Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Қуръони каримнинг жамланиши

0

Муртадлар билан бўлган урушларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлди. Ямома урушида шаҳид бўлган мусулмонларнинг кўпчилиги ҳофизи қуръон эди. Қорилар ўтиб кетиши билан Қуръонга путур етишидан хавотир пайдо бўлгач, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг маслаҳати билан Абу Бакр разияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга қарор қилди. Сиддиқ разияллоҳу анҳу бу ўта муҳим ишни Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга топширди. Қуръони каримни хурмо поябарглари, тош парчалари, курак суякларидан, одамларнинг хотираларидан жамлашга киришилди.

Бу ҳақда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: “Ямома урушидан сўнг Абу Бакр мени чақиртирди. Борсам, Умар ибн Хаттоб ҳам унинг ҳузурида экан. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Умар келиб менга: “Ямома куни Қуръон қориларидан кўпи шаҳид қилинди. Мен бошқа жойларда ҳам қорилар кўплаб шаҳид бўлиб, Қуръоннинг кўпи улар билан кетиб қолишидан қўрқаман. Менимча, Қуръонни жамлашга амр қилишингиз керак”, деди. “Мен қандай қилиб Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва саллам қилмаган ишни қиламан?!” десам, у: “Аллоҳга қасамки, шундай қилишингиз яхши!” деди. У бир неча бор мурожаат қилганидан кейин Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Умарнинг қалбини очган ишга очди ва мен Умар айтган ишни қилишни лозим топдим”, деди. Сўнг Абу Бакр менга: “Сен ёш ва ақлли, (ёлғон ва хиёнатда) айбланмаган йигитсан. Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва саллам ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Сен энди Қуръонни йиғиш пайига туш ва уни жамла”, деди. Аллоҳга қасамки, агар тоғлардан бир тоғни елкамга юкласалар, бу мен учун Қуръонни жамлашга буюрганидан кўра оғир бўлмас эди. Мен: “Сизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва саллам қилмаган ишни қандай қиласизлар?!” дегандим, у менга: “Аллоҳга қасамки, шундай қилиш яхши!” деди. (Абу Бакр қайта-қайта гапиргач, Аллоҳ менинг қалбимни ҳам Абу Бакр ва Умарнинг қалбини очган ишга очди.) Шундан сўнг мен Қуръонни йиғиш пайига тушдим ва уни хурмо поябарглари, тош парчалари, тери бўлаклари ва курак суякларидан ҳамда одамларнинг ҳифзу хотираларидан жамлай бошладим. “Тавба” сурасининг охиридаги “Ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (ҳақ динга келишингизга) ҳарис бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку” [Тавба: 128] оятидан сура охиригача ёлғиз Абу Хузайма Ансорийдан топдим, бу оятлар ундан бошқа ҳеч кимдан топилмади. Саҳифалар Абу Бакр ҳаётлигида то вафот этгунича унда бўлди, унинг вафотидан кейин Умарда, унинг вафотидан сўнг Ҳафса бинти Умар разияллоҳу анҳода турди”[1].

Бағавий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида ёзади: “Бу ҳадисда очиқ айтилгани каби, саҳобалар Аллоҳ таоло пайғамбари саллаллоҳу  алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръонни унга бирор нарса қўшмасдан ва ундан бирор нарсани олиб ташламасдан бир жойга жамладилар. Уларни Қуръонни жамлашга ундаган сабаб ҳадисда келганидек, Қуръон оятлари шу пайтгача хурмо поябарглари, тош парчалари, тери бўлаклари ва курак суякларида ҳамда одамларнинг ҳифзу хотираларида тарқоқ ҳолда эди. Улар ҳофизи қуръонлар ўтиб кетиши билан Қуръоннинг баъзи қисми йўқ бўлиб кетишидан қўрқдилар. Шу боис Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва салламнинг халифасига мурожаат қилдилар ва уни жамлашга чақирдилар. У ҳам уларнинг фикрига қўшилди ва барчанинг иттифоқи билан Қуръонни бир жойга йиғишга буюрди. Саҳобалар Қуръонни Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва салламдан қандай эшитган бўлсалар шундай, бирор нарсани ўзгартирмасдан ва бирор оятни ўз ўрнидан бошқа жойга қўймасдан ёздилар, уни Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва саллам қандай тартиблаган бўлсалар, худди шу тартибда жамладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлаётган Қуръонни асҳобларига ўқиб берар ва ўргатар эдилар, уни ҳозир бизнинг қўлимизда бўлган Мусҳаф тартибида, Жаброил алайҳиссаломнинг ҳар бир оят нозил бўлаётганида бу оят фалон нарсалар зикр қилинган сурадаги фалон оятдан сўнг ёзилади, деган кўрсатмаларига мувофиқ тартиблар эдилар”[2].

Демак, маълум бўладики, Ислом тарихида Қуръони карим илк бор Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу буйруғи билан бир жойга жам қилинди.

Саъсаъа ибн Савҳон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Биринчи бўлиб Қуръонни бир жойга жамлаган ва  калола[3] меросини тақсимлаган киши Абу Бакр эди”[4].

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ Абу Бакрни раҳматига олсин, у биринчи бўлиб Қуръонни икки лавҳ ичига жамлади”[5].

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Зайд ибн Собитни бу муҳим вазифага танлашига сабаб, у унинг шахсида бу вазифани ўрнига келтириш учун лаёқатли қобилиятни кўрди. Бу қобилиятлардан баъзилари қуйидагилар:

  • Ёш эди, 21 ёшга кирганди, талаб этилган ишни елиб-югуриб бажаришга куч-қуввати бор эди;

  • Бошқалардан кўра лаёқатлироқ, онглироқ эди. Аллоҳ унга кучли ақл ато этган эди, бу уни яхшилик йўлига муяссар этди;

  • Ишончли эди, айбу маломатга нишон бўлмаган эди, шу боис амали мақбул эди. Одамлар унга ишонар, унга нисбатан қалбларда хотиржамлик бор эди;

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий котиби бўлган эди, бу борада тажрибаси бор эди, Қуръонга алоқали топшириқ унга бегона эмас эди.

Мазкур улуғ сифатлари туфайли Сиддиқ Зайдни Қуръонни жамлашдек шарафли ва муҳим вазифага танлади;

  • Бундан ташқари, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Қуръонни жамлаган тўрт кишининг бири эди. Қатода айтади: “Анас разияллоҳу анҳудан: “Пайғамбар саллаллоҳу  алайҳи ва саллам замонларида Қуръонни ким жамлаган?” деб сўрадим. У жавоб берди: “Тўрт киши, ҳаммаси ансорлардан эди: Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд”[6].

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳунинг Қуръонни жамлашда тутган йўли қуйидагича бўлди: у фақат Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва саллам ҳузурларида ёзиб олинган ва саҳобалар ёд олган оятларнигина Қуръонга киритди. Агар ёзиб қўйилмаган бўлса, ёд олинганнинг ўзига кифояланмади, чунки ҳифзда хато бўлиш эҳтимоли бор. Қолаверса, у бирон кишидан, то ўзи келтирган оятларни Пайғамбар саллаллоҳу  алайҳи ва саллам ҳузурларида ёзиб олган эканига икки гувоҳ келтирмагунича, бирон нарсани қабул қилмади[7].

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу кейинчалик, Усмон разияллоҳу анҳу халифалиги даврида Қуръон битилган мусҳафларни битта мусҳафга айлантириш ишига ҳам бош-қош бўлди. Бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритилади, иншооллоҳ.

[1] Бухорий (4986).
[2] Бағавий, “Шарҳус-сунна” (4/522).
[3] Абу бакр Сиддиқ фикрича, калола – фарзанди ҳам, отаси ҳам бўлмаган ҳолда вафот этган киши бўлиб, у бу ҳақда шундай деган: “Мен калола ҳақида бир фикрга келдим, агар тўғри бўлса Аллоҳдан, хато бўлса ўзимдан ва шайтондан. Калола отадан ва фарзанддан бошқалар бўлиб, улар ака-укалардир”. Қаранг: “Мавсуату фиқҳи Аби Бакр Сиддиқ” (26-бет).
[4] Ибн Аби Шайба (7/196) ривоят қилган, санади саҳиҳ.
[5] Юқоридаги манба.
[6] “Сияру аъломин нубало” (2/431).
[7] Ҳамад Ажмий, “Ат-тафаввуқ ван-нажоба ало наҳжис-саҳоба” (74-бет).

Изоҳ қолдиринг