Эй иймон келтирганлар (8): Ўлим келмасдан туриб Аллоҳ йўлида инфоқ қилинг

0

Эй иймон келтирганлар, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на воситачилик фойда берадиган кун – қиёмат куни келмай туриб Аллоҳ сизларга берган моллардан инфоқ қилинг. Кофирлар ҳақиқий золимлардир” (Бақара, 254).

Шарҳ:

Навбатдаги бу илоҳий нидода Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган, қиёмат куни Унга йўлиқишга ишонган, Унинг китобларига, пайғамбарларига, фаришталарига ва қазои-қадарига иймон келтирган мўминларга иймон сифати ила нидо қилмоқда. Зеро мўмин иймони билан ҳаётдир, нидони эшитади ва нидо қилувчининг чақириғига лаббай деб жавоб беради.

Бу нидода Аллоҳ таоло мўминларни мол-дунёларидан инфоқ қилишга – Аллоҳ йўлидаги жиҳод, камбағал ночорлар эҳтиёжларини ўташ, дин ва мусулмонлар ҳимояси йўлида сафарбарлик, қул озод қилиш, касални даволатиш ва бошқа муайян ўринларга сарфлашга буюрди. Берганда ҳам шайтоннинг йўлига эмас, Аллоҳ учун ва Аллоҳ йўлида бериш керак бўлади. Аллоҳ бу оятда инфоққа буюрар экан, лутф ва меҳрибонлик билан мўминларга эслатиб: “Аллоҳ сизларга берган моллардан инфоқ қилинг”, деди. Одам боласи ҳеч вақосиз, ҳатто кийимсиз дунёга келади, бойликни Аллоҳ беради. Аллоҳ Ўзи берган бойликдан ҳаммасини эмас, бир қисмини инфоқ қилишга буюрди. Бу ҳам инсонларга Аллоҳнинг фазл-марҳамати нақадар катта эканини кўрсатади.

“Инфоқ қилинадиган шайтоннинг йўли ҳам борми?” деб сўрасангиз, “Ҳа, Аллоҳга қасамки, бор”, деб жавоб бераман. Аллоҳга осий бўладиган ҳар қандай гуноҳ ишларга пул сарфлаш шайтон йўлига инфоқ қилиш ҳисобланади. Қимор ва беҳуда-ботил ўйинларга пул сарфлаш, ҳаром емак-ичмакларга, ҳаром қилинган либосларга пул сарфлаш, исрофгарчилик – буларнинг бари шайтонни рози қиладиган харажатлардир. Шунинг учун ҳам шайтон шундай ишларга пул сарфлашга буюради ва шу ишларни чиройли кўрсатади.

Бу нидодаги Аллоҳ таолонинг: “На олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на воситачилик фойда берадиган кун – қиёмат куни келмай туриб Аллоҳ сизларга берган моллардан инфоқ қилинг” сўзи нимага далолат қилишини биласизми? Аллоҳ таоло мўмин бандаларига меҳрибон ва раҳмли бўлганидан уларни ўлим келиб қолмасидан олдин, ҳаётлик чоғларида инфоқ қилиб қолишга ундамоқда. Банда вафот этгач унинг барча амаллари тўхтайди. Ҳаётида нима амал қилган бўлса, шунга кўра жазо ё мукофотини олади. Яхши бўлса яхши мукофотга, ёмон бўлса ёмон оқибатга йўлиқади.

Ҳар бир банда вафот топиши билан охират ҳаётига қадам қўяди. Охират ҳаётининг эса ўзига яраша қонунлари бор. У ерда кишига олди-сотди фойда бермайди, зотан у ерда сотадиган бирон нарсаси ҳам бўлмайди, сотиб олувчи ҳам йўқ. Охират ҳаётида таниш-билишчилик йўқ. Охиратда ошна-оғайни ва дўст-ёрлар фойда бермайди. Охиратда бирон киши Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимни шафоат қила олмайди. Шафоатчи ҳам қачон Аллоҳ изн берса ва шафоат қилинаётган бандадан рози бўлса, шундагина шафоат қила олади.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларини куфрдан огоҳлантириб, ушбу нидони: “Кофирлар ҳақиқий золимлардир”, деган сўзи билан тугатди. Куфрнинг ҳар туридан ҳазир бўлиш зарур. Куфр икки хил бўлиб, бири диндаги куфр, иккинчиси неъматга куфр, яъни неъматларга нонкўрликдир. Иккисига қўл урган киши ҳам золимлардан бўлади, золимларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ азоблар ҳозирлаб қўйган: “Аллоҳ хоҳлаган бандасини Ўз раҳматига –жаннатига киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир” (Инсон, 31).

Диндаги куфр билан неъматларга куфр келтиришнинг фарқи қуйидагича:

Шариатнинг баъзи ҳукмларини ёки барчасини инкор қилиш диндаги куфрдир. Ислом динини тан олмаган яҳуд, насоро, мажусий ва мушрикларнинг куфри шу турдаги куфрдир. Улар Ислом динини қабул қилмагани, уни инкор этгани ва тан олмагани учун кофир бўлишган.

Неъматларга куфр келтириш неъматлар Аллоҳники эканини эътироф этмаслик, шукр қилмаслик ва уларни Аллоҳ розилиги йўлида сарфламасликдир. Шу билан неъматга нонкўрлик қилган киши золимлар қаторига киради. Зулм – бирон бир нарсани ўз ўрнига қўймасликдир. Аллоҳ ризқини кенг қилиб қўйса-ю, у ноинсоф бахиллик қилиб закот бермаса, буюрилган ўринларга инфоқ қилмаса, золим бўлмай ким бўлади, ахир? Бундай киши пулни ноўрин сарфлаши билан қаттиқ азоб ваъда қилинган золимлар жумласидан бўлди: “Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир”.

Эй аҳли иймон, огоҳланинг! Бахил, зиқна, хасис бўлишдан ҳазир бўлинг. Закотни бермай қўйишдан, буюрилган ўринларга инфоқ қилмасликдан сақланинг. Аллоҳ йўлидаги жиҳодга, ота-она ва аҳли оилага, камбағал ва мусофирларга инфоқ қилинг.

Юқорида шарҳлаганимиз, бахилликдан қутулишга, инфоқ қиладиган саховатли инсон бўлишга ёрдам берадиган ушбу оятни кўп-кўп ўқиб юринг. Бу сўзлар ҳар доим кўз ўнгингизда турсин. Чунки бу оят Аллоҳнинг инфоқ қилишга бўлган амрини, охират ҳаёти ҳақидаги эслатмасини, золимларга тайёрлаб қўйилган азобларини ўз ичига олган. Золимлар қаторида бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг