Биринчи асос – Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтириш. Бу асос бошқа иймон асосларининг асли ва негизидир. Аллоҳга иймон келтириш деганда Аллоҳ ҳар бир нарсанинг Рабби ва эгаси, бутун коинотнинг ёлғиз яратувчиси ва бошқарувчиси, ёлғиз Ўзи ибодат қилинишга ҳақли, Унинг шериги йўқ, Ундан бошқа ибодат қилинадиган барча маъбудлар ҳам ва уларга қилинган ибодатлар ҳам ботил, деб қатъий эътиқод қилишга айтилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (Илоҳ) экани, улар (яъни мушриклар Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир” [Луқмон: 30]. Шунингдек, Аллоҳга иймон келтириш деганда Аллоҳнинг мукаммаллик ва улуғворликни ифода этувчи сифатлар билан сифатлангани ва ҳар қандай айб ва нуқсондан пок ва йироқ эканини қатъий эътиқод қилиш ҳам киради. Шундай қилиб, Аллоҳга иймон келтириш деганда уч турли тавҳид – “рубубийят” тавҳиди, “улуҳийят” тавҳиди ва “исм ва сифатлар” тавҳиди тушунилади.
1 – Рубубийят тавҳиди:
Рубубийят тавҳиди – Аллоҳнинг ёлғиз ўзи оламни яратувчи, бошқарувчи, ўлдирувчи ва тирилтирувчи, мустаҳкам ва чексиз қувват эгаси бўлмиш ризқ берувчи деб иқрор бўлишдан иборат. Бу турли тавҳидга иқрор бўлиш инсон фитратида ўрнашган бўлиб, қарийб ҳеч қайси умматлар бу хусусда талашиб-тортишмайдилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: “Аллоҳ”, дерлар” [Зухруф: 87]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: “Осмонлар ва ерни ким яратган?”, деб сўрасангиз, албатта: “Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган”, дерлар” [Зухруф:9]. Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Айтинг: “Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?”. Улар: “(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир”, дерлар” [Мўъминун:86-87].
Қуръонда бунга ўхшаш мисоллар кўп. Аллоҳ таоло мушриклар Аллоҳнинг Раб экани, яратиш, ризқ бериш, тирилтириш ва ўлдириш каби ишларни ёлғиз ўзи бажаришини эътироф этишини зикр қилади. Аллоҳнинг Раб экани ва рубубийят тавҳидини фақат бир гуруҳ кўпдан ажраган инсонлар тоифасигина инкор қилдилар. Улар ичларида ва қалбларининг туб-тубида Раб таолони эътироф этсаларда, зоҳирда Аллоҳнинг рубубийятини инкор этдилар. Албатта, уларнинг Аллоҳнинг Раб эканини инкор қилиши ҳақни била туриб тан олмаслик, қайсарлик бобидандир. Аллоҳ таоло Фиръавн ҳақида шундай дейди: “Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман” [Қасас: 38]. Мусо алайҳиссалом Фиръавнга хитоб қилиб деди: “(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ билурсан” [Исро: 102]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар” [Намл: 14]. Улар рубубийятни инкор қилишда бирон ҳужжатга таянмадилар, балки ҳақни била туриб инкор этдилар, холос. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар (яъни қиёматни инкор қилгувчилар: “(Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради”, дедилар. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос” [Жосия: 24]. Улар Аллоҳнинг Раб эканини бирон илмга таяниб инкор қилмадилар ва уларни бунга на бирон нақлий далил, на ақлий далил ва на фитрат далолат қилган эмас.
Бутун борлиқ ва ундаги воқеа-ҳодисалар Аллоҳнинг якка-ю ягоналиги ва Унинг Раб эканига далолат қилади. Чунки яратилган мавжудотларнинг яратувчиси, ҳодисаларнинг эса пайдо қилувчиси бўлиши зарур. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?!” [Тур: 35-36].
Шоир айтади:
Ҳар қандай нарсада бордир бир оят Унинг бирлигига қилар далолат
Бу ҳақиқатга қандайдир жавоб топиш лозим бўлгач, яратувчининг борлигини инкор этган кишиларнинг жавоблари турлича бўлди. Улардан айримларининг фикрига кўра, бу олам ўсимликлар, ҳайвонлар ва жонсиз нарсалардан иборат бўлган табиатнинг маҳсули ўлароқ пайдо бўлган. Борлиқдаги бу мавжудотлар табиатни ташкил қилади ва табиат ўзини ўзи яратгандир. Бошқа бир қарашга кўра, табиат – бу иссиқлик ва совуқлик, намлик ва қуруқлик, силлиқлик ва дағаллик сингари нарсаларнинг сифат ва хусусиятлари ҳамда ҳаракат ва ҳаракатсизлик, ўсувчанлик ва ўзаро насл қолдириш каби бу нарсаларнинг хусусиятларидан ташкил топган бўлиб, ана ўша табиат нарсаларни вужудга келтирган. Бу икки тахминнинг ҳар иккиси ботилдир. Негаки, биринчи тахминга кўра, табиат бир вақтнинг ўзида ҳам яратувчи, ҳам яратилинувчи, масалан, ер ерни, осмон осмонни ва ҳоказо ҳар бир нарса ўзини ўзи яратган бўлиб қолади. Маълумки, бу имконсиздир. Модомики, бу тахминга кўра мавжудотларнинг табиатдан вужудга келиши имконсиз экан, иккинчи тахминга асосан мавжудотларнинг пайдо бўлиши янада имконсизроқдир. Чунки табиатнинг ўзи борлиқни пайдо қилишдан ожиз экан, унинг сифати борлиқни пайдо қилишдан ожиз бўлиши янада ҳақиқатга яқин. Ахир, бирон нарса сифатининг вужудга келиши ўша нарсанинг ўзига муҳтож бўлса, қандай қилиб сифат ўзи муҳтож бўлган нарсани ярата олсин?!
Агар сифатланувчи нарсанинг кимдир томонидан пайдо қилинганлиги қатъий ҳужжат билан исботини топган бўлса, сифатнинг ҳам пайдо қилингани собит бўлади. Қолаверса, табиатнинг ҳис қилиш хусусияти йўқ, у шунчаки бир асбоб бўлса, қандай қилиб ундан ўта пухталик ва усталик билан, бениҳоят ҳикмат ва ўйқашлик билан яратилган улкан ишлар содир бўлиши мумкин?! Бу худосизлар ичида борлиқ тасодифан пайдо бўлиб қолган дегувчилари ҳам бор. Айтишларича, нарсаларни ташкил қилувчи электрон ва бўлаклар ҳеч қандай яратувчи ва бошқарувчининг аралашувисиз тасодифан йиғилиб қолиши натижаси ўлароқ борлиқда ҳаёт юза келган. Албатта, бу фикр ақл ҳам, фитрат ҳам рад этадиган ботил фикрдир. Сабаби, сиз бу бепоён коинотга, ундаги галактикалар, еру осмонлар ва уларнинг барчаси коинотда ниҳоятда аниқ ва ақл бовар қилмайдиган тартибда ҳаракат қилишига назар солар экансиз, бу оламни фақат яратувчи ва ҳикматли зот Аллоҳгина пайдо қилганига комил ишонч ҳосил қиласиз.
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳнинг вужудини инкор этувчи худосиздан сўранг: “Айтчи, дарё қирғоғида бир айланиб турган чархпалак бўлса, унинг асбоб-ускуналари пишиқ ва пухта, ўзи ҳам мустаҳкам ўрнатилган, ундаги ҳар бир механизм жуда аниқ ва маромига етказиб ишланган, унга қараган одам унинг материалида ҳам, ташқи кўринишида ҳам бирон нуқсон ва камчилик кўрмаса, чархпалак катта бир боғнинг ёнида ўрнатилган, боғда турфа хил мевали дарахтлар ва полиз экинлари бўлиб, чархпалак боғни керакли сув билан таъминлаб турса, ундан ташқари боғда уни парваришлайдиган, вақти-вақти билан дарахтлардаги ортиқча шох-шаббаларни путайдиган, экинларни чопиқ қиладиган, бегона ўтлардан тозалайдиган, боғни ўз вақтида суғориб турадиган, хуллас боғдаги барча ишларни аъло даражада бажариб турадиган киши бўлиб, боғда бирон камчилик бўлмаса, устига устак, йиғим-терим мавсумида одамларнинг зарурат ва эҳтиёжларига мос равишда маҳсулотларни тўғри тақсимласа, ҳар бир табақа ёки тоифага ўзига мос ва лойиқ нарсаларни тақсимлаб турса ва бу ишни муттасил тарзда бажариб турса, сенингча, буларнинг барчаси бирон яратувчисиз, ўз хоҳиш-ихтиёри билан иш юритувчисиз ва бошқарувчисиз тасодифан пайдо бўлганми?! Буларнинг барчаси: чархпалак, боғ ва ундаги барча нарсалар на бир таъсир ўтказувчисиз, на қаровчисиз ва на бошқарувчисиз тўсатдан пайдо бўлган деб ўйлайсанми?! Айтчи, агар шундай бўлса ақлинг нима деб ҳукм қилган, қандай фатво берган, нимага йўллаган бўлар эди?!” Ҳа, Аллоҳ таоло кўзи очиқ кўрларни яратганидек, Унинг ҳикмати онг-идроксиз сўқир қалбларни яратишни ҳам тақозо қилди. Бу сўқир қалблар Аллоҳнинг борлигига далолат қиладиган аломатларга худди тилсиз чорва ҳайвонлари қарагандек боқадилар, холос” (Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг гапи тугади).