Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (10)

0

Иймон келтирган кишиларга бўлган хитобни ва уларга ўзлари шусиз ҳам иймон келтириб турган нарсаларга иймон келтиришни буюрган оятни ўз ичига олган “Нисо” сурасида Аллоҳ таоло мўминларга: “Агар сизлар талаб қилингандек иймон келтирсангиз, сўнг иймонни мустаҳкамлаб, авайлаб-асрасангиз, иймон қалбингизга ва бутун вужудингизга кириб жойлашса, сизлар тасдиқ этсангиз ва иқрор бўлсангиз бўлди. Ундан кейин ҳавои нафсингиз истаган йўлда юрсангиз ҳам, нотўғри урф-одатлар чизиғидан чиқмасангиз ҳам сизга ҳеч қандай зарари йўқ” деб айтмади. Балки, уларга мерос тақсимотига оид бир қанча ҳукмларни баён этиб, уларга амал қилишлари шартлигини уқтирди. Ҳукмлар баёнини қуйида оятлар билан ниҳоялади:

Мана шу Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларидир. Ким Аллоҳга ва пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Ва бу катта зафардир. Ким Аллоҳга ва пайғамбарига итоатсизлик қилиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралардан ошиб ўтса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилувчи азоб бордир” (Нисо, 13-14).

Аллоҳ уларга муайян кўрсатмалар берадики, улар ўша кўрсатмалар асосида оилавий ва ижтимоий алоқаларини қурадилар. Аллоҳ уларни бу борада мурожаат қилишлари керак бўлган манбага йўллаб, бундай дейди:

Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (Нисо, 59).

Ишларни Аллоҳ ва Расулига топширишни ва бутун ҳаётни Аллоҳ ва Расули кўрсатмаси асосида ўтказишни Аллоҳга ва охиратга бўлган иймонга боғламоқда ва буни иймоннинг шарти эканини уқтирмоқда:

 “Агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз“.

Сўнг Аллоҳ таоло хабар бермоқдаки, У уларга пайғамбарларини фақат етказиш ва билдириш учунгина юбормади, токи ҳеч ким: “Менга етказилди, билдим, тасдиқ этдим ва иқрор бўлдим” деб ҳужжат қилмасин. Балки У пайғамбарларини уларга итоат этилиши учун юборди:

Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз” (Нисо, 64).

Сўнг Аллоҳ таоло иймон келтирган мўминларга Ўзининг аҳкомларини, буйруқ ва қайтариқларини ҳамда уларга фарз қилган йўлланмаларини баён қилгандан кейин, уларга иймон қуруқ орзу-хаёллар билан ҳосил бўладиган нарса эмаслигини, балки иймон ўз тасдиғини воқеликда жонли амал ила топиши лозимлигини билдирди:

Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас, ким ёмон амал қилса, жазосини олгай ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топгай. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўшалар жаннатга киргайлар ва уларга заррача зулм қилинмас” (Нисо, 123-124).

Изоҳ қолдиринг