Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (16)

0

Хуллас, Қуръонни ёдлаш унинг маъноларини тушунишни тарк этиш эвазига бўлмаслиги керак. Асосийси Қуръон маъноларини англашдир. Чунки англаш амалга йўл очади. Мақсад Қуръонни ёдлаш билан бирга маъноларини тушуниш ва тафаккур қилиш бўлмоғи лозим. Кўп ёдлашнинг ўзигина бўлиб қолмасин. Акс ҳолда, кепакка ўхшаб, кўп бўлса ҳам фойдасиз нарсага айланиб қолади. Кўпчилик ва шерикчиликнинг фойдаси ва таъсири кўп бўлгани учун Қуръон ёдлатиш ҳалқаларига ёзилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Бир қавм Аллоҳни ёдга олиб ўтирар экан, албатта уларни малоикалар ўраб олади, раҳмат чулғайди ва уларга хотиржамлик нозил бўлади, Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар (яъни малоикалар) олдида эслайди” (Имом Аҳмад ва Муслим ривоятлари).

Бу йўсинда дарс қилганда ҳам ёдлаш, ҳам тушуниш қўлга киритилади. Ёдланган дарсни давомли такрор қилиб туриш билан дарси пухта бўлади ва унутиб қўймайди. Бу услуб ёдлашга ва тушунишга ёрдам беради. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло учун ихлос қилишни ва талаби илмда яхши ният қилишни ҳам унутмаслик лозим.

Илм ҳам ибодатдир, Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллардан биридир. Холис ният билан ўқилган илм мақбул ва баракали бўлади. Агар ният холис бўлмаса ва Аллоҳнинг розилигини қасд қилинмаса, бу амал бекор бўлиб, олинган илм зое кетади. Гоҳида толиби илм шу мақсадни қўлдан бой беради ва қилган сай-ҳаракатлари пучга чиқади. Яхши ният билан кўнгил ёзилади, даражалар юксалади. Шубҳасиз, бу ҳолат илм олишдан фақат Аллоҳнинг розилигини ва охират кунини кўзланганда ҳосил бўлади. Аммо мақсад мажлислар тўрида ўтириш, фалончи олим деган ном қозониш бўлса, у ҳолда қиёмат куни дўзахга биринчи бўлиб ташланадиган кишига айланади.

Шунингдек, талаба илм таҳсили йўлида олийҳимматли бўлмоғи керак. Кўпроқ илм олиш имкони бўлатуриб озгина илмга кифояланмасин. Пайғамбарлар қолдирган меросдан бир шингилига қаноат қилиб юрмасин. Бирон фойдали илмни таҳсил қилишни қандайдир сабабларга кўра кечиктирмасин. Чунки кечиктиришнинг офатлари бор. Бир илмни ҳозир ўзлаштириб олса,  эртага бошқасини таълим олади. Яъни бўш вақтини, имкониятини, ёшлик даврини, соғлигини, бошида ғам-ташвиши йўқлигини ва ишлари камлигини ғанимат билсин.

Илм талаби йўлида тинимсиз меҳнат, сабру матонат ила иншооллоҳ, мақсадга эришилади.

Мисол учун, шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ оддий соатсоз устадан Ислом оламининг буюк муҳаддисига айланди. Минглаб толиби илмлар унинг илмидан истифода қилиб келмоқда.

Шайх Аҳмад Дийдот болалигида баққол ёрдамчиси бўлиб ишлар эди. Эндиликда йигирманчи асрнинг энг машҳур мунозара қилувчиларидан ва катта даъватчиларидан бирига айланди. Чунки илм олди ва илм таҳсил қилиш йўлида сабр қилди. Аллоҳга бўлган ихлоси ва ўзга дин вакиллари билан мунозарага бўлган эҳтиёж уни шу майдонга элтди. Сабаби, ишлаб турган дўкони католик илоҳиёт университети яқинида эди.

Ақлли аёл қандай манбадан бўлса ҳам таълим олаверади. Китоблардан дейсизми, кассеталарданми, видеоларданми, компютерларданми, бунинг қизиғи йўқ. Балки биз ўз хатоларимиздан ҳам сабоқ чиқарамиз ва қайта ўша хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.

Бироқ, таълим олинадиган манбага ҳаром аралашса, ёмонлик йўлини тўсиш мақсадида ундай манбалардан таълим олмаслик мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан: телеканалларни ўқиш-ўрганиш ва таълим воситаларидан бири деб биламиз, бироқ кўрсатувга ахлоқий бузуқлик, очиқ-сочиқлик аралашадиган бўлса, ундай каналларни томоша қилмаслик керак бўлади.

Изоҳ қолдиринг