Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Муртадларга қарши урушлардан олинадиган сабоқлар, ибратлар ва фойдалар

0

 

  • Ғалаба сабаблари ва муваффақият шартларини вужудга келтириш

Аллоҳнинг дини ерда мустаҳкам ўрнашиши ва ғалаба қозониши ҳамда хавф-хатар ва қўрқув ҳолатининг тинчлик-омонлик ҳолатига ўзгариши Аллоҳ таолонинг ваъдасидир. Аммо бунинг учун мусулмонлар ғалабага олиб борадиган сабабларни ва муваффақият қозониш учун зарурий шартларни амалга оширишлари керак бўлади. Қуръони карим ғалабага эришиш ва уни ушлаб қолиш учун зарур шартларни очиқ баён қилган. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилганлар учун агар улар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилсалар ва Унга бирор нарсани шерик қилмасалар, худди ўтмишда ўтган мўминларга қилганидек мушрикларнинг ерларига уларни ворис қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни, яъни Исломни азиз ва ғолиб қилишни, уларнинг ҳолатларини қўрқувдан хотиржамликка ўзгартириб қўйишни ваъда қилди. Энди шундан кейин – мушрикларнинг ерларига эгалик, хотиржамлик, ғалаба ва тўла ҳукмронликка эришилгандан кейин ким Аллоҳга куфрони неъмат қилса, ўшалар Аллоҳнинг тоатидан чиқувчилардир. Аллоҳнинг раҳматига эришишларингиз учун намозни тўкис адо қилинглар, закотни ҳақдорларга беринглар, Пайғамбарга итоат қилинглар” (Нур сураси, 55, 56).

Демак, ояти каримада айтилганидек, ғалабанинг шартлари қуйидагилар:

  • иймон келтириш (барча маънолари ва барча рукнлари билан);

  • солиҳ амалнинг барча турларини қилиш;

  • эзгулик ва яхшиликнинг ҳар қандай турига интилиш;

  • ибодатни кенг маъносида амалга ошириш;

  • ширкнинг ошкор ва махфий барча турларига қарши уруш очиш.

Ғалабани қўлда ушлаб туриш учун албатта намозни тўкис адо этиш, закотни ўташ ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла итоат бўлмоғи зарур бўлади.

Абу Бакр Сиддиқ ва бошқа рошид халифалар даврида ушбу шартларга тўла-тўкис амал қилинди. Аввало Аллоҳ таолонинг фазли, қолаверса Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг қатъиятли бошқаруви умматни ғалабалар сари етаклади.    Зеро, аъробийлар закотни улардан соқит қилинишини талаб қилишганида Абу Бакр Сиддиқ қатъиян рад этди, Усоманинг қўшинини йўлга чиқаришда қатъият кўрсатди, шариатга тўкис амал қилинишига қаттиқ эътибор қаратди, на катта, на кичик бирон нарсада дин душманларига асло ён бермади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин шундай аҳволга тушган эдикки, агар Аллоҳ бизга Абу Бакр билан марҳамат кўрсатмаганида ҳалок бўлаёзган эканмиз. Биз закот беришдан бош тортганлар билан арзимас чорва моллари деб урушмаслик фикрида эдик, аммо Аллоҳ Абу Бакрни уларга қарши урушишга азму қарорли қилди. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр уларга бор-будларидан маҳрум қилувчи уруш ёки шармандали сулҳдан бирини танлашдан бошқа ихтиёр қолдирмади”[1].

Аллоҳ таоло айтади: “Эй мусулмонлар, уларга қарши имкон қадар қурол-яроғ билан жанг ҳозирлигини кўрингизки, бу билан Аллоҳнинг душманлари ва ўз душманларингиз қалбига қўрқув соласиз ва сизларга ҳозирча адовати кўринмай турган ва сизлар билмайдиган, бироқ Аллоҳ уларнинг кимлигини яхши биладиган бошқа кимсаларни ҳам қўрқитиб қўясиз. Аллоҳ йўлида озми кўпми мол-дунё сарфласангиз, сизларга шу дунёнинг ўзида унинг ўрни тўлдириб берилади ва савоби қиёматга ҳам олиб қўйилади. Сизларга унинг ажридан бирор нарсани камайтириб зулм қилинмайди” (Анфол сураси, 60).

  • Ғалабага эришиш сабабларини йўлга қўйгани

Абу Бакр Сиддиқ душман билан тўқнашишга етарлича руҳий-маънавий ва моддий тайёргарлик кўрди. Урушга сафарбарлик эълон қилди, байроқлар тикди, қўмондонлар тайин қилди, муртадлар билан ёзишмалар олиб борди, саҳобаларни муртадларга қарши урушишга, қурол-аслаҳа, от-улов йиғишга ундади, жангчиларни барча зарур ашёлар билан таъминлади, бидъат, жаҳолат ва хурофотга қарши курашди, шариатни ҳоким қилди, бирлик, бирдамлик ва бирлашиш пойдеворларини мустаҳкамлади, ҳаммани ўзига муносиб вазифаларга қўйди, Холид ибн Валидни қўшин қўмондонлигига, Зайд ибн Собитни Қуръонни жамлаш вазифасига, Абу Барза Асламийни ҳарбий жўнатмалар (почта) ишига бош этиб тайинлади ва ҳоказо. Қолаверса, хавфсизлик ва хабарлашув (медиа) ва бошқа жиҳатларга ҳам етарлича эътибор қаратди.

  • Шариат ҳукмига сўзсиз бўйсунгани

Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврида саҳобалар шариат ҳукмларига сўзсиз бўйсунишлари натижасида Аллоҳ таоло уларга ғалаба ва иззат ато этди. Улар ўзлари ҳам, аҳли оилалари ҳам Аллоҳнинг ҳукмларига тўла-тўкис амал қилишарди, Аллоҳнинг шариати уларнинг ҳаётида тўла ҳоким эди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло уларни қувватлади, куч-қувватларини зиёда қилди ва уларга муртадлар устидан ғалаба берди, тинчлик-омонлик ва барқарорлик неъматини туҳфа этди. Аллоҳ таоло айтади: “Иймон келтирган ва иймонларини зулмга аралаштирмаган кишилар ана ўшалар учун хотиржамлик ва омонлик бордир. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир” (Анъом сураси, 82).

Аллоҳнинг Ўз динига ёрдам берганларга ёрдам бериши ҳақидаги қонунияти уларда рўёбга чиқди. Чунки Аллоҳнинг шариатига изчил амал қилувчиларга душманлари устидан ғалаба беришга Унинг Ўзи кафил бўлган. Аллоҳ таоло айтади:  “Ким Аллоҳнинг динига ёрдам берса, албатта Аллоҳ унга нусрат-ғалаба беради. Шубҳасиз, Аллоҳ енгилмас қудратли ва ҳеч  ким бас келолмайдиган кучлидир. Биз нусрат ваъдасини берганлар шундай кишиларки, агар уларга ерда имконият берсак ва уларни ерда ғолиб ва ҳукмрон қилсак намозни тўкис адо этадилар, закот берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. Барча ишларнинг оқибати Аллоҳгадир” (Ҳаж сураси, 40, 41).

Башарият тарихи бўйлаб қачон бир жамоат Аллоҳнинг ҳидоятида барқарор турган бўлса, албатта Аллоҳ уларга куч-қудрат, ғалаба ва ҳукмронлик берган[2].

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврида барча фазилатларга кенг йўл очилди, барча разолатлар йўли ёпилди.

 

[1] “Ал-комил фит-тарих” (2/21).
[2] “Фий зилол ал-Қуръон” (4/270).

Изоҳ қолдиринг