Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холид ибн Валидга суиқасд уриниши

0

Холид ибн Валиднинг жангдаги иштироки

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу фақат дин учун урушар ва ажрни фақат Аллоҳдан умид қилар эди. Қўмондонман деб ўзини орқага олмас, аксинча, урушнинг энг олдинги сафларида аскарларнинг олдига тушиб, уларни жангга бошларди, уни «мушукдек пайт пойловчи ва шердек ҳужумкор» деб таърифлашган[1].

Ҳеч қачон ўз жонини ўйламас, ўзини қутқариш учун бирон аскарини қурбон қилиши асло тасаввур этилмас эди. Бузоха урушида ўзини аямай жангнинг энг қайноқ нуқтасига от солиб кираётганида: «Сиз қавмнинг амирисиз, жангни сал четроқда туриб бошқарсангиз ҳам бўлади», деганларга: «Сизлар айтаётган нарсани биламан, бироқ мусулмонларнинг енгилишларига чидаб қараб туролмайман», деган эди[2].

Ямома урушида жанг ўта шиддатли тус олди, Бани ҳанифаликлар йўқотишлардан жазавага тушиб, қасос ўтида жуда қаттиқ урушишди. Жанг асносида Холид ўртага чиқиб, яккама-якка олишувга талабгор чақирди. Олишувга чиққан борки, ҳаммасини ўлдирди[3].

Унинг ҳар бир жангдаги асосий мақсади ё ғалаба, ё шаҳидликка эришиш бўларди. Унинг ўзи «ўлим боғи» ичида ўзи билан Мусайлима аскарларидан бири ўртасида бўлган олишувни шундай тасвирлайди: «Боғда улардан бири бўйнимга чанг солди. Иккаламиз ҳам от устида эдик, бир-биримизни тортиб отдан қулатдик ва ерда олиша кетдик. Мен унга ханжар билан зарба беришга уринардим, у эса қўлидаги учли чўкич билан мени ўлдиришга ҳаракат қиларди. У менинг етти жойимдан яралади. Мен ҳам унга бир неча зарба бердим ва охири бир амаллаб ўлдирдим, Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ўзим ҳам қонимга беланиб, қўлимдан мадор кетиб, қимирлашга ҳолим келмай қолди»[4].

Холид разияллоҳу анҳу Бани ҳанифаликларнинг куч-қудратига ва ўта қаттиқ урушишларига шоҳидлик бериб айтади: «Йигирмата урушда қатнашган бўлсам, Ямома урушидаги Бани ҳанифаликлардан кўра собитқадам, қилич зарбасига чидамли ва урушқоқ одамларни кўрмадим. Жароҳатдан қимирлашга ҳолим келмай қолди, ҳолдан тойиб, яшашдан умидим узилган ва ўлимимга аниқ ишониб қолган эдим»[5].

Холид ибн Валидга суиқасд уриниши

Жоҳилият нақадар ботил ва сохталиги аниқ бўлишига қарамай, ундан осонликча воз кечиб кетолмайдиган кимсалар доим топилади. Жоҳилият шу билан тирик. Жоҳилият тарафдори ҳақиқат билан юзлашган онда зўр бериб жоҳилият ҳимоясига йўл ахтара бошлайди, куч билан тийиб қўйилмагунича қўлидан қиличини қўймайди. Шундан кейин ҳам имкон топди дегунча хиёнат қилишга пайт пойлаб туради. Бани ҳанифалик Салама ибн Умайрнинг иши бунга мисол бўлади. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Бани Ҳанифанинг барча уруғ-аймоқларини қамраб олган сулҳни жорий этганидан кейин бу кимса мусулмонларга кучли нафрати туфайли, улар билан сулҳ тузилишига норозилик ифодаси сифатида Холидга суиқасд режалаштирди. Бани Ҳанифа бошлиқлари уни бу ишининг ёмон оқибатларидан огоҳлантирдилар ва хиёнат қилишидан хавотирланиб уни қамаб қўйдилар. У уларга қайтиб бу ҳақда ўйламасликка сўз берди. Бироқ бир куни тунда ҳибсдан қочиб кетди ва тўғри Холиднинг қароргоҳига йўл олди. Қўриқчилар уни сезиб қолиб, шовқин кўтардилар. У қочиб кетди, Бани ҳанифаликлар унинг аҳмоқлиги ҳамманинг бошига кулфат келтиришидан қўрқиб, ортидан қувиб бориб, бир боғ ичида унга етиб олдилар. У уларга қилич билан қаршилик кўрсатди. Кейин қиличи билан ўзининг жон томирини кесиб ташлади ва шу ердаги қудуққа қулаб, ҳалок бўлди[6]. Бу жоҳилият ўз ботилини нақадар қайсарлик билан ҳимоя қилишига бир мисолдир.

Бани Ҳанифа Сиддиқ ҳузурига вакиллар юбориши

Бани Ҳанифа қавмидан Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ҳузурига вакиллар келди. У улардан Мусайлиманинг “қуръон”идан бирон нарсани ўқиб беришларини сўради. Улар: «Қонимиздан кечасизми, эй Расулуллоҳнинг халифаси?» дейишган эди: «Ҳа, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас», деди. Шундан сўнг унинг гапларидан баъзиларини айтиб беришди. Жумладан:

«Эй икки қурбақанинг қизи қурбақа, истаганингча вақилла. Устинг сувда, остинг лойда, на сув ичувчини қайтара оласан, на сувни булғата оласан».

«Уруғ экувчиларга қасам, экинни йиғиштирувчиларга қасам, буғдойни совурувчиларга қасам, донни янчувчиларга қасам, нон ёпувчиларга қасам,  нонни ушатувчиларга қасам, сариёққа булаб еювчиларга қасам..».

«Сизлар чодир эгалари (саҳройилар)дан афзал қилиндингиз, девор эгалари (шаҳарликлар) сизлардан устун бўлмади. Қишлоғингизни асраб-авайланг, мусофирга жой беринг, мусибатдорга ҳамдард бўлинг..»[7].

Улар унинг шу каби, ёш болалар ўйнаб юриб ҳам айтмайдиган бемаъни хурофот гапларидан бир қанчасини айтиб беришди. Сиддиқ уларга хитоб қилиб: «Сиз шўрликлар ақлингизни еганмисиз?! Бундай сўзлар на илоҳдан, на солиҳ инсондан чиқади!» деди[8].

Мусайлима каззоб ўзини пайғамбар дер экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тақлид қиларди. Муаррихлар зикр қилишларича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қудуққа туфлаганларида унинг суви тўлиб-тошиб чиққанини эшитиб, Мусайлима ҳам бир қудуққа туфлаганида қудуқ қуриб қолган экан. Бошқа бир қудуққа туфлаганида унинг суви шўрлашиб кетган экан. Таҳорат қилиб, ортган сувини бир хурмонинг тагига тўкканида хурмо қуриб қолган экан. Табаррук қилдириш учун ёш болаларни ҳузурига олиб келишганида у бошини силаган болалардан бирининг сочи тўкилиб кал бўлиб қолгани, яна бирининг тили чучук бўлиб қолгани айтилади. Кўзи оғриб қолган бир кишининг кўзини силаганида у бутунлай кўр бўлиб қолган экан[9].

[1] “Тарих ал-яъқубий”, 2/108.
[2] Содиқ Аржун. “Холид ибн Валид”, 477-бет.
[3] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/329.
[4] Содиқ Аржун. “Холид ибн Валид”, 180-бет.
[5] Содиқ Аржун. “Холид ибн Валид”, 180-бет.
[6] “Тарих ат-табарий”, 4/117.
[7] “Тарих ат-табарий”, 4/102.
[8] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/331.
[9] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/331.

Изоҳ қолдиринг