Тавҳид ақидаси: Тавассул – бандани Аллоҳга восита қилиш

0

 

“Тавассул” бирон нарсага яқинлашиш ва унга йўл қидириш маъносида бўлиб, Аллоҳ таолога тоат-ибодатлар билан ва У зотнинг розилигига эргашиш билан яқинлик ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлини излангиз» (Моида, 35).

Тавассул икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Шаръий тавассул.

У ўзи бир неча хил бўлади:

  • Аллоҳ таолога Унинг ўзи буюрганидек, исмлари ва сифатлари билан тавассул қилиш: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Унга ўша исмлари воситасида дуо қилинглар. Унинг исмларида (уларни ноўрин қўллаш билан) ҳақдан оғиб кетадиган кимсаларни тарк этинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланадилар» (Аъроф, 180).

  • Аллоҳ таолога иймон ва яхши амал билан тавассул қилиш. Аллоҳ таоло мўминларнинг сўзларини келтириб, шундай дейди: «Эй Раббимиз, биз: «Раббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаган жарчи (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам нидоларини) эшитдик ва иймон келтирдик. Эй Раббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечир, ёмонликларимизни (номаи аъмолимиздан) ўчир ва бизни яхшилар билан бирга вафот эттир!» (Оли Имрон, 193).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда уч киши ғорда эканида катта харсангтош ғор оғзини тўсиб қўйгани, шунда улар Аллоҳга солиҳ амаллари билан тавассул қилганларида Аллоҳ уларни ғордан халос қилгани айтилган.

  • Юнус алайҳиссалом каби Аллоҳга Унинг тавҳиди билан тавассул қилиш: «У қоронғиликлар ичра: “Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Сен пок Парвардигоримсан. Шубҳасиз, мен ўз жонига зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилди» (Анбиё, 87).

  • Айюб алайҳиссалом каби Аллоҳ таолога ўзининг заиф ва муҳтожлигини изҳор қилиш билан тавассул қилиш: «Раббим, менга зиён-заҳмат етди, Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғисан, (Ўзинг бу зиён-заҳматни мендан аритгин)”, деб дуо қилди» (Анбиё, 83).

  • Ҳаёт бўлган солиҳ кишиларнинг дуолари билан тавассул қилиш. Саҳобалар қурғоқчилик пайтларида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб дуо қилишларини илтимос қилардилар. У зотнинг вафотларидан сўнг амакилари Аббос разияллоҳу анҳудан дуо талаб қилганлар ва у киши дуо қилганлар.[1]

  • Гуноҳни эътироф этиб, Аллоҳга тавассул қилиш: «(Кейин Аллоҳга илтижо қилиб) деди: «Раббим, мен ўз жонимга жавр қилдим. Ўзинг мени кечиргин» (Қасас, 16).

Иккинчи қисм – ношаръий тавассул:

Юқорида шаръий тавассулда зикри ўтган турлардан бошқа нарсалар билан тавассул қилиш. Чунончи, дунёдан ўтиб кетган кишилардан дуо ва шафоат сўраб тавассул қилиш, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жоҳ (ҳаққи-ҳурмат)лари билан тавассул қилиш, махлуқларнинг ўзи ёки уларнинг ҳаққи билан тавассул қилиш каби. Бу ҳақда қуйида батафсил баён қилинади:

1) Ўликлардан дуо талаб қилиш жоиз эмас:

Чунки ўлган одам ҳаётлик пайтида қодир бўлгандек дуо қилишга қодир эмас. Ўликлардан шафоат сўраш мумкин эмас. Умар ибн Хаттоб, Муовия ибн Абу Суфён ва уларнинг ҳузурларида бўлган бошқа саҳобалар ҳам, уларга яхшилик билан эргашган кишилар (тобиинлар) ҳам қурғоқчилик пайтларида Аббос, Язид ибн Асвад каби ҳаёт бўлган кишиларни тавассул қилиб дуо қилардилар. Улар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳам, қабрларидан бошқа жойда ҳам у зотни тавассул қилиб, ёмғир сўраб дуо қилмаганлар, балки у зотнинг ўринларига Аббос ва Язид каби кишиларни восита қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу дуо қилиб айтардилар: «Эй Парвардигор! Биз Сенга пайғамбаримизни восита қилиб сўрардик, Сен бизга ёмғир ёғдирардинг. Мана энди пайғамбаримизнинг амакиларини восита қилиб сўраймиз, бизларга ёмғир ёғдиргин». Улар шаръий йўсинда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш имкони қолмагани учун ҳам шундай қилганлар. Йўқса, агар жоиз бўлса эди, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориб, у зотни восита қилишга бемалол имконлари бор эди.[2] Бундай қилмаганликлари ўликларни на дуолари билан, на шафоатлари билан восита қилишнинг жоиз эмаслигига далил бўлади. Агар у зоти шарифдан вафотларидан кейин ҳам худди тирикликларида бўлганидек дуо ва шафоат сўраш бир хилда мумкин бўлса эди, у зотни қўйиб бошқаларга асло мурожаат қилмаган бўлардилар.

2) Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматларини ёки бошқа бировнинг ҳаққи-ҳурматини восита қилиш жоиз эмас:

«Агар Аллоҳдан сўрасангизлар, менинг жоҳим (ҳурматим)ни восита қилиб сўранглар, чунки Аллоҳнинг ҳузурида менинг жоҳим буюкдир» ҳадиси ёлғон ҳадисдир. У мусулмонлар эътиборли санайдиган бирон китобда келмаган, ҳадис илми олимларидан биронтаси зикр қилмаган.[3] Модомики бир ишнинг далили саҳиҳ бўлмас экан, уни қилиш жоиз бўлмайди. Чунки ибодатлар фақат саҳиҳ ва очиқ далиллар билангина собит бўлади.

[1] Бухорий ривоят қилган.
[2] Мажмуъул фатово (1/318-319).
[3] Мажмуъул фатово (10/319).

Изоҳ қолдиринг