Бемор дўстимга мактуб (5)

0

Бемор дўстим, хаста биродарим! Эҳтимол, сизга етган бу дард, бошингизга тушган бу мусибат сизни туғёндан ва исёндан тўсиб қолгандир. Ҳаққа қайтиб, ҳидоятда собит қолишингизга сабаб бўлгандир. Айрим ҳолларда давомий офиятда бўлиш ва неъматларнинг ёғилиб келиши кишини ўз ҳаддини билмай қолишига, туғёнга кетиб қолишига олиб боради. Аллоҳ таоло деди: “Дарҳақиқат, инсон ўзини бой-беҳожат санаган, бойлик қутуртириб, ҳаддан оширган пайтда Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳад-ҳудудларига тажовуз қилади” (Алақ, 6-7). Яъни инсон ўзини бошқалардан беҳожат кўргач, уларга зулму тажовуз қилишни бошлайди.

Бошқа оятда эса: “Биз одамзотга мол-дунё, сиҳат-саломатлик каби неъматларни инъом этсак, неъматларга шукр қилишдан юз ўгиради ва Раббига тоат-ибодат қилишдан узоқ бўлади”(Исро, 83), деб хабар берган.

Зумар сурасининг 49-оятида: “Қачон Биз инсондан бошига етган мусибатларни аритсак ва унга яна Ўз неъматларимизни берсак, у яна Раббига кофир ва Унинг фазлу марҳаматларини инкор қилувчи ҳолига қайтади”, дейди.

Шўро сурасининг 27-оятида: “Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб қўйганида, улар кибру ҳавога берилиб ҳаддиларидан ошган ва бир-бирларига зулму тажовуз қилган бўлар эдилар”, деб айтган.

Аллоҳ таоло аҳли китоблар ҳақида айтган: “… муддат узайгач, қалблари қотиб кетди” (Ҳадид, 16).

Айрим уламолар оятдаги “муддат узайгач”дан мурод – неъматга чўмган вақтлари узайгач, узоқ вақт неъмат ичида, сиҳат-саломат, бой-бадавлат бўлиб яшаб қалблари қотиб қолди, Аллоҳни эсларидан чиқардилар, зикр ва дуони унутдилар, Аллоҳдан сўраш, Ундан умид қилишдан ғафлатда қолдилар, деб айган бўлсалар, айримлари: “Узоқ вақт панд-насиҳат ва маъруза эшитмай қолдилар”, деб айтганлар. Аллоҳ таоло деди: “Биз қай бир шаҳар аҳлига пайғамбар юборган бўлсак ва қавми уни ёлғончига чиқарган бўлса, албатта уларни қашшоқлик ва мусибатларга мубтало қилдик, баданларини дарду касалликлар, молларини йўқотиш билан мусибатладик” (Аъроф, 94).

Мусибат ва касалликлар ортидаги ҳикматлардан яна бири шуки, мўмин кишига бирон мусибат ёки касаллик етса, Аллоҳ таолога ялиниб-ёлворади, барча қилмишларига тавба қилиб, Аллоҳга тоат-ибодат билан бўйин эгиб қайтади. Айтингчи, бундай ҳол сиз учун яхшими ё ёмонми?

Ҳар гал: “Аллоҳим, бошимга тушган бу мусибатларни арит, менга офият бер”, деб дуо қилганингизда сизга савоб ёзилаверади.

Шунда, мабодо шифо кечиккан тақдирда ҳам, дуо ибодат бўлгани учун, ўқиган намозингиз ва тутган рўзангизга савоб олганингиз каби, қилган дуоларингиз учун ҳам савоб оласиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Дуо айни ибодатдир” (Термизий ривояти, 9/544). Шундай экан қайғурманг, сабр қилинг!

Мени маъзур тутасиз, хафа бўлмайсиз, очиғини айтаман, сўзим фақатгина насиҳат бобидан, тўғри қабул қилинг, эй хаста биродарим! Бало-мусибатлар баъзан мартабани юксалтириш учун келганидек, гоҳида қилган гуноҳингиз, бировга ўтказган зулмингиз учун Аллоҳ тарафидан жазо сифатида ҳам бўлади.

Мисол учун, мусулмон киши вабодан вафот этса шаҳид саналади. Демак, вабо мусулмонни шаҳидлик мақомига етказган бўлса, баъзи бир қавмлар учун жазо-уқубат бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Аллоҳ таоло вабони Бани Исроилга  жазо қилиб юборган.

Иймон эгалари уларга етган мусибатлардан ҳамма вақт тўғри фойдалана олганлар. Бирон хато ё камчиликка йўл қўйган бўлсалар, мусибатлар ушбу хато-камчиликларига каффорат бўлади деб, қилган ишларига истиғфор айтадилар.

Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодатда бардавом бўлиб турганларида бало-мусибат етадиган бўлса, бу уларнинг сабрлари ва иймонлари қувватини синаш ҳамда мартабаларини юқори қилиш учун эканини биладилар.

Юқорида ўтганидек, бало-мусибатлар кўп ҳолларда гуноҳлар сабабли келишини мўминлар биладилар. Аллоҳ таоло деди: “Сизларга динингиз ёки дунёйингизда қандайдир бир мусибат етган бўлса, ўзингиз қилган гуноҳ-маъсиятингиз сабабли етади. Раббингиз кўп гуноҳларингизни авф қилади” (Шўро, 30).

Шунингдек мол-дунё, бола-чақа ва баданга етадиган бало-офатларнинг сабаби аксар ҳолларда маъсият, исён ва Аллоҳнинг амрларидан бўйин товлаш бўлади. Буларнинг бари Аллоҳнинг изни билан истиғфор, тавба-тазарру ва дуо билан кўтарилади. Аллоҳ таоло деди: “Модомики улар гуноҳларига истиғфор айтишар экан, Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир” (Анфол, 33).

Ўзларидан содир бўлган гуноҳ-маъсиятга тавба-тазарру қиладилар, тоат-ибодат билан Аллоҳга қайтиб, кўп истиғфор айтадилар, ана шундан кейин бошларига тушган балоларни Аллоҳ аритади.

Гоҳида бандаларни ҳақ йўлга қайтариш учун ҳам бало-мусибатлар келиши мумкин. Бунга далил: “Дарҳақиқат, Биз уларни турли-туман мусибатлар билан имтиҳон қилдик. Улар Раббиларига бўйин эгмадилар. Бошларига мусибат келганда Раббиларига тазарру қилиб, дуо қилмадилар” (Мўъминун, 76).

Бироқ қалбига муҳр урилган бадбахт кимсалар бундан фойда олмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Уларга Бизнинг баломиз келган пайтда улар Бизга тавба тазарру қилсалар эди!! Лекин уларнинг диллари қотиб кетган, қилаётган маъсият ва ширк амалларини шайтон уларга чиройли кўрсатиб қўйган эди” (Анъом, 43).

Балолар бандаларни ҳақ йўлга қайтариш учун ҳам келишига яна бир далил: “Шояд улар Аллоҳнинг тоат-ибодатига қайтсалар, деб уларни турли-туман азоблар билан балоладик” (Зухруф, 48).

Бу каби кўпгина оятлар шуни кўрсатадики, кўпинча бало-мусибатлар одамларни ҳаққа қайтариш, тўғри йўлга солиш учун келади. “Шояд тавба-тазарру қилсалар”, “Шояд тоат-ибодатга қайтсалар”, “Шояд, Аллоҳнинг неъматларини ёдда тутсалар” оятлари буни яққол кўрсатиб турибди. Лекин буни билган билади, фойдаланган фойдаланиб қолади. Аллоҳ Ўзи истаган ишини қилади, У иймон аҳлини ҳидоят қилиб, куфр ва туғён аҳлини ҳидоятдан маҳрум этади.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг