Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 91–101 оятлар

0

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا نُؤْمِنُ بِمَا أُنزِلَ عَلَيْنَا وَيَكْفُرُونَ بِمَا وَرَاءَهُ وَهُوَ الْحَقُّ مُصَدِّقاً لِمَا مَعَهُمْ قُلْ فَلِمَ تَقْتُلُونَ أَنْبِيَاءَ اللَّهِ مِنْ قَبْلُ إِنْ كُنتُمْ مُؤْمِنِينَ  ١٩

  1. Баъзи мусулмонлар яҳудийларга: «Аллоҳ туширган Қуръонга иймон келтиринглар», десалар, улар: «Биз ўз пайғамбарларимизга туширилган нарсаларга иймон келтирамиз», дейишади ва Аллоҳ кейин нозил қилган нарсани – ўзларида (Тавротда) бўлган нарсани тасдиқ этувчи ҳақ Қуръонни инкор қилишади. Агар улар ўз китобларига ростдан иймон келтиришганда эди, уларни тасдиқ этиб келган Қуръонга ҳам албатта иймон келтиришган бўларди. Эй Муҳаммад, сиз уларга айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга туширган нарсага иймон келтирувчи бўлсангиз, нега у ҳолда илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдинглар?!»

وَلَقَدْ جَاءَكُمْ مُوسَى بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ اتَّخَذْتُمْ الْعِجْلَ مِنْ بَعْدِهِ وَأَنْتُمْ ظَالِمُونَ ٢٩

  1. Аллоҳнинг пайғамбари Мусо сизларга ўзининг рост пайғамбарлигига далил бўлувчи тўфон, чигиртка, бит, бақа каби Қуръонда зикр қилинган очиқ-равшан мўъжизаларни олиб келди. Шундай бўлса ҳам, Мусо Рабби билан ваъдалашган жойга кетганида сизлар Аллоҳ белгилаб берган ҳаддингиздан ошиб, бузоқни маъбуда қилиб олдингиз.

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمْ الطُّورَ خُذُوا مَا آتَيْنَاكُمْ بِقُوَّةٍ وَاسْمَعُوا قَالُوا سَمِعْنَا وَعَصَيْنَا وَأُشْرِبُوا فِي قُلُوبِهِمْ الْعِجْلَ بِكُفْرِهِمْ قُلْ بِئْسَمَا يَأْمُرُكُمْ بِهِ إِيمَانُكُمْ إِنْ كُنتُمْ مُؤْمِنِينَ ٣٩

  1. Эсланглар, сизлардан Мусо келтирган Тавротни қабул қилиш ҳақида қатъий аҳд олгандик, сизлар аҳдни буздинглар, Биз Тур тоғини бошларингиз устида кўтариб туриб: «Биз сизларга берган нарсани жиддий ушланг, қулоқ солинг ва итоат қилинг, акс ҳолда ушбу тоғни устингизга ташлаб юборамиз», дедик, кейин сизлар: «Сўзингни эшитдик ва амрингга осий бўлдик», дедингиз. Чунки куфрда давом этишингиз сабабли бузоққа ибодат дилларингизга ўрнашиб кетганди. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: «Аллоҳ сизларга туширган нарсага иймон келтирган бўлсангиз, иймонингиз сизларга буюраётган куфр ва залолат нақадар ёмон!».

قُلْ إِنْ كَانَتْ لَكُمْ الدَّارُ الآخِرَةُ عِنْدَ اللَّهِ خَالِصَةً مِنْ دُونِ النَّاسِ فَتَمَنَّوْا الْمَوْتَ إِنْ كُنتُمْ صَادِقِينَ ٤٩

  1. Эй Пайғамбар, ўзларини Аллоҳнинг яқин дўстлари, Унинг болалари ва суюклилари деб даъво қилишлари сабабли, жаннат фақат бизга хос, бошқа одамларга эмас, деб даъво қилаётган яҳудийларга айтинг: «Агар иш шундай бўлса, у ҳолда сизларданми, бошқаларданми, кимда-ким ёлғончи бўлса, унга ўлим тилаб, дуо қилинглар-чи, даъволарингиз рост бўлса».

وَلَنْ يَتَمَنَّوْهُ أَبَداً بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمِينَ ٥٩

  1. Улар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканини, ўзларининг эса ёлғон даъво қилаётганларини билишгани боис, шунингдек, жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзахга тушишга олиб борувчи куфру исёнларга гирифтор бўлганлари сабабли, ҳаргиз бундай дуо қилиша олмайди. Аллоҳ таоло бандалари орасидаги золим кимсаларни яхши билувчидир, У уларга қилмишларига яраша жазо беради.

وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ النَّاسِ عَلَى حَيَاةٍ وَمِنْ الَّذِينَ أَشْرَكُوا يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ يُعَمَّرُ أَلْفَ سَنَةٍ وَمَا هُوَ بِمُزَحْزِحِهِ مِنْ الْعَذَابِ أَنْ يُعَمَّرَ وَاللَّهُ بَصِيرٌ بِمَا يَعْمَلُونَ ٦٩

  1. Эй Пайғамбар, сиз яҳудларнинг ҳаётга ғоят ҳарисликларини, ҳар қанча хор ва шарафсиз ҳаёт бўлса-да, узунроқ умр кўришга қаттиқ рағбат қилишларини, узун умр кўришга бўлган рағбатлари мушрикларнинг рағбатидан ҳам ортиқ эканини кўрасиз. Айрим яҳудийлар минг йил умр кўришни орзу қилади. Бироқ, шунча узоқ умр кўрган тақдирда ҳам, бу уни Аллоҳнинг азобидан узоқлаштира олмайди. Аллоҳ таолога уларнинг ҳеч бир иши махфий эмас, У уларни барча қилмишларига яраша, ўзлари лойиқ бўлган азоб билан албатта жазолайди.

قُلْ مَنْ كَانَ عَدُوّاً لِجِبْرِيلَ فَإِنَّهُ نَزَّلَهُ عَلَى قَلْبِكَ بِإِذْنِ اللَّهِ مُصَدِّقاً لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُؤْمِنِينَ ٧٩

  1. Эй Пайғамбар, “Фаришталар ичидан Жаброил бизнинг душманимиз” деб айтган яҳудларга айтингки, ким Жаброилга душман бўлса, Жаброил Аллоҳнинг изни билан ўзидан олдинги илоҳий китобларни тасдиқ этувчи, ҳаққа йўлловчи ва уни тасдиқ этувчиларга дунё-ю охиратда барча яхшиликлар хушхабарини берувчи бўлган Қуръонни сизнинг қалбингизга туширгандир.

مَنْ كَانَ عَدُوّاً لِلَّهِ وَمَلائِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللَّهَ عَدُوٌّ لِلْكَافِرِينَ ٨٩

  1. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Унинг инсон ва фаришталардан бўлган элчиларига, хусусан, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, – чунки яҳудийлар Жаброилни ўзларига душман, Микоилни дўст деб билишарди, – Аллоҳ таоло уларга эълон қилдики, ким бу икки улуғ фариштадан бирини душман тутса, иккинчисини ҳам душман тутган бўлади ва табиийки, Аллоҳни ҳам душман тутган бўлади. Зотан Аллоҳ таоло Ўз элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган нарсани инкор қилувчиларнинг душманидир.

وَلَقَدْ أَنزَلْنَا إِلَيْكَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ وَمَا يَكْفُرُ بِهَا إِلاَّ الْفَاسِقُونَ ٩٩

  1. Эй Пайғамбар, Биз сизга Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари эканингизга далил бўлувчи очиқ-равшан оятларни туширдик. Бу оятларни фақат Аллоҳнинг динидан чиққан кимсаларгина инкор қилади.

أَوَكُلَّمَا عَاهَدُوا عَهْداً نَبَذَهُ فَرِيقٌ مِنْهُمْ بَلْ أَكْثَرُهُمْ لا يُؤْمِنُونَ ٠٠١

  1. Бани Исроилнинг ҳадеб аҳдларни бузавериши нақадар хунук ҳол! Ҳар сафар бирон аҳдга аҳдлашсалар, улардан бир гуруҳи ўша аҳдни албатта бузади. Кўрасизки, бугун бир нарсага аҳд қилишса, эртага уни бузишади. Аслида, уларнинг кўплари Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсага иймон келтиришмайди.

وَلَمَّا جَاءَهُمْ رَسُولٌ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُصَدِّقٌ لِمَا مَعَهُمْ نَبَذَ فَرِيقٌ مِنْ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ كِتَابَ اللَّهِ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ كَأَنَّهُمْ لا يَعْلَمُونَ ١٠١

  1. Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қўлларидаги Тавротга мувофиқ келувчи Қуръонни олиб келганида улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг Китобини ортларига ташладилар. Уларнинг ҳоли унинг (Қуръоннинг) ҳақиқатини билмайдиган жоҳил кимсалар кабидир.

Изоҳ қолдиринг