Бемор дўстимга мактуб (4)

0

Синов-имтиҳонларнинг фойдалари

Бемор дўстим, хаста биродарим…  Аллоҳ сабр берсин, мўл-кўл ажр-мукофотлар ато этсин. Мўмин кишига берилган бало-мусибатлар, дард ва касалликларда улкан фойдалар ҳам борлигини унутма. Хато-камчиликларнинг ўчирилиши, гуноҳ-маъсиятларга каффорат бўлиши шулар жумласидандир.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Мусулмонга етадиган ҳар қандай мусибат, ҳатто баданига санчилган бир тикан сабабли ҳам Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради” (Бухорий (6540), Муслим (2572) ривояти).

Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонга етадиган ҳар қандай қийинчилик, машаққат, касаллик, ғам-ташвиш, озорларни ва ҳатто баданига кирган бир тиканни ҳам Аллоҳ таоло унинг гуноҳларига каффорат қилади” (Бухорий (5641, 5642), Муслим (2573) ривояти).

Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мўмин киши шамолда гоҳ эгилиб, гоҳ қаддини тиклаб олувчи навниҳолга ўхшайди, мунофиқ эса бир қаттиқ шамолдаёқ синиб кетувчи кедр дарахтига ўхшайди” (Бухорий, 5643).

Шунга ўхшаш ҳадис Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган, унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши янги чиққан ниҳолга ўхшайди. Ҳар тарафдан эсган шамол уни эгиб-букса ҳам яна қаддини тиклаб, бало-офатларга бардош беради. Фожир эса маҳкам турган дарахтга ўхшайдики, Аллоҳ истаган пайт уни синдириб ташлайди”, деганлар (Бухорий, 5644).

Демак, касалликлар ва бало-мусибатлар бир тарафдан яхшилик аломати экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, унга мусибат беради” (Бухорий, 5645).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: Аллоҳ таолонинг: “Ким бир ёмон амал қилса, унинг жазосини олади” (Нисо, 123) ояти нозил бўлганда бу оят мусулмонларга оғир келди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ишни енгиллатиб дедилар: “Ўртача, мўътадил бўлинглар, тўғриликни қасд қилинглар. Мусулмонга етган ҳар бир мусибат, ҳатто қоқилиб тушса ҳам, ё баданига тикан кирса ҳам гуноҳларига каффорат бўлади” (Муслим, 2574).

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соиб – ёки Умму Мусаййибнинг – олдига кириб: “Сизга нима бўлди эй Умму Соиб – ёки Умму Мусаййиб, – титраяпсиз?” дедилар. У: “Иситмам чиқяпти, даф бўлгур”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иситмани сўкманг, у одамзотнинг гуноҳларини худди темирчининг босқони темир зангини кетказганидек кетказади”, дедилар (Муслим, 2575).

Асвад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оиша разияллоҳу анҳо Минода эканида қурайшлик бир неча йигитлар кулган ҳолда унинг ҳузурига кирдилар. Оиша разияллоҳу анҳо: “Нимага кулаяпсизлар?” деб сўради. Улар: “Фалончи чодир арқонига қоқилиб йиқилиб, бўйни синишига сал қолди”, дейишди. Шунда Оиша разияллоҳу анҳо танбеҳ бериб, деди: “Кулманглар! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтганларини эшитганман: “Мусулмон кишининг баданига бирон тикан кирадими ё ундан каттароқ озор етадими, бу билан унинг мартабаси ошади ва гуноҳлари ўчирилади” (Муслим, 2572).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал ётган бир аъробийни кўргани кирдилар.  У зот касал кўргани кирсалар, одатда: “Ҳечқиси йўқ, иншааллоҳ яхши бўлиб кетасиз”, дердилар. Аъробийга ҳам шундай деган эдилар, у: “Яхши бўлиб кетасиз” дейсизми? Йўқ, ундай эмас, ёндираётган бу иситма мен қарияни гўрга олиб бориб тиқса керак”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Майли унда, (сиз айтганча бўлақолсин)” дедилар (Бухорий, 5656).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб ётганларида кўргани кирдим. Қаттиқ иситмалаб ётган эканлар. Мен: “Иситмангиз анча баланд”, дедим. У зот: “Ҳа, мен сизлардан икки баробар кўп иситмалайман”, дедилар. Мен: “Бунинг учун сизга икки баробар ажр бўлади, шундайми?” дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа шундай, қай бир мусулмонга бирон азият етса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини дарахтнинг барги тўкилганидек тўкиб ташлайди” дедилар (Бухорий (5647), Муслим (2571) ривояти).

Оиша разияллоҳу анҳо айтади: “Бирон кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғриганларидек қаттиқ оғриганини кўрмадим” (Бухорий (5646), Муслим (2570) ривояти).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло деди: «Бандамни икки кўзи билан (яъни уларни кўр қилиш билан) мусибатласам ва у сабр қилса, эвазига жаннатни бераман» (Бухорий, 5653).

Ато ибн Абу Рабоҳ деди: Менга Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: “Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?” деди. Мен: “Ҳа, албатта, кўрсатинг”, дедим. У деди: “Ҳов анави қоратанли аёлни кўряпсанми, шу аёл Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Менинг тутқаноқ касалим бор. Касалим қўзғаганда ўзимни билмай қолиб, авратларим очилиб қолади. (Шифо сўраб) ҳаққимга дуо қилсангиз”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хоҳласанг сабр қил, эвазига жаннат бўлади. Хоҳласанг Аллоҳдан сенга шифо беришини сўраб дуо қиламан”, дедилар. Аёл: “Сабр қиламан. Фақат, дуо қилинг, авратларим очилиб қолмасин”, деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар” (Бухорий (5652), Муслим (2576) ривояти).

Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳу деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Беморларингиз соғлиғидан хавотир олиб, (зарарли) емак-ичмакдан асраб-авайлаганингиз каби, Аллоҳ таоло мўмин бандасини яхши кўргани боис уни дунёдан ҳимоя қилиб асрайди” (Аҳмад, 5/427).

Айни санад билан келган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ таоло бир қавмни яхши кўрса, уларни имтиҳонга солади. Ким (балога) рози бўлса, унга розилик, ким ғазабланса, унга ғазаб бўлади”.

Буни шундай тушуниш лозим: Аллоҳ таоло яхши кўрадиган кишиларга бало-мусибат берса, фазли-марҳамати билан сабр ҳам беради ва уларнинг мартабалари юқори бўлади.

Айримларга эса гуноҳлари боис мусибат-бало тушади. Аллоҳ таоло денгиз яқинида жойлашган қишлоқ аҳли ҳақида шундай деган: “Биз шанба кунида сув юзини тўлдириб балиқларни келтириш, эртаси балиқларни ғойиб қилиш билан уларни имтиҳон қилганимиздек, фосиқликлари – Аллоҳнинг тоатидан чиқишлари сабабли уларни ана шундай имтиҳонларга дучор қиламиз” (Аъроф, 163).

Бир сўз билан айтганда, киши агар Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига амал қилувчи солиҳ бўлса ва унга бало-мусибатлар етса, билингки, бу Аллоҳ уни яхши кўрганидандир. Қуръон ва суннатдан юз ўгирган кимсага етган бало-офатлар эса унга жазо ўлароқ тушган бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Эй одамлар, сизларга динингиз ёки дунёйингизда қай бир мусибат етган бўлса, ўзингиз қилган гуноҳу маъсиятларингиз сабабли етади” (Шўро, 30).

Бошқа ояда эса: “Аллоҳ таоло Макка шаҳрини зарбулмасал қилиб келтирди. Бу шаҳар тажовузлардан омонда, танг-тор ҳаётдан хотиржамликда эди, ризқи ҳар тарафдан осон-қулай келарди. Сўнг бу шаҳар аҳли Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилдилар. Унга ширк келтирдилар, неъматларнинг шукрини адо этмадилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларни очлик билан ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан юборилган ва улар қалбига қўрқув солувчи лашкарлардан қўрқув билан жазолади. Бунга эса уларнинг куфрлари ва ботил қилмишлари сабаб бўлди” (Наҳл, 112).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг