Қабристонга оид ҳукмлар: Муқаддима (12)

0

17 – Маййитни вафот этган аҳли оиласи ва қариндошлари орасига дафн этиш

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мутталибдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга кўра, маййитни аҳли оиласи ва қариндошлари орасига дафн қилиш жоиз: «Усмон ибн Мазъун вафот этганда тобутда олиб чиқиб, дафн этилди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига тош олиб келишни буюрган эдилар, у (тошни) кўтара олишмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (тошнинг) олдига бориб, енгларини шимардилар». Касир айтади: «Мутталиб: “Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хабар бераётган киши: «Мен гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам енгларини шимараётганларида у кишининг икки тирсакларининг оқлигини кўриб тургандекман» деди”, деб айтди». «Сўнг у зот тошни кўтариб, (қабрнинг) бош тарафига жойладилар ва: “Бу билан (эмикдош) акамнинг қабрини таниб оламан ва аҳли оиламдан вафот этганларни унинг ёнига дафн этаман”, дедилар»[1].

Модомики, яқинларни бир жойга дафн этиш ҳар бир қабила ўзларига алоҳида қабристон пайдо қилиб олишларига олиб бормас экан, шундай қилиш барчаларини тенг зиёрат этиш учун осонроқ бўлади. Лекин ҳар бир қабила ўзига алоҳида қабристон қилиб олиши фахрланишни келтириб чиқаради. Мусулмонларнинг бошлиқлари бу каби ҳолат юзага келишининг олдини олишлари, Мадина қабристони бўлмиш Бақеъ барча мусулмонлар учун оммавий бўлгани каби, улар ҳам қабристонни барча мусулмонлар учун оммавий қилишлари, у ерга бир киши дафн этилса, унинг олдига ундан кўра мартабалироқ ва қадрлироқ бошқа киши ҳам кўмиладиган қилишлари керак. Зеро, мусулмонларнинг қабристонларига оид суннат мана шудир»[2].

Валлоҳу аълам.

[1] Абу Довуд ривоят қилган (468-бет, 3206-ҳадис). Нававий «Хулосат ал-аҳком»да (2/1010, 3612-ҳадис), Ибн Мулаққин «Бадр ал-мунир»да (5/325) ва Албоний «Аҳком ал-жаноиз»да (104) ҳадисни ҳасан санаган.

«Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳурмат юзасидан ёки у ҳам қурайшлик бўлганидан ёки эмикдош акаси бўлганидан у кишини «акам» деб атадилар. Мана шу охирги фикр тўғрироқдир» (ал-Азимободий. «Авн ал-маъбуд шарҳ сунан Абу Довуд», 9/17. «Дор ал-Боз» нашриёти, биринчи нашр, 1410-ҳ.й.».

[2] Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин. «Фатово фи аҳком ал-жаноиз», 445, 446-бетлар. Тўпловчи: Шайх Фаҳд Сулаймон. «Дор ас-сурайё» нашриёти, биринчи нашр, 1423-ҳ-й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг