Эй иймон келтирганлар (9): Садақа савобини кетказувчи ишлар баёни

0

Эй иймон келтирганлар, молини риё учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган кишига ўхшаб, қилган садақаларингиз савобини миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Бундай киши бамисоли устини чанг-тупроқ қоплаган силлиқ тош кабики, шаррос ёмғир қуйиб, устидаги тупроқни оқизиб кетиб, сип-силлиқ қилиб қўяди. Риёкорлар қиёмат кунида топган ва сарфлаган дунёларидан ҳеч савобга эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни тўғриликка муваффақ қилмайди” (Бақара, 264).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таолонинг иймон аҳлига қилган нидолари сирру асрорини доимо ёдда тутгинки, иймон исми билан нидо қилинишинг сен учун буюк шараф ва шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Мўмин иймони билан ҳаётдир, нидони эшитади, ибрат кўзи билан кўради, вожибни бажариб, ҳаромни тарк қилади. Зеро ҳақиқий иймон ғайбу ошкор ишлар ҳақида хабар берган Аллоҳ ва Расулини тасдиқлашдир. Иймон инсон учун бамисоли руҳдир. Модомики руҳ танада экан, у ҳаракат қила олади, вазифасини бажаради, руҳ чиқиши билан тана ҳаракатдан тўхтаб, ўлади. Аллоҳнинг нидоларига қулоқ тутар экансан, мана шу ҳақиқатни асло унутма!

Бу нидода Аллоҳ таоло мўминларни қилган садақалари савобини кетказиб қўйишдан огоҳлантирди. Холис қилинган садақа – ажрини кетказиб юборадиган монелардан холи бўлса – нафсни покловчи ибодатга айланади.

Мазкур оятда Аллоҳ таоло садақанинг ажрини кетказадиган ва мўминнинг қилган садақаси унинг нафсини поклашига тўсқинлик қиладиган ишларни баён қилиб берди:

  • Миннат. Миннат катта гуноҳлардан саналади. Миннатчи қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга қарамайдиган, уларни покламайдиган ва уларни қаттиқ азоблайдиган уч тоифанинг биридир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч тоифа кимсаларга қиёмат куни Аллоҳ таоло гапирмайди, уларга қарамайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бўлади: кийимини тўпиқдан пастга тушириб юрувчи, берган нарсасини миннат қилувчи ва молини ёлғон қасам билан сотувчи киши”. Миннат – мўмин биродарига ўзини устун кўрсатиб, берган садақасини қайта-қайта айтишдир. Берган нарсасини айтиб юрадиган кишини миннатчи дейилади. Эй мўминлар, қилган садақангиз савоби йўқ бўлиб кетишини ва Аллоҳнинг ғазабига қолишни истамасангиз, миннат қилишдан сақланинг.

  • Озор. Озор дегани кишига дини, обрўси, жисми ё мол-дунёсида азият бериш, шикаст етказиш демакдир. Бу оятдаги озордан мурод садақа қилинган кишига унинг шаънини ерга урадиган ёки иззатига тегадиган ва обрўсини туширадиган сўзлар айтиб хорлашдир. Ҳолбуки, у мўминдир, Аллоҳнинг дўстидир. Иззаи мўмин ҳаром, дейилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Ким Менинг дўстимга озор берса, унга уруш эълон қиламан”, деган.

  • Риё. Киши одамлардан мақтов истаб ёки маломатдан қўрқиб, амалини кўз-кўз қилиши риёдир. Шундай кишини риёкор дейилади. Риё амални бузади, савобини кетказади. Миннат ва озор билан бўлгани каби риё билан қилинган амал ҳам инсон нафсини покламайди, буларнинг бари садақа савобини йўққа чиқаради. Аллоҳ таоло деди: “Молини риё учун берадиган кишига ўхшаб, қилган садақаларингиз савобини миннат ва озор билан йўққа чиқарманг”. Миннат ва озор каби риё ҳам садақаларни йўққа чиқаради, фақат риё умумийроқ бўлиб, нафақат садақаларда, балки намоз, зикр, Қуръон тиловати, ҳаж, умра, жиҳод, амри маъруф ва наҳий мункар каби ибодатларда ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам риё миннат ва озордан хатарлироқдир. Риё кўпинча Аллоҳга ва охират кунига иймони заиф бўлган кишиларда учрайди. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган кишига ўхшаб” деган сўзлари далил бўлади. Зотан, Аллоҳга ва охират унига иймон келтирган мўмин риё ва бошқа ишлар билан амалини йўққа чиқаришни асло истамайди. Оятда келганидек: “Бундай киши бамисоли устини чанг-тупроқ қоплаган силлиқ тош каби” бўлиб, “шаррос қуйган ёмғир теккач, уни сип-силлиқ қилиб қўйган”, яъни устида бирон нарса қолдирмаган, чунки ёмғир тош устидаги тупроқни ювиб кетиб, силлиқ ҳолига келтириб қўйган. Аллоҳ таолонинг: “топган ва сарфлаган дунёларидан ҳеч савобга эга бўлмайдилар”, дегани маъноси шуки, улар қилган садақаларидан фойдалана олмайдилар, сабаби риё, миннат ва озор билан уни шу дунёнинг ўзидаёқ йўққа чиқариб бўлганлар. “Шаррос ёмғир қуйиб, устидаги тупроқни оқизиб кетиб, сип-силлиқ қилиб қўяди. Риёкорлар қиёмат кунида топган ва сарфлаган дунёларидан ҳеч савобга эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни тўғриликка муваффақ қилмайди”, яъни улар дунё ва охиратда саодатга эриштирадиган ишларга муваффақ бўлмайдилар. Бу оятда миннатчи, мўминларга озор берувчи ва риёкорлар гарчи Аллоҳнинг неъматларига кофир бўлмасалар-да, куфрга яқин эканларига ишора бор. Чунки улар Аллоҳнинг неъматлари шукрини адо этмадилар, уни Аллоҳ буюрган ўринларга сарфламадилар.

Эй иймон аҳли, садақаларимизни йўққа чиқарадиган ишлардан ҳазир бўлайлик. Амалларимиз нафсимизни поклайди, шуни ҳам йўқ қилсак, нафсимиз покланмай қолади. Барчамиз Аллоҳ таолонинг оқ танлию қора танли, арабу ажам, барча одамлар ҳақидаги ҳукмини яхши билайликки, покиза нафс эгалари муваффақият топади, иймон ҳамда солиҳ амаллар билан покланмаган бузуқ нафс эгалари муваффақиятсизликка учрайди. Аллоҳ таоло деди: “Нафсини иймон ва тақво билан поклаган киши нажот топди. Нафсини гуноҳу маъсиятларга кўмиб қўйган кимса эса зиёнкор бўлди” (Ваш-шамс, 9-10).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг