасддан ёлғон қасам ичиш ҳаромдир.

  • Рост бўлса-да, бирор заруратсиз Аллоҳ номига кўп қасам ичиш ҳаром, зеро бу Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло номини беҳурмат қилишдир.

  • Зарурат тушганда Аллоҳнинг номига рост қасам ичиш жоиз.

 

[1] Ҳошия Ибн Қосим ала китаб ат-тавҳид (303-бет).
[2] Аҳмад (2/125, 6072) Термизий (1535), Абу Довуд (3251), Ҳоким ривоятлари. Ҳадисни Термизий ҳасан, Ҳоким эса саҳиҳ деган. Абдулҳақ Ишбилий “Аҳком ас-суғро”да (735) ва Аҳмад Шокир “Муснад” тахрижида (8/222) ҳадис санадини саҳиҳ деган. Ҳадисни Албоний “Саҳиҳи сунани Термизий”да саҳиҳ деган.
[3] Табароний саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг