Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (15)

0

Фойдали илм икки хил:

Биринчиси бошидан охиригача мақтовли бўлган илмдир. У қанчалик кўпайса шунчалик яхши ва афзал бўлади. У илм Аллоҳ таолони сифатлари ва феъллари ила таниш ва Унинг дунё ортидан охиратни келтиришидаги ҳикматни англаб етишдир.

Иккинчиси шундай илмки, ундан маълум миқдоргина мақталади. Улар фарзи кифоялардан ҳисобланади.

Тақводор инсон бошқалардан аввал ўзини тузатиш билан, сиртини тузатишдан олдин ичини ёмон сифатлардан тозалаш билан машғул бўладиган кишидир. Ана шундан кейин у фарзи кифоялар билан машғул бўлади. Аксинча, бошқаларни тузатаман деб ўзини ҳалок қиладиган кимса ақлсиздир. Унинг мисоли этагидан чаён кириб кетган, ўзи эса бировлардан пашшани ҳайдаётган кишига ўхшайди.

Навол исмли аёл дунёвий илмдан дурустгина даражага эришган эди. Табиба эди, ўз соҳасида моҳир эди. Айтишича, у бу ишни Аллоҳдан савоб умидида қилар экан. Лекин мозорларни зиёрат қилишдан тийилмас, азиз-авлиёларнинг қабрларига бош уриб, улардан мадад тилар, бу қилаётган иши уни Аллоҳ ҳузуридаги даражасини юксалтиради, деб ўйлар эди.

Инсоннинг биринчи вазифаси ақидасини ширкдан поклаш ва ягона Аллоҳга шерик келтирмасдан ибодат қилиш эмасмиди?!

Дини ва ақидасини ҳимоя қила олмас экан, унинг олган илми қандай илм бўлди?!

Қуръон биз учун шифодир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўллари нурдир. «Аллоҳ у (Қуръон) сабабли Ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўз изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур»  (Моида, 16).

Илм исташ йўлидаги энг олий ҳиммат Қуръон ва Суннатни таълим олиш, Аллоҳ ва Расули ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиш ва Аллоҳ белгилаган ҳад-ҳудудларни билишдир. Илм талаби йўлидаги энг паст ҳиммат эса ҳаётда учрамаган ёки учраши мумкин бўлмаган масалаларга аҳамият қаратадиган ёки асосий эътиборини ихтилофли масалаларга қаратадиган, лекин бу борадаги саҳиҳ қавлни ажрата олмайдиган кишининг ҳимматидир. Бундай кишиларнинг илмидан ҳеч ким ҳеч қандай фойда олмайди.

Толиби илм ишни аввало Қуръони каримдан бошлайди ва Қуръонни пухта ёд олганидан сўнг бошқа илмларга ўтади. Чунки Қуръон илмларнинг асли, онаси ва энг муҳимидир. Толиби илм бошқа бирон илмни деб Қуръондан чалғимасин. Қуръондан ўқиш учун белгилаб олган кунлик ё бир неча кунлик ёки ҳафталик вазифасини тарк этмасин. Қуръонни ёд олгандан сўнг унутиб юборишдан ҳам эҳтиёт бўлсин. Зеро ҳадисларда бундан қаттиқ қайтарилган.

Солиҳа мусулмон аёл Қуръонни қалбга ором бахш этадиган тадаббур билан, тушуниб ўқийди. Қуръон маънолари банданинг умидини Раббига боғлайди, уни Раббининг азобидан қўрқитади. Ҳар хил тоифалар ва йўлларнинг зулматидан нурафшон ҳидоят сари олиб чиқади. Залолат ва бидъат йўлларига кириб қолишдан асрайди. Раббига шукр қилиш ила неъматларни зиёда қилиб олишга ундайди. Ҳалол ва ҳаромнинг чек-чегараларини танитади ва бу чегаралардан ўтиб кетмайдиган қилиб қўяди. Қалбини ҳақда собит қилиб, адашиб кетишдан асрайди. Машаққатли ва қийин ишларни унга жуда осон ва енгил қилиб қўяди. Йўлда чарчаб, азм-қарори сусайиб қолса, дарҳол: «Карвон илгарилаб кетди! Йўлбошчи узоқлашди! Карвонга етиб ол! Ортда қолиб кетма!» деб нидо қилади. Худди касал кишини олиб кетаётган мусофир каби сафарида ҳамроҳ бўлади. Мабодо йўлда бирон пистирмада ётган душман ёки йўлтўсар қароқчи чиқиб қолса: «Огоҳ бўл, эҳтиётингни ол! Аллоҳдан паноҳ сўра, ёрдам тила! “Аллоҳ менга кифоя қилгувчидир, Аллоҳ нақадар яхши ёрдам берувчи зотдир”, деб айт!», деб нидо қилади.

Шубҳасиз, Қуръонни тадаббур қилиб, маъноларини англанса, биз айтган ҳикмат ва фойдалардан мингларча топиш мумкин.

Изоҳ қолдиринг