Эй иймон келтирганлар (10): Закотни ҳалол-пок нарсалардан бериш вожиб ва нопок нарсалардан бериш ҳаром

0

Эй иймон келтирганлар, ишлаб топганингиз ҳалол-пок нарсалардан ва Биз сизлар учун ердан чиқариб қўйган нарсалардан инфоқ қилинглар! Улардан ўзингизга берилса истамайгина оладиган паст навлиларини танламанглар. Билингларки, Аллоҳ беҳожат, ҳамду-санога лойиқ зотдир” (Бақара, 267).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо мўмин инсонни саодатга элтувчи ва унинг қалбини покловчи бир неча илоҳий таълимотларни ўзида мужассам этган:

  • Садақани ҳалол-пок моллардан чиқариш вожиблиги;

  • Нопок нарсалардан садақа қилиш ҳаромлиги;

  • Мўмин киши ўзи эга бўлган чорва молларининг закотини ўташи фарз экани. Туя, мол, қўй-эчкилар закоти чиқариладиган чорвалар бўлиб, нисобга етса ва бир йил тўлиқ ўтган бўлса, закотини ўташ фарз бўлади. Булардан ташқари олтин, кумуш ва ҳозирда улар ўрнини босадиган, одамлар орасида муомалада бўлган қоғоз пул ва банкнотлар ҳам нисобга етиб, бир йил тўлиқ ўтган бўлса, улардан закот чиқариш фарз бўлади.

  • Ердан чиқадиган буғдой, арпа, маккажўхори, зайтун, майиз ва хурмо каби мевалар ва дон-дунлар нисобга етган бўлса ҳамда озиқ-овқатликка ва сақлаб қўйишга яроқли бўлса, улардан закот чиқариш фарз бўлади. Қалампир, пиёз, саримсоқ каби озиқ-овқат бўлмаган нарсалардан закот берилмайди. Шунингдек, тарвуз, бодринг, анор, анжир, олма, апелсин каби озиқ-овқат бўлса-да сақлаб қўйишга яроқли бўлмаган мевалардан ҳам закот чиқарилмайди. Ердан униб чиққан ва озиқ-овқатлик ва сақлаб қўйишга яроқлилик шарти топилмагани сабабли закот фарз бўлмаган ҳар қандай нарсадан садақа қилиш мустаҳабдир.

Бу нарсаларнинг нисоби қанча эканини биласизми?

Туялар сони бештага, қорамоллар ўттизтага, қўй-эчкилар қирқтага етган бўлса, закот чиқариш фарз бўлади.

Дон-дун ва хурмонинг нисоби беш васақдир. Бир васақ олтмиш соъга, бир соъ эса ўртача жуссалик кишининг тўрт ҳовучига тенгдир. Бу тахминан 150-160 килога тўғри келади.

Пул ва қимматбаҳо қоғозларда эса 85 грамм тилло қиймати нисоб ҳисобланади.

Чорва ҳайвонлари нисобини билдик, аммо нисобга етганидан сўнг улардан қандай закот чиқарилади, деб савол берилса, айтамиз:

Ким бешта туяга эга бўлса, закотига битта қўй бериши, туяси ўнта бўлса иккита қўй, ўн бешта бўлса учта қўй, йигирмата бўлса тўртта қўй бериши фарз бўлади. Туялар сони йигирма бештага етса, битта “бинти махоз”, яъни бир ёшни тўлдириб, икки ёшга ўтган урғочи туя беради.

Ким ўттизта қорамолга эга бўлса, битта бир ёшли мол бериши фарз бўлади.

Қўй-эчкиларда эса, қирқта қўйи бор одам битта қўй бериши фарз бўлади. Бундан зиёдасини чорва моллар закотига оид фиқҳ китобларидан ўрганиб олишингиз мумкин. Қуйида мазуга оид қисқача жадвални келтирамиз.

Сон

Туя

Сон

Мол

Сон

Қўй

25

Бинт махоз[1]

30

Бир ёшли мол

40

Битта қўй

36

Бинт лабун[2]

40

Икки ёшли мол

121

Иккита қўй

46

Ҳиққа[3]

40 дан кўп

Ҳар ўттизтага битта бир ёшли ва ҳар қиртага битта икки ёшли мол

201

Учта қўй

61

Жазаъа[4]

201 дан тепаси

Ҳар юзтага битта қўй

76

Иккита бинт лабун

91

Иккита ҳиққа

120

Ҳар қирқтага битта бинт лабун ва ҳар элликтага битта ҳиққа

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ким бешта туяга эга бўлса, то туялари сони ўнтага етгунига қадар битта қўй бериши фарз бўлади, ўнтага етгач иккита қўй беради. Аммо шу оралиқдаги яъни беш билан ўн оралиғидаги сонларда закот йўқ, олти, етти, саккиз ва тўққизинчи туялар вақс[5] дейилади, буларга закот берилмайди. Қўйларда ҳам худди шундай, қирқта қўйга битта қўй, бир юз йигирма биттага иккита қўй берилади, шу оралиқдаги қўйлардан закот олинмайди, буни эслаб қолинг.

Аллоҳ таолонинг: “Улардан ўзингизга берилса, истамайгина оладиган паст навлиларини танламанглар”, деган сўзига диққат қилинг. Бундан паст навли, арзимас молларни ажратиб, закот ўрнида бериш ёки садақа қилишда ҳам сифатсиз, чириган, яроқсиз нарсалар бериш ҳаром экани келиб чиқади. Ўзингизга  шундай нарсалар берилса қабул қилармидингиз, “ўзингга буюрсин”, деб эгасига қайтариб юборсангиз керак. Олсангиз ҳам берган кишини ранжитмаслик учун истамайгина, кўз юмиб туриб оласиз, шундай эмасми ахир? Ушбу оятдан тушуниладиган маъно шудир.

Сўзимнинг охирида Аллоҳ таоло бу нидода: “Билингларки, Аллоҳ таоло беҳожат, ҳамду санога лойиқ зотдир”, деб эслатганини мен ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, Аллоҳ садақа қилувчининг садақасига муҳтож, деган ўй хаёлингизга келиб, берган садақангизни асло миннат қилиб қолманг тағин. Ёки закот олганлар Аллоҳни мақтаб, Унга ҳамду санолар айтиши учун Аллоҳ закотни фарз қилган, деган фикр кўнглингизга келмасин.  Йўқ, асло ундай эмас, Аллоҳ таоло садақаларингиздан беҳожат, Ўзининг фазлу марҳамати, бандаларига инъом-эҳсони, комил ва улуғ сифатлари билан ҳамду санога лойиқ, барча ҳолатда мақталувчи зотдир. Осмонлару ердаги, дунёю охиратдаги барча ҳамду сано Аллоҳга хосдир.

[1] Бир ёшни тўлдириб, икки ёшга ўтган урғочи туя

[2] Икки ёшни тўлдириб, уч ёшга ўтган эркак туя

[3] Уч ёшни тўлдирган урғочи туя

[4] Тўрт ёшни тўлдирган урғочи туя

[5] Узилган, ноқислик

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг