Бемор дўстимга мактуб (6)

0

Бало-мусибатларнинг фойдаларидан яна бири шуки, улар туфайли кўпинча унутиб, шукрини адо қила олмаганингиз Аллоҳнинг неъматларини эслайсиз.

Кўзда бир муаммо пайдо бўлиб, кўришга халақит бермагунича кўзнинг нақадар буюк неъмат эканини камчилик одам ҳис қилади.

Ёки қулоқ неъматини инсон қулоғи оғирлашиб, яхши эшитмай қолганда ҳис қила бошлайди.

Икки оёқ Аллоҳнинг катта неъмати эканини улардан бири синиб қолганда ҳис қилинади.

Фарзанд неъматини тирноққа зордан сўранг. Аллоҳ берган бу неъмат қадрига кўпчилик етмайди.

Сочи билан фахрланиб юрадиган соҳибжамол аёл Аллоҳ ато этган қалин ва чиройли сочлари тўкила бошлагач бу неъматни ҳис қилиб, ана шундагина Парвардигорига дуо-илтижо қилиб, бу офатни аритишини сўраб қолади.

Инсон Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари моҳиятини ҳар доим ҳам ҳис қилавермайди: “Биз уларни яратдик ва барча аъзоларини пишиқ-пухта қилдик” (Инсон, 28).

Яъни, инсон хилқатини, унинг ҳар бир мускул ва мушакларини пишиқ қилдик. Инсон бу гапнинг маъносини қачон тўла ҳис қила олади? Қачонки орқасидан келаётган елни ушлаб қолишга қодир бўлмаса, ё бурнидан оқаётан қон тўхтамаса, ё сийдигини тута олмаса, ё бурни доим оқиб турса… Шундагина Аллоҳ таолонинг одамзотга бўлган фазл-марҳаматини англаб етади: “… ва барча аъзоларини пишиқ-пухта қилдик” (Инсон, 28).

Бало-мусибатлар фойдаларидан яна бири шуки, мусибат келган инсоннинг қалби юмшайди ва бошқа мусибатзада инсонлар ҳолини ҳис қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Иймон келтирган кишилар учун диллари юмшаш фурсати етмадими? Муддат узайгач, қалблари қотиб кетган, илгари ўтган аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик фурсати келмадими?” (Ҳадид, 16).

Аллоҳ таолонинг: “Муддат узайгач…” сўзини уламолар икки хил тафсир қилганлар.

Биринчиси: Уларга неъматлар ва офиятлар ичида яшаш муддати узайиб кетди. Шундай бўлгач, қалблари қотиб, қўллари дуо учун кўтарилмай қолди. Бало-мусибатни аритиш, касалликдан офият тилаш ва бошқалар дардига ғам чекиш каби ишлардан узоқлашдилар. Қалб қотса, биродарининг мусибатини ҳис қилмайди. Оёғи синган кишининг дардини бошидан ўтказгангина билади, ҳис қила олади.

Иккинчиси: Панд-насиҳат ва маърузалар эшитишдан узоқлашдилар. Неъматлар мўл-кўл, офият давомли бўлса, одам фикр юритмай қўяди, балки зулм ва туғёнда давом этади.

Аммо мусибатланган ё дардманд кишилар доим Парвардигордан офият ва шифо сўрайдилар. Аллоҳ таоло бошларига тушган дардни аритиши учун Унга яқин қиладиган ишларни излаб юрадилар. Аллоҳ таоло пайғамбарлар ҳақида: “Шубҳасиз, улар ҳар бир яхши ишга ошиқар, ҳузуримиздаги ажру савобларга рағбат қилиб ва азобимиздан қўрқиб Бизга дуо қилар, хокисорлик ила Бизга бўйсуниб, таъзим қилар эдилар”, дейди (Анбиё, 90).

Демак, синов ва мусибатлар бизни мусибатзада, яъни бошига иш тушган ва дардман кишилар ҳолини ҳис қилиш, уларга ҳамдард бўлиш, меҳрибонлик кўрсатиш ва ёрдам қилиш каби яхшиликларга ундар экан.

Синов-имтиҳонларнинг фойдаларидан яна бири шуки, бошга мусибат тушганда дўст-душманни ажратиб оласиз.

Вафодор дўст билан бевафони кенгчилик пайтда билиш қийин, аммо бошингизга мусибат тушса, садоқатли дўстингиз ёнингизда бўлади. Қўлидан келган барча чорани ва бор имкониятини ишлатиб сизга ёрдам бериш ва қийин ҳолатингиздан қутқариш ҳаракатида бўлади. Чиқиш йўлларини ахтаради. Сизга ҳамдард бўлади, қалби юмшаб, сизга раҳми келиб, кўзларидан ёш тўкади. Мусибатингиз тезда аришини умид қилади.

Бошга иш тушганда садоқатли дўстлар ажралади. Бири: “Бизга нима хизмат?” деса, бошқаси сизга хайрихоҳ эканини намоён қилади. Хизматга ўғлини юборадиган, таниш-билишларини ишга соладиганлар чиқади. Ўзи қодир бўлмаса, Аллоҳнинг изни билан ташвишингизни аритиш қўлидан келадиганларга сизни йўллайди. Хуллас, вафодор дўстлар елиб-югурадилар, мусибатни аритишини сўраб Аллоҳга дуо-илтижолар қиладилар.

 Айни дамда ичи қора “дўстингиз” эса сизни юпатмоқчи бўлса-да, ичида хурсандлигини юзи сотиб қўяди. Сизга нисбатан ичида адовати бўлганлар бошингизга тушган мусибатдан шодлигини ўтиришларда ошкор қилади. Одам суратидаги чиябўрилар мусулмонлар орасида бузуқликлар ёйилишини истайди. Қутурган итдек ташланиб, мусулмонлар обрўсини тўкишга ҳарис бўлади. Мусулмонларни ғийбат қилиб, гўштларини чайнаб, уларга туҳмату бўҳтонлар ёғдириб, қоринларини ўлакса билан тўлдиради. Бошингизга иш тушмасдан олдин бундайлар сизга хайрихоҳ бўлиб кўринади, сиздан фойда  топмагач, ичидаги фужурини чиқариб, таъна тошларини ота бошлайди.

Ҳамма вақт ҳам шундай бўлиб келган, бошингизга мусибат тушганида атрофингиздаги инсонлар сараланади.

Фазилат эгаларини, вафодор дўстларни ғанимат билинг, суҳбатларидан баҳра олинг. Садоқатсиз, сохта “дўстлардан” ҳазир бўлинг! Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ нопокни покдан ажратиши учун…” (Анфол, 37).

Ёру дўстлар ва биродарларга қайта назар солинг. Лойиқ бўлганларини ўзингизга яқин тутинг, ўзингиз ҳам уларга яқинлашинг. Қилган хизматлари, яхшиликлари, маслаҳат ва насиҳатлари учун миннатдорчилик билдиринг, розилик сўранг!

Нолойиқларини ўзингиздан узоқ қилинг, ўзингиз ҳам ундайлардан узоқлашинг. Ҳазир бўлинг!

Уларга қўшилиб, сиз ҳақингизда ножўя гаплар айтган ва хатосини англаб, узр сўраган кишилар узрини қабул қилинг, кечиринг.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг