БЎЛИМ
Қабристон ерига тааллуқли масалалар
18 – Қабристон ерининг сифати
Қабр маййит устига ўпирилиб тушмаслиги учун маййитни тупроқли, тошлоқ ва қумли бўлмаган ерга дафн этиш керак. Шунинг учун қуйидагиларга эътибор қаратилиши шариатга мувофиқдир:
Қаттиқ тошлоқ ҳам, юмшоқ қумлоқ ҳам бўлмаган яхши тупроқли ер танлаш.
«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Шунингдек, дафн этиш учун яхши жой танланиб, қабристон қилинади»[1]; яъни имкони борича ана шундай қилиниши матлуб ва тайин қилингандир.
Шунингдек, маййитлар жасадлари муҳофазаси учун қабристон ери селлар оқими ва қудуқ қазиладиган жойлардан узоқда бўлиши шарт. «Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Маййитлар жасадларига зарар етмаслиги учун уларни селлар оқимидан узоқ бўлган пишиқ ерга дафн этиш шарт бўлади»[2].
Оқова, сизинди, нажосат сувлар тўпланадиган ҳавзалар каби нопок маконлардан узоқда жойлашган бўлиши керак.
Ибн Ҳож ал-Моликий: «Маййитга бирор нажосат ва зах таъсир этиб қолмаслиги учун қабрларни ушбу ўринлардан узоқ қилиш лозим бўлади», деди[3].
Миср диёрининг собиқ муфтийси Шайх Абдураҳмон Қурроъа айтади: «“Матн нур ал-изоҳ ва шарҳиҳи” китобида қабрлар устида ёки уларнинг яқинида қазои ҳожат қилиш макруҳи таҳрима (ҳаромга яқин макруҳ) амаллардан дейилган». Иқтибос тугади.
Бундан билинадики, қабристон атрофида ахлат аралашган нажосат сувлар тўпланадиган ҳавзалар ташкил этиш макруҳи таҳрима ҳисобланади ва маййитлардан ушбу азиятни кетказиш лозим бўлади. Чунки инсон ҳаётлик чоғида мукаррам бўлгани каби, вафотидан кейин ҳам мукаррам саналади. Яна бу нарса вақф қилинган қабристон ерининг тайинланиш мақсадига зид ҳамдир, валлоҳу аълам»[4].
«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Мусулмонларнинг қабрларига азият етишидан ҳимоя қилинишини кўзлаган ҳолда, қабристон ёнидан оқова қудуғини кавлаш жоиз эмас, деймиз»[5].
19 – Қабристон ўрни
Баъзи уламолар маййитларни саҳроларга дафн этиш афзал эканини айтишган. Бундан кўзланган мурод: маҳалла-кўчаларнинг торайишига сабаб бўлмаслиги учундир. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини Бақеъга дафн этганлар. Саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейингилар ҳалигача саҳроларда дафн қилиб келинмоқда. Чунки у жойлар охират масканларига ўхшашдир»[6].
Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини Бақеъга дафн этганларидек, ялангликка, очиқ осмон остига дафн қилиш мусумонларнинг суннатидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирортасини том остига, уй ичига дафн қилмадилар, бирортасининг қабри устига том ёпмадилар, девор билан ҳам ўрамадилар. Балки, саҳиҳ ҳадисда у зот қабрлар устига бино қуришдан қайтарганлари собит бўлган. Аммо у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари уй ичига дафн этилганлари боиси, Ойша разияллоҳу анҳо баён этганларидек, агар саҳро каби ялангликка дафн этилганларида, қабрлари масжид қилиб олиниши мумкинлигидан хавфсираш бўлган»[7].
Аммо, агар қабристон шаҳар-қишлоқнинг ўртасида ёки четида жойлашган бўлса ва ундан бирор зарар бўлмаса, кўча-маҳаллалар учун ноқулайлик туғдирмаса, бунинг зиёни йўқ. Ҳатто, яқин жойлашганида манфаат бўлиши мумкин, яъни дафн ва зиёрат қилишда енгиллик пайдо қилади[8].
[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/297, 20158-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[2] Аввалги манба, 7/311, 20309-фатво.
[3] Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Абдарий ал-Фосий Ибн Ҳож ал-Моликий. «Ал-мадхал», 3/251. Муҳаққиқ: Аҳмад ал-Мазидий. «Ал-мактаба ат-тавфиқийя» нашри, нашр йили ва санаси кўрсатилмаган.
Мазкур китоб ўз бобида жуда фойдали бўлиши билан бирга талай бидъатларни ҳам оқлаб берган. Баракаси умид қилинадиган қабр соҳиби ҳузурида дуо қилиш, уларни Аллоҳга васила этиш, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотни Аллоҳга васила қилиш, солиҳ кишилар қабрларини табаррук қилиш мақсадида зиёрат этиш каби бидъатлар шу жумладан. Ҳурматли ўқувчидан ана шу ўринларда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Аллоҳдан офият сўраймиз.
[4] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 4/1175, 576-рақамли фатво.
[5] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/372, 20828-фатво, иккинчи тўплам.
[6] «Шарҳ мунтаҳо ал-иродот», 2/145.
[7] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Қоида азийма фил-фарқ байна ибодоти аҳл ал-ислом вал-иймон ва ибодоти аҳл аш-ширк ван-нифоқ», 64-бет. Муҳаққиқ: Сулаймон ал-Ғусн. «Дор ал-осима» нашриёти, иккинчи нашр, 1417-ҳ.й..
[8] Қаранг: Ал-Мовардий. «Ал-ҳовий ал-кабир», 3/25. Муҳаққиқлар: Али Муаввиз ва Одил Абдулмавжуд. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, 1419-ҳ.й.;
Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 27/190;
Ибн ал-Ҳож. «Ал-мадхал», 3/280.